Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон ота-оналар. Бугун ҳам отанинг ўз фарзандига бериши мумкин бўлган марҳаматлари рўйхатини давом эттирамиз. Кейинги баракалардан бири бу отанинг Руҳий Табиати. Қандай қилиб отанинг Руҳий Табиати фарзанд учун марҳамат бўлиши мумкин, дейсизми? Албатта, бўлади. Ўйлаб кўринг, ота қанчалик Худога яқин бўлса, унда Масиҳнинг табиати яққол кўрина бошлайди. Бизда, “Қуш инида кўрганини қилади”, деган мақол бор. Демак, отанинг руҳий табиати фарзандга чиройли ва тўғри намуна сифатида ўтади. Баъзан ота-оналар болалар билан бирга дастурхон устида ибодат қилсак, бирга Калом ўқисак, шу билан уларни Худога йўналтира оламиз, деб хато ўйлайдилар. Йўқ. Бунинг ўзи етарли эмас. Ота-онанинг руҳий ҳолати фарзандларга ҳам таъсир қилади. Қийинчиликларда отанинг қанчалик даражада Худога суяниши ва Унинг иродасига бўйсуниши ҳамда имони кўриниб қолади.
Narrator 2 Фарзандлар эса бу манзарани кўрмай қолишлари мумкин эмас. Муқаддас Китобда оталарга, “фарзандларни Раббимизнинг таълим тарбияси билан ўстириш” буюрилган. Отанинг оиладаги руҳий етакчилиги фарзандларга кучли таъсир қилишини Худованд билган. Отанинг имонини ўрнак қилиб олиш бу фарзандларнинг машина минишни ўрганишига ўхшайди. Бу амалда ўрганиладиган жараён. Фарзанд отасидан қийин ва таранг вазиятларда ўз ҳиссиётларини жиловлаб туришни, сабр-тоқат билан шошилмай тўғри қарор қилишни ўрганади. Бунинг учун отадан фақат Худога яқин юриш ва Унинг иродасидан чиқмаслик талаб этилади. Бундай отага эга бўлган фарзандлар келажакда Худони мамнун қиладиган инсонлар бўлишади. Кейинги марҳаматнинг номи раҳмдиллик. Баъзилар раҳмдиллик аёлларга тегишли сифат деб ўйлайди. Чунки болаларининг йиқилганини кўрган оналар, “Кела қол болам, кел сени қучоқлаб қўяман. Оғридими?”, дейишади.
Narrator 1 Оталар эса бундай пайтда, “Тур, ҳеч нима қилмайди. Шунга ҳам йиғлайдими, ўғил боламисан, ўзи?”, дейишади. Аммо Худо оталарнинг қалбига ҳам раҳмдилликни солган чунки Унинг Ўзи раҳмдил Худованд. Болалар йиқилганда ёки бирор қийинчиликка учраганда оталар ҳам оналар ҳам бирдек раҳмдиллик кўрсатсалар, бу фарзанднинг соғлом ривожланишига ва ўсишига ёрдам беради. 2 Коринфликларга 1:3 оятда шундай ёзилган, “Раббимиз Исо Масиҳнинг отаси Худога, ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо — марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин! Ҳар хил азоб–уқубатларга учраганимизда Худо бизга тасалли беради. Шундай экан, биз ҳам азоб чекаётган инсонга тасалли бера оламиз. Худо бизга берган тасалли билан уни овунтира оламиз.” Оталар кўпинча жиддий ва ҳукмрон кўринишда бўлади, бироқ фарзандларнинг дардига, оғриқларига раҳмдиллик қилиш ва тасалли бериш инъоми уларга ҳам берилган.
Narrator 2 Ғамхўрлик қилиш. Бу отанинг фарзандига бериши мумкин бўлган яна бир марҳамати. Оталар фарзандидаги кичик бир муаммони кўрсалар, тезда ёрдамга ва маслаҳатга шошиши уларнинг ғамхўрлигидан далолат беради. Севги ва ғамхўрлик ҳаётнинг асосий деталларидан бири. Оталар фарзандига севишини тез-тез айтиб турмасалар ҳам, буни ўз ғамхўрликлари ва эътиборлари билан кўрсата оладилар. Ахир, бизнинг Осмондаги Отамиз бизнинг энг яхши намунамиз-ку! Суҳбатимиз охирида Каломдан бир оятни эшитинг, “Иккита чумчуқ бир тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам Отангизнинг хоҳишисиз ерга тушмайди. Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган. Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.”