MP3

Ассалому алайкум азиз дўстлар. Эски Аҳдда Худо Ўз халқига Ўзи танлаган вакил воситасида нажот берган, уларни ўша вакил орқали қутқарган. Ўша пайда Худо нажот бериш учун шоҳ ёки руҳонийни вакил қилиб танлаб олган, улар бутун халқ номидан вакил сифатида хизмат ўтказишган.

Ҳар бир яҳудий эса «шоҳда» ёки «руҳонийда» бўлиш орқали ўша нажотни қабул қилган. Павлус «Масиҳда» ҳамда «Масиҳ билан» ибораларини қўллаганда Эски Аҳддаги ўша ҳақиқатга ишора қиляпти.

Шу каби, энди ҳар бир имонли ҳам «Масиҳдадир.» Павлус Масиҳ билан бир тан бўлиш илоҳиёти орқали айтмоқчи бўлган нарса шуки, биз фақат имон билан оқланамиз дегани, гуноҳкор ҳаёт кечирсак ҳам бўлади, дегани эмас.

Павлус ўз илоҳиётида мана шу нотўғри тушунчани вайрон қилишга ҳаракат қилади. Масиҳ ҳар қандай ҳақиқий воқеликнинг энг олийси бўлиб, биз У билан бир тан бўлдик, яъни, биз Масиҳда янги ижод бўлдик.

Шундай экан, биз мана шу ҳақиқатларга кўра яшашимиз керак. Муқаддас Руҳ мана шу ҳақиқатларни бизнинг ҳаётимизга тадбиқ этади, шунинг учун бизнинг Масиҳдаги ҳаётимиз Руҳдаги ҳаёт ҳамдир.

Инсонга ўз шахсий ҳаётига боғланиб қолиб, бошқа нарсаларни эътибордан қочириш жуда осон. Шу сабабли, келинг, орқароқ туриб, кенгроқ, каттароқ манзарага қарайлик.

Эски Аҳд пайғамбарлари нажот кунининг келиши ҳақида гапириб, унда улуғвор шоҳликнинг намоён бўлиши, Худо халқининг нажотга эришиши ва мукаммалликка етказилишини айтиб ўтишган.

Аммо, пайғамбарлар бу шоҳлик қай тарзда келиши ёки бу жараён қанча давом этиши ҳақида айтишмаган. Уларнинг тасвирларидан оладиган таассуротга кўра, бу якуний улуғворлик кўз очиб юмгудек тез содир бўлиши керак.

Пайғамбарлар бу воқеанинг содир бўлишига ҳали вақт борлигига шама қилишса-да, шоҳликнинг очиқдан-очиқ келиши ҳамда у бутун коинотни қамраб олишини таъкидлаб ўтишган.

Янги Аҳдда эса, бу шоҳлик аввалига Исо Масиҳда келиши, шундан сўнг эса Хушхабар орқали бутун дунёга етиб бориши кўрсатиб берилган. Мана шундан сўнггина шоҳлик очиқдан-очиқ келиб, бутун коинотни қамраб олади.

Масиҳнинг биринчи ҳамда иккинчи келиши ўртасидаги даврда масиҳийлар бу дунёнинг эски, уларга ёт бўлган тартиби билан, ўткинчи тана билан ҳамда иблис билан курашишади.

Бу икки қарама-қарши тартиб бор экан, жангу кураш давом этади. Шунинг билан азиз дўстлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top