Салом азизлар. Худо турли хилликни яхши кўрганидан ва У бизни махсус бўлишимизни ҳоҳлагани учун бир инъомни ҳаммага ҳам беравермайди. Шунингдек, бирор киши ҳамма инъомларга ҳам эга бўлолмайди. Агар сизда уларнинг ҳаммаси бўлганида эди, сиз Худонинг ҳаётингиздаги мақсадларидан бири – бошқаларни севиш ва уларга таянишни инкор қилган бўлар эдингиз. Сизнинг руҳий инъомларингиз сизнинг шахсий фойдангиз учун берилмаган, балки бошқаларга сизнинг манфаатингиз учун берилган инъомдек сизга ҳам бошқаларнинг манфаати учун берилган. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Муқаддас Руҳ умумий манфаат учун ҳар кимда алоҳида фаолият кўрсатади.” (1 Кор 12:7) Бир-биримизга керак бўлишимиз учун ҳам Худо буни шундай режалаштирди. Агар биз ҳар биримиз инъомларимизни биргаликда қўлласак, ҳаммамиз манфаат кўрамиз.
Агар бошқалар ўзларининг инъомларини қўлламасалар, сиз алданасиз ва агар сиз инъомингизни ишлатмасангиз бошқалар алданади. Шунинг учун ҳам бизга руҳий инъомларимизни аниқлаш ва ривожлантириш буюрилган. Сиз бирор марта инъомингизни аниқлаш учун вақт сарфлаганмисиз? Очилмаган инъом фойдасиздир.
Агар биз инъомлар ҳақидаги умумий ҳақиқатларни унутсак, бу жамоатда ташвишни келтириб чиқаради. Икки асосий муаммо “инъом рашки” ва “инъом баҳоланиши”дир. Биринчи муаммо агар биз инъомимизни бошқаларнинг инъоми билан таққослаганда, Худо бизга берганидан қониқмаганимизда, аччиқланганимизда ёки Худо бошқаларни қандай ишлатаётганидан ҳасад қилган вақтда юзага келади. Иккинчи муаммо биз бошқалардан биздаги инъомни кутиб, худди биз бажараётганимиз каби улардан ҳам шуни кутишдир. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Хизматлар ҳар хилдир, Раббимиз эса биттадир.” (1 Коринфликларга 12:5)
Баъзида руҳий инъомлар Худо сизни хизматга тайёрлаши учун шакллантирилади. Сизнинг инъомларингиз хизматингиз учун Худонинг иродасини аниқлашда муҳим рол ўйнайди. Муқаддас Калом қалб деган тушунчани бир қанча ҳоҳиш ва истаклар, умидлар, қизиқишлар, орзулар, ҳаёллар ва интилишларни тасвирлаш учун ишлатади. Сизнинг қалбингиз барча интилишларингизни тасвирлайди: сиз нимани севишингиз ва нимага кўпроқ меҳрибонлик кўрсатасиз. Ҳаттоки бугунги кунда ҳам биз “Мен сени чин қалбимдан севаман” деганда шу нарсани назарда тутамиз.
Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Сув инсоннинг юзини акс эттиргани каби юраги ҳам унинг кўзгусидир.” (Сулаймон Ҳикматлари 27:19) Сизнинг қалбингиз ҳақиқий кимлигингизни кўрсатади – сиз чиндан қандайсиз, бошқалар сиз ҳақида нима ўйлаши ёки атроф муҳит сизни мажбур қилгани эмас. Сизнинг қалбингиз сиз ишлатаётган сўзларни нима учун ишлатаётганингизни аниқлайди, нима учун шундай ҳис қилаётганингизни ва нима учун шундай ҳаракат қилаётганингизни кўрсатади.
Жисмоний жиҳатдан ҳар биримизда ягона юрак уриши мавжуд. Худди бизда турли хил бармоқ изи, кўз нусхаси ва овоз намунаси бўлгани каби, ҳар биримизда турлича юрак уриши бор. Шуниси ажабнарларлики, сиздан илгари яшаган ва ҳозир ҳам яшаётган кишиларнинг бирортасида ҳам сизникига ўхшаган юрак уриши бўлмаган. Худди шундай, Худо бизга ҳис-туйғули юрак уриши берганки, биз бирор мавзу, ҳаракат ёки вазиятлар ҳақида ўйлаганимизда бу жумбушга келади. Азизлар, бордию, ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.