Ассалому алайкум. Ҳаётий кузатишлар шуни кўрсатадики, чақалоқнинг соғлом ўсишида яна бир омил бор, бу – ўрнини ҳеч қандай озуқа боса олмайдиган она сутидир. Абу Али Ибн Сино китобларида ўғил болани онаси 30 ой, яъни 2,5 ёшгача, қиз болани эса 24 ой, яъни икки ёшгача эмизиш кераклигини таъкидлаган. Она сути билан боқилган бола тайёр антителага эга бўлиб, ўз антибактериал фаоллигини оширади. Айниқса, дастлабки 6 ой мобайнида унинг вужуди ҳаддан ташқари нозик ва таъсирчан бўлгани учун ҳам ўз онаси томонидан ишлаб чиқилган тайёр озуқа уни ҳар қандай ташқи хавфдан ҳимоялайди. Шуни унутмаслик керакки, биз она сутининг фойдали томонлари ҳақида қанчалик кўп гапирмайлик, агар унинг таркиби талабга жавоб бермаса, барчаси бекор. Демак, онанинг овқатланиш рационида гап кўп.
Агар у ўз овқатланиш тартибини тўғри белгилаб, унинг таркибида гўшт, сут, балиқ маҳсулотлари, меванинг барча хиллари, сабзавот турлари, ёрма ва дуккакли озуқаларнинг меъёрида бўлишига эътибор қаратса, демак, боланинг иммун тизими тўғри ривожланишига замин ҳозирлайди. Она сути таркибидаги лактоферрин моддаси айнан иммунитетни тўғри шакллантиришда жуда катта аҳамиятга эга. Лактоферрин бола организми учун зарур бўлган фермент ажратади. Ана шу фермент қонда айланиб, бола организмини маълум бир стимулга солиб туради. Тиббиётда иммунтанқислик ҳодисаси ҳам учрайди. Буни иммунология фани қандай асослайди? Иммунтанқислик иммун тизими етишмовчилиги туфайли рўй беради. Баъзан иммунитети пасайиб кетибди ёки кучайибди, деган гапда ҳам жон бор.
Туғма иммунтанқислик ҳомила ривожланиши давомида онанинг юқумли касалликлар билан оғриши, камқонлик, баъзи бир дори-дармонларни ноўрин қабул қилиш ҳамда озиқ-овқати таркибида оқсил моддалари етишмовчилиги туфайли юзага келади, шу билан бирга ирсиятга ҳам боғлиқ ҳолати йўқ эмас. Бола ҳаёти давомида орттирилган иммунитет етишмовчилигига эса сурункали вирусли инфекциялар, қишлоқ хўжалигида кенг қўлланиладиган заҳарли химикатлар, сурункали хасталикларга берилувчанлик, нурланиш ва бир хил дориларни узоқ муддат истеъмол қилиш ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Қолаверса, қайси минтақада экологик муаммолар кўпроқ кузатилса, ўша жойдаги аҳоли орасида иммунитет етишмовчилиги аниқланмоқда. Оролбўйи ҳудуди аҳолисида учраётган касалликларни ўрганиш ана шу хулосани берган. Иммун жавоб реакциясининг ҳаддан ташқари кўтарилиб кетиши эса аллергия ва аутоиммун касалликларини келтириб чиқаради.
Бунинг сабаби эса баъзи вируслар, медикаментлар, озиқ-овқат таркибидаги турли консервант, яъни сунъий қўшимчалар, кимёвий моддалар, аллергенлар ва бошқа омиллар эканлиги кузатилган. Иммун тизими етишмовчилиги профилактикасида умумий тавсиялар – шахсий гигиена, тўғри овқатланиш, меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш энг зарурий қоидалардир. Лекин болани соғломлаштиришда фақат шахсий фаолиятнинг ўзи етарли эмас. Айниқса, ёшлар тафаккурида ижтимоий ёки умуминсоний қадриятларга нисбатан тўғри муносабатни шакллантирмай туриб, унинг иммун тизимини соғлом ривожлантириш ҳақида фикрлаш ўзини оқламайди. Ёки экология таъсирида рўй берадиган иммунтанқсилик учраса, демак, бола экология асосларини чуқур эгалламаган. Қисқаси, агар бола туғилган илк даврдан бошлаб уни соғлом ривожлантиришнинг барча имкониятларини ишга солсак, унда ҳеч қандай иммунтанқислик муаммоси кузатилмайди.