Ассалому алайкум. Уйнинг озода ва саранжомлиги уй бекасининг қандай инсон эканлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам, бекаларимиз доимо озодаликка эътибор қаратишга ҳаракат қиладилар. Аммо шунга қарамай уйдаги нохуш ҳидлар бекаларнинг ишини ва ҳаракатларини йўққа чиқаради. Аслида бундай ёқимсиз ҳидлар айрим микроорганизмлар ҳаётий фаолиятининг ривожланиши оқибатида юзага келади. Аммо баъзан димоққа беҳос урилувчи айрим нохуш ҳидларни бартараф этишга қанча уринмайлик, бунинг ҳеч иложи бўлмайди. Микроблар билан курашишнинг энг мақбул йўли озодалик ва гигиена қоидаларига амал қилишдир. Бугун қуйидаги оддий, аммо самарали кўмакчилар ёрдамида хонадонимиздаги муҳитни яхшилашни биргаликда ўрганамиз. Уйдаги ҳаво – бу хонадон бекасининг нафақат тоза-озодалиги, саришта-саранжомлигини билдиради.
Истанг, денгиз нафасини таратувчи, турли цитрус мевалар исини эслатувчи ёки баҳор ифорини улашадиган аэрозол воситаларни танлашингиз мумкин. Бироқ бундай воситаларнинг бўйи оила аъзоларимизнинг барига ҳам бирдек ҳуш ёқавермайди. Шунингдек, аэрозол таркибидаги кимёвий бирикмаларнинг ўткир ҳиди, хонани шамоллатганингиздан кейин ҳам ҳавода узоқ вақт сақланади ва бу саломатлигимизга таъсир қилади. Айниқса, ёш болали бекажонларимиз бундай воситалардан фойдаланмасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Негаки, улар боланинг нафас олиш тизимида турли замбуруғларни ривожлантириб, кўнгилсиз аллергик ҳодисаларни чақириши эҳтимолдан холи эмас. Ёстиқ ва гилам ўткир ҳидларни ўзига тез сингдиради. Шу сабабдан, гилам юзасига тез-тез катта кристалли тузни бир неча муддатга сепиб қўйинг. Гилам сиртини намланган юмшоқ чўтка кўмагида артиб, сўнгра чанг ютгич билан тозалаб олинг.
Ёстиқларни эса, очиқ ҳавода бир неча соатга қолдиринг, ёстиқ жилдларини нашатирли сув аралашмасига намланган дока билан енгил артиб олсангиз, мириқиб дам олаётганингизда димоғингизга келган ўткир ҳидлардан кўнглингиз беҳузур бўлмайди ва уйқунгиз бузилмайди. Чиғаноқ (раковина)дан сув қайтиб чиқиши натижасида юзага келадиган ёқимсиз ҳид кўпчилик уй бекаларга яхши таниш. Унга қарши қуйидагича курашишимиз мумкин: чиғаноқ ичига ва сув оқадиган қисмига 1-2 ош қошиқ ош содасидан сепиб қўйинг ва 15-20 дақиқадан сўнг устидан қайноқ сув қуйиб юборинг. Шундан сўнг, идиш ювиш воситаси ёрдамида чиғаноқ сиртини тозалаб, яна қайта иссиқ сув қуйиш лозим. Пойабзаллардаги бадбўй исни йўқотишда активлаштирилган кўмир кўмагига таянинг. Бунинг учун кукунни тоза пайпоқ ичига сепиб, ботинка ва кроссовкалар ичига жойлаштиринг.
Шунингдек, перекис водородли (2 дона таблетка 1 стакан сувга солинади) ёки марганцовкали аралашмада пойабзал ичини енгил намланган мато билан артиш ҳам самарали натижа беради. Музлатгичдан одатда муддати ўтган маҳсулотлар ҳамда овқат қолдиқларининг айниши натижасида нохуш ҳид таралади. Музлатгич очилганда бундай вазиятга тушишни истамасангиз, унинг деворларини тез-тез уксус аралаштирилган совуқ сув билан артиб туринг. Токчалар бурчагига қора нон бўлакларидан териб қўйинг, туз, ичимлик содаси ҳамда активлаштиришган кўмир кукунидан сепинг ёки алоҳида идишчаларга солиб қўйинг. Бироқ идишчалар ичидаги маҳсулотларни ҳар уч-тўрт кунда алмаштириб туришни унутманг. Ҳар бир маҳсулотни усти ёпиқ идишларда сақлашни ёки полиэтилен халтача билан маҳкамлашга одатланинг.