MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар, “сизлар Масиҳ билан бирга тирилган экансиз, юқоридаги, Масиҳ бўлган жойдаги нарсаларни изланглар; У самода Худонинг ўнг томонида ўтирибди.

Фикрингиз ер юзидаги эмас, самодаги нарсалар билан банд бўлсин. Чунки, сизлар ўлгансизлар, янги ҳаётингиз эса Масиҳ билан Худо ҳузурида пинҳондир. Ҳаётингизнинг ўзи – Масиҳдир.

У оламга қайтиб зоҳир бўлгач, сизлар У билан бирга улуғвор тусда зоҳир бўласизлар”, — деб ёзилган Колосияликларга мактубининг 3 боби 1 ва 4 оятларида. Инжил Хушхабари мажусий жамиятларга кириб борар экан, у турли хилдаги фалсафалар ҳамда номасиҳий фикрларга дуч келди.

Бу фикрлар ҳаворийлар эълон қилаётган Хушхабарга қарама-қарши эди. Янги Аҳд мактубларидаги хавотир шундан иборат эдики, Эски Аҳд пайтидаги Худо халқи каби, Янги Аҳд пайтида ҳам жамоат мажусийларнинг фикрларини қабул қилишга мойил эди.

Бу нарса Масиҳ жамоати учун доимий хавф эди. Аммо ҳақиқий хавф масиҳийлик таълимотига тўғридан-тўғри қарши чиқилиши эмас, балки жамоатнинг ўзи сезмаган ҳолда масиҳий фикрларни мажусий фикрларга ўзгартириши эди.

Муаммо туғдирган гуруҳлардан бири яҳудий қонунчилари бўлиб, улар Хушхабарга яҳудий қонун-қоидаларни қўшиш керак, деб таълим беришарди. Бошқа бир гуруҳ гностиклар бўлиб, улар Юнон фалсафаси ва динидаги унсурларни Хушхабарга қўшган ҳолда, Хушхабарни заифлаштиришга ҳаракат қилишарди.

Одатда масиҳийларга “Сиз нажот топганмисиз” саволига ўтмиш, ҳозир ҳамда келажакка боғлиқ равишда жавоб бериш керак, деб ўргатилади. Яъни, “Ҳа, мен нажот топганман, нажот топяпман ва келажакда нажот топаман,” жавобида ҳаётимиздаги нажот йўли кўрсатиб берилган.

Ўтмишда “нажот топганман” деганда, Масиҳнинг биз учун қилган мукаммал ва тўла-тугал иши назарда тутилади. Ҳозирги кунда “нажот топяпман” деганда Муқаддас Руҳ ичимизда амалга ошираётган иш, Хушхабарни бизнинг ҳаётимизга қўллаб, бизни янада кўпроқ Масиҳ суратига ўзгартириб бориши тушунилади.

Келажакда “нажот топаман” деганда, бизда содир бўлаётган жараён биз учун тайёрлаб қўйилган мукаммал нажотга ўзгариши, барча нарсаларнинг янгиланишини билдиради.

Нажотнинг мана шу уч жиҳати оқланиш, муқаддасланиш ҳамда улуғворликкка эришиш сўзларига тўғри келади. Янги Аҳдда бизга кўрсатиб берилган ҳақиқат шуки, Худонинг нажот режасининг мақсади – барча нарсаларни тўғри муносабатга қайта тиклашдир.

Худо Ўзининг бу режасини Масиҳ шахси ва Унинг нажот иши орқали амалга оширади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top