3:28

Доғларни кетказиш усуллари

MP3

Ассалому алайкум. Истаймизми-йўқми, барибир кийимимиз, мебель ёки гиламимизга сиёҳ, қаҳва ёки бирор ичимлик тўкилиши мумкин. Улардан эса хунук доғ қолади. Бугун биз сизга ана шундай доғлардан қутулиш йўлларини ўргатамиз. Аксарият янги доғларни совун, сода ёки бошқа ювиш воситалари ёрдамида осонгина кетказса бўлади.  Доғни дастлаб қуруқ чўтка билан, сўнгра намланган чўтка билан артинг. Доғларни энг чекка қисмидан бошлаб марказ томон тозалаш даркор. Акс ҳолда доғ сувалиб, бошқа жойларга ҳам тарқаб кетади. Шунингдек, спирт ва кислоталар айрим бўёқларни ўчириши, ацетон ва уксус кислотаси ацетатли ипакдан тайёрланган матоларни, хлорли оҳак эса пахтадан тайёрланган матоларни яроқсиз қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун доғларни кетказишда эҳтиёткорлик талаб қилинади.

Винодан қолган доғни кетказиш: Доғни водород пероксиди билан артинг, бунинг учун ярим стакан сувга 1 чой қошиқ водород пероксиди қўшилади ва совуқ сув билан ювинг. Бу усул фақат оппоқ матолар учун мос келади. Янги доғнинг устига нам туз сепинг ва ярим соатдан сўнг совунли илиқ сувда ювинг. Лаб бўёғидан қолган доғни кетказиш: Агар кийим оқ бўлса, доғни водород пероксидида артиш ва кейин совунли сувда ювиш керак. Агар рангли кийим бўлса, скипидар ёки эфирдан фойдаланинг. Агар бу ёрдам бермаса, кийимнинг ҳар икки томонидан доғ устига салфетка қўйинг, озгина талкон сепинг ва ўртача ҳароратда қиздирилган дазмолни юргизинг. Агар доғ теккан кийим мовут ёки ипак матодан бўлса, доғли жойни спирт шимдирилган матода артинг. Ёғдан қолган доғни кетказиш: Бундай доғларни бензин, скипидар ёки ацетон ёрдамида кетказиш мумкин. Доғни четларидан бошлаб ўртасига томон бензинда намланг.

Сўнгра устига салфетка қўйинг ва иссиқ дазмол босинг. Рангли пойабзални доғдан тозалаш учун пиёз сувидан фойдаланинг. Чарм пойабзаллардаги ёғ доғини содали аралашмада намланган мато ёрдамида кетказиш мумкин  (0,5 стакан сувга 10 грамм сода солинади). Гиламдаги доғни кетказиш: Гиламга ёпишиб қолган сақични йўқотиш учун унинг устига муз қўйинг ва сақич қотишини кутинг. Сўнгра сақични уқалаб олиб ташланг. Қаҳва ёки чойдан қолган доғларни глицерин ва совуқ сув ёрдамида кетказса бўлади (1 литр сувга 1 ош қошиқ глицерин). Жундан тўқилган гиламлардаги доғ уксус ва спирт аралашмасида кетказилади. Сунъий толадан тўқилган гиламлардаги доғни совуқ сувда тозаланг. Гиламга пиво тўкилиб кетса, доғни совунли илиқ сувда намланг. Сўнгра уни уксус қўшилган илиқ сувда (1 литр сувга 1 чой қошиқ уксус қўшилади) ювинг. Қизил винодан қолган доғ совуқ сув ва озгина нашатир спирти аралашмасида кетказилади.

Сиёҳдан қолган эски доғни уксус кислотаси, спирт, лимон шарбати ёки лимон кислотаси қўшилган сув ёрдамида йўқотиш мумкин (1 стакан илиқ сувга 1 чой қошиқ). Сўнгра доғ ўрнини совунли сувда артиб, қуруқ матода қуригунига қадар артинг. Янги доғларни илиқ сутга ботириб олинган чўтка ёрдамида кетказиш мумкин. Мебелдаги доғни кетказиш. Агар мебель устига бриллиант яшили (зелёнка) ёки сиёҳ тўкилиб кетса, доғни оддий қалам ўчиргич ёрдамида артиб ташланг. Паркетдаги ёғли доғларни кир ювиш кукуни қўшилган илиқ сувда йўқотиш мумкин. Бунинг учун кукунли аралашмани доғ устига суртинг ва эрталабгача қолдиринг. Эрталаб доғ ўрнини илиқ сувда ювиб ташланг. Кейинги суҳбатларимизни ҳам ўтказиб юборманг ва бизнинг www.dilkashradio.com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top