Ассалому алайкум азиз дўстлар. Азизлар, Худо Ўз халқини имон орқали Масиҳ билан бир тан қилади, бу орқали Масиҳдаги мукаммаллик уларга ўтган ҳисобланади. Энди улар Масиҳда бўлганликлари туфайли, Худо Ўз Руҳи ва Хушхабари орқали ҳар бир масиҳийда ҳамда бутун масиҳийлар жамоатида ҳақиқий муносабатни қайта тиклаш жараёнини бошлайди.
Ниҳоят, Масиҳ улуғворликда қайтиб келган пайтда, бутун яратилган коинотнинг нажот иши ўз якунига етади. Муқаддас Китоб илоҳиётининг асосий вазифаларидан бири — Худо нажотининг ваҳий қилиб берилиши босқичлари орасидаги муносабатни кўрсатиб беришдир.
Масиҳнинг биз учун қилган иши билан Масиҳ Ўз Муқаддас Руҳи орқали ҳозирги пайтда бизнинг ичимизда қилаётган иши ўртасида қандай боғлиқлик бор? Бу савол кўпгина масиҳийларни қийнаб келадиган савол эканига Жамоат Тарихи ҳам гувоҳлик беради.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Хушхабар билан масиҳий ҳаёт ўртасидаги боғлиқлик нима? Ё бўлмаса, оқланишнинг муқаддасланиш билан қандай алоқаси бор? Янги Аҳддаги мактубларга қарайдиган бўлсак, масиҳий яҳудийлар учун катта муаммо Хушхабар билан қонун ўртасидаги алоқа муаммоси бўлган.
Биз буни иноят ва хайрли ишлар ўртасидаги алоқа орқали ҳам изҳор қилишимиз мумкин. Биз Хушхабарга ишониш орқали имон келтирамиз, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Аммо, мана шу Хушхабар қандай қилиб масиҳий ҳаётда ўсиш ёки муқаддаслашишни олиб келади? Янги Аҳдни синчиклаб ўрганиб чиқадиган бўлсак, шунга амин бўламизки, биз Хушхабарни тарк этиш орқали эмас, балки Хушхабарга асосланиб ҳаёт кечириш орқали буларга эриша оламиз.
Янги Аҳд мактубларида кўпгина муаммолар ҳақида гап боради, уларнинг кўпчилиги Хушхабарни ҳаётнинг маълум жабҳасига тадбиқ этмаслик орқали келиб чиққан. Демак, муаммонинг ечими қуйидагича: биз Хушхабарни фикрлашимиз ҳамда ҳар бир хатти-ҳаракатимизнинг марказига жойлаштиришимиз керак.
Шунда Хушхабар ҳаётимизда ўзига лойиқ жойни эгаллаган бўлади. Худо Исода бизлар учун қилган иши ва бизлар учун ҳозирги пайтда қилаётган иши ўртасидаги боғлиқлик Янги Аҳдда турли йўлларда кўрсатиб берилган.
Юҳанно баён этган Хушхабарда, Масиҳга ишониш ҳамда У орқали абадий ҳаётга эришишга катта урғу берилган. Бутрус эса тирик тошлар орқали Масиҳнинг янги маъбад қуришга келиши ва янги Исроилнинг бир қисми бўлиши ҳақида гапириб ўтган.
Павлус ҳам бу икки масала ўртасидаги муносабатни ўзига хос усулда талқин қилиб, бунда у асосий эътиборни Исо билан бирлашиш, бир тан бўлишга қаратган эди. Шунинг билан азизлар, мавзумизга якун ясаймиз. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com хайр саломат бўлинг.