3:45

Қурбонлик гўшти

MP3

Narrator1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Биласизки бир неча асрлардан буён халқимиз ҳар Қурбон Ҳайити байрамида ва бошқа маросимларда жонлиқ қурбонлик қилишади. Хўш, сиз билан бизга бу жонлиқнинг гўштидан тайётланган таом ейишимиз мумкинми? Ёдингизда бўлса, ҳаворийлар ва бошқа имонлилар ҳам шу масалада иккиланиб қолишган эди. Бу мавзуни сиз билан бирга кенгроқ кўриб чиқамиз. Исо Масиҳга имон келтирган одамлар, агар уларни пайшанбаликларга, худойи ошларга, Қуръон хатми муносабати билан бериладиган зиёфатларга қурбонликлар сўйилганда таклиф этишса, бориши керакми ёки йўқми? Бу масалага келганда, масиҳий биродарлар орасида: «Йўқ, бормаслик керак, чунки», деб мана бу оятни далил қилиб келтирадиганлар бор: «Бинобарин, Эгамиз шундай деган: «Халқлар орасидан чиқинглар, улардан ажралиб чиқинглар, ҳаромга қўл теккизманг!» 2Кор 6:17. Улар: “Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган, биз ҳаромга қўл теккизмаймиз”, деб қўшнилари, қариндошлари ва дўстлари билан борди-келди қилмай қўядилар.

Narrator 2 Хўш, сиз нима дейсиз? Худонинг наздида нима қилсак оқилона иш қилган бўламиз? Бу саволларга жавоб беришдан олдин келинглар, ҳазрати Исо Масиҳнинг ҳаётига назар солайлик. Исо (а.с) Ўз хизматини бошлаганларида, Ўзи ҳақида, Осмондаги Отамиз ҳақида, Муқаддас Руҳ ҳақида , Илоҳий Салтанат борасида одамларга таълим беришни бошлаганида, ер юзида битта ҳам масиҳий йўқ эди. Шундай бўлса ҳам У одамлар орасидан кетиб қолмади. Аксинча, иложи борича халқнинг ичида юриб, одамлар нима еса еб, нима ичса ичиб, улар билан бир бўлди. «Сўнгра Леви ўз уйида Исо шарафига катта зиёфат берди. Меҳмонлар орасида бир гуруҳ солиқчилар ва бошқа одамлар бор эди. Фарзийлар ва уларнинг мазҳабидан бўлган тафсирчилар норози бўлиб, Исонинг шогирдларига дедилар: «Нега сизлар солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб-ичиб ўтирибсизлар?» (Лқ 5:29-30).

Narrator 1 Солиқчилар ўша даврда Рим мустамлакачилари қўлида хизмат қилаётган, ўз халқини талаб, жабр ўтказаётган ёмон одамлар эди. Халқ улардан нафратланар, ҳароми одамлар, гуноҳкорлар, деб улар билан борди-келди қилмасди. Исо Масиҳ шу шаҳардаги солиқчи Заккайнинг уйига борди ва ўша куни Заккай ўзгарди. Исо шундай жавоб берди: «Бугун бу хонадонга нажот келди, чунки бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғлидир. Инсон Ўғли йўқолганни излаб топиш ва уни қутқариш учун келган». Кўряпсизми, халқ уларни ҳаромхўр гуноҳкор, деб ҳисобласа ҳам ҳазрати Масиҳ уларнинг уйига бораверган, улар билан бирга овқат еган. Нега? Чунки улар ҳам нажот топсин, деб шу йўл билан уларга Хушхабарни етказмоқчи эди. Раббимиз Исо Масиҳ учун гуноҳкорларнинг нима еб, нима ичаётгани эмас, балки нажот топиши муҳим эди. Демак, одамлар Раббимиз Исо Масиҳга ишониши учун Масиҳнинг Сўзини эълон қилишимиз керак.

Narrator 2 Агар бошқалар билан борди-келди қилмасак, ёлғиз юрсак, Масиҳнинг Сўзини қандай қилиб одамларга етказамиз? Унда «улардан ажралиб чиқинглар, ҳаромга қўл теккизманг!» деган оятни қандай тушунишимиз керак? Масалан, меҳмондамиз, бировнинг уйида ўтирибмиз. Одамлар спиртли ичимликлар ичиб, уят сўзлар айтиб ўтирибди. Агар биз маст қилувчи ичимликлар ичмасак, бузуқ сўзларни тилга олмасак, улардан ажралиб турган бўламиз, ҳаромга қўл теккизмаган бўламиз. Энди агар еб-ичиш масаласига келсак: «Исо халқни ёнига чақириб, деди: «Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар! Оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади». Яъни оғиздан кирган нарсалар сизни ҳаром қила олмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top