Салом азизлар. Хозирги замонда биз тезлик ҳақида хавотирланамиз, аммо Худо учун тезликдан кўра кучлилик ва барқарорлик муҳимдир. Биз дарҳол тузалишни, қисқача йўлни ва тезда ечимни ҳоҳлаймиз. Биз муаммоларимизни тезда ҳал қиладиган, васвасаларимизни тезда йўқотадиган ва бизни кучайиб бораётган оғриқдан халос қиладиган маъруза, семинар ва тажрибани ҳоҳлаймиз. Аммо ҳақиқий етуклик ҳеч қачон қанчалик кучли ва таъсирли бўлмасин биргина тажрибадан иборат эмас. Ўсиш кетма-кетликда амалга ошади. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Улуғворликдан улуғворликка ўтганимиз сари, Раббимизнинг суратига томон ўзгармоқдамиз; бу эса Раббимизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда.” (2 Коринфликларга 3:18)
Хўш, нима учун бу нарса шунча узоқ вақт олади? Худо бизни тезда ўзгартира олсада, У бизни секинлик билан ўстиришни ҳоҳлайди. Исо шогирдларини тарбиялашни аниқ режа асосида амалга оширган. Худо Исроилликлар енгилмасликлари учун Ваъда Қилинган Ерни “кам кам” эгаллашларини айтганидек, Худо бизнинг ҳаётимизда секин қадамлар билан ортиб борадиган даражада ишлайди. Нима учун ўсиш ва ўзгариш шунча узоқ вақт талаб қилади? Бунинг бир қанча сабаблари мавжуд.
Биз секин ўрганувчилармиз. Биз бирор дарсни яхши ўзлаштиришимиз учун уни қирқ ёки эллик марта қайта-қайта такрорлашимиз керак. Муаммо яна бир марта содир бўлса, биз “Бошқа бундай бўлмаслиги керак эди! Мен буни аллақачон ўрганган эдим” деб ўйлаймиз. Лекин Худо биздан кўра яхшироқ билади. Исроилнинг тарихи биз Худо ўргатган нарсани қанчалик тез унутишимиз ва олдинги ўзлигимизга қанчалик тез қайтишимизни очиб берди. Биз қайта қайта такрорлашга муҳтожмиз. Биз бир қанча унутишимиз керак бўлган нарсалар бор. Кўп кишилар маслаҳатчига бориб, йиллар давомида мавжуд муаммони ҳал қилишни сўрайдилар, “Сизнинг бу муаммони ҳал қилишингизга муҳтожман. Мен бир соат шу ердаман.” Улар узоқ муддат мавжуд бўлиб келган муаммони, чуқур илдиз отган қийинчиликни тезда ҳал бўлишини кутадилар.
Бизнинг муаммоларимиз – барча ёмон одатларимиз – бир кечада ривожланмагани учун, биз улардан дарҳол қутулишимиз реал эмасдир. Бир неча йиллар давомида шаклланган вайронагарчиликни бартараф қилиш учун бирор дори, ибодат ёки тамойил йўқ. Бу қаттиқ ишлаш ва алмашинишни талаб қилади. Муқаддас Калом буни “эски ўзликдан халос бўлиш” ва “янги ўзликка эга бўлиш” деб атайди. Сиз тавба қилганингизда янги табиатга эга бўлсангиз ҳам, сизда эски одатлар, шакллар ва тажрибалар ҳали ҳам мавжуд ва улар ўчиришилиши ва алмашиниши керак.
Биз ўзимиз ҳақимиздаги ҳақиқатларни учратишдан қўрқамиз. Мен олдин таъкидлаб ўтганимдек, ҳақиқат бизни озод қилади, аммо аввал бизни ғамгин қилади. Биз характеримиздаги камчиликларни самимийлик билан қарши олишдан қўрқишимиз бизни рад этиш қамоғида сақлайди. Қачонки Худо Ўз ҳақиқат нурини бизнинг хатоларимиз, муваффақиятсизлигимиз ва уятларимизга порлатганида биз уларда ишлай оламиз. Шунинг учун ҳам сиз камтар ва ўрганувчан муносабатсиз ўсолмайсиз.
Бордию, ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.