Салом азизлар. Худонинг сизнинг ўсишингиз ва эркинлигингиз учун режаси бошқа Масиҳийларни ҳам ўз ичига олади. Ҳақиқий ва самимий биродарчилик сизнинг ёлғиз ўзингиз бартараф бўлолмайдиган гуноҳдан халос қилиш учун малҳам ҳисобланади. “Шундай қилиб, шифо топишингиз учун, бир-бирингиз олдида қилган гуноҳларингизга иқрор бўлинглар ва бир-бирингиз учун ибодат қилинглар. Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир.” (Ёқуб 5:16) Сизга қаттиқ ёпишиб олган ва енгиш имконсиз бўлган васвасадан халос бўлишни истайсизми? Худонинг режаси аниқ: Уни яширишга ҳаракат қилмай, унга иқрор бўлинг! Уни яширмасдан, уни очиб ташланг. Ҳиссиётингизни очиқ намоён қилиш шифо топишнинг бошланишидир.
Жароҳатингизни яширишингиз уни баттар кучайтиради. Муаммолар қоронғуликда катталашиб бораверади, аммо қачонки ҳақиқат нурига чиқарилса улар қисқаради. Сиз ўзингизнинг сирларингизчалик хастасиз. Шунинг учун ниқобингизни ечиб, комилликка даъвоингизни тўхтатинг ва эркинликда юринг. Бир жамоатда биз ташкил қилган “Шифони Қутланг” номли дастур орқали бир қанча кишиларни қаттиқ васвасалардан ва бир қанча умидсиз ҳоллардан қутулганликларининг гувоҳи бўлганмиз. Бу Каломга ҳамда Исонинг гўзал сўзларига асосланган саккиз босқичли шифоланиш жараён бўлиб, кичик гуруҳларда ташкил қилинган. Кейинги ўн йил давомида анчагина киши турли одатлар, жароҳатлар ва оғриқлардан озод бўлдилар. Бугунги кунда ушбу дастур бир қанча жамоатларда қўлланиляпти. Мен бу дастурни сизнинг жамоатингиз учун ҳам тавсия қиламан. Шайтон сиздан васвасаларингиз ва гуноҳларингиз ягона эканлигини ҳақида ўйлаб уларни сир сақлашингиз кераклигини ҳоҳлайди.
Ҳақиқат шуки ҳаммамиз ҳам бир кемадамиз. Ҳаммамиз ҳам бир хил васвасаларга дучор бўламиз ва “ҳаммамиз ҳам гуноҳкор”. Миллионлаб кишилар сиз ҳис қилганингиздек ҳис қилганлар ва ҳозир сиз дучор бўлаётган қийинчиликларга дучор бўлганлар.
Биз ўз хатоларимизни яширишимизнинг сабаби кибрдир. Биз бошқаларни бизнинг ҳар бир ишимиз назоратда деб ўйлашларини ҳоҳлаймиз. Ҳақиқат шуки, сиз гапиролмайдиган ҳар қандай нарса аллақачон ҳаётингизда назоратдан чиққандир: молиявий муаммоларингиз, турмушингиз, фарзандларингиз, фикрларингиз, жинсийлигингиз, яширин одатларингиз ёки бошқа ҳар қандай нарсалар. Агар сиз буни ўзингиз ҳал қила олганингизда аллақачон ҳал қилардингиз. Аммо сиз ўзингиз бажаролмайсиз. Иродангиз ва шахсий аҳдларингиз етарли эмас.
Баъзи муаммолар ўзингиз ҳал қилишингиз учун ҳаддан ташқари сингиб кетган, одатга айланган ва катталашиб кетгандир. Сиз учун сизга далда берадиган, ёрдам берадиган, сиз учун ибодат қиладиган, сизни шартсиз севадиган ва маъсул бўлган кичик гуруҳ ёки маъсул ҳамкорга муҳтожсиз. Кейин сиз ҳам улар учун шундай қила оласиз.
Қачонки бирор киши менга, “Ҳозиргача буни ҳеч кимга айтганим йўқ” деса мен у кишидан хурсанд бўламан, чунки биламанки у киши катта енгиллик ва озодликни ҳис қилишни бошлайди. Босим кучидан эркин бўладилар ва илк бор келажаклари учун умид учқунини кўрадилар. Ўзимизнинг қийинчиликларимизни бирор художўй ўртоғимизга айтганимизда биз Худонинг айтганини қилган бўламиз.
Бордию, ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.