Салом азизлар. Ердаги ҳаётий топшириғингизни бажариш Худо улуғворлиги учун яшашнинг муҳим қисмидир. Муқаддас Калом нима учун топшириғингиз муҳимлиги ҳақида бир қанча сабабларни айтади.
Сизнинг топшириғингиз Исонинг ердаги вазифасининг давомидир. Унга эргашувчилар сифатида биз Исо бошлаган ишни давом эттиришимиз керак. Исо бизни фақат Унга келишимизга эмас балки У учун боришимизга ҳам чақиради. Топшириғингиз шунчалик муҳимки, Исо уни беш марта, беш хилда ва Муқаддас Каломдаги беш китобда такрорлаган. Бу гўёки У “Мен сиздан ҳақиқатан ҳам буни тушунишингизни ҳоҳлайман!” деб айтаётгандек. Бу беш топшириқни ўрганиб чиқинг ва сиз ердаги топшириғингизни аниқлаштириб оласиз – қаерда, қачон, нима учун ва қандай қилиб.
Буюк Топшириқда Исо шундай деган, “Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.” (Матто 28:19-20) Бу топшириқ фақатгина чўпонлар ва хизматчиларга эмас, балки ҳар бир эргашувчига берилган. Бу ихтиёрий эмас, балки Исодан келган сизнинг топшириғингиздир.
Исонинг ушбу сўзлари Буюк Таклиф эмас. Агар сиз Худо оиласига тегишли бўлсангиз сизнинг топшириғингиз мажбурийдир. Бунга эътиборсизлик, бўйсунмаслик бўлар эди.
Сиз Худо сизни атрофингиздаги имонсизлар учун у ерда маъсулиятли қилиб қўйганидан бехабар бўлишингиз мумкин. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Агар Мен фосиққа “Сен ўласан”, деб айтсаму, сен эса ўша одамни бу ҳақда огоҳлантирмасанг, ўша одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун, уни фосиқ йўлидан қайтармасанг у одам ўз гуноҳи учун ўлади, бироқ унинг хунини Мен сендан талаб қиламан.”(Эзекиел 3:18) Сиз баъзи кишилар биладиган ягона Масиҳий бўлишингиз мумкин ва сизнинг топшириғингиз улар билан Исони бўлишишдир.
Сизнинг топшириғингиз ажойиб имтиёздир. Бу жуда катта маъсулият бўлсада, бу Худо томонидан келадиган ақл бовар қилмас шарафдир. Павлус шундай деган, “Буларнинг ҳаммасига Худо сабаб бўлди. У Масиҳ орқали бизни Ўзи билан яраштирди ҳамда одамларни Худо билан яраштириш хизматини бизга берди.” (2 Коринфликларга 5:18) Сизнинг топшириғингиз икки имтиёзни ўз ичига олади: Худо учун ишлаш ва Унинг вакили бўлиш. Биз Худо билан Унинг Шоҳлигини қуришда шерик бўламиз.
Павлус бизни “шерик” бўлишга чақиради ва шундай дейди, “Худонинг ҳамкорлари сифатида, Унинг иноятини бефойда қабул қилмасликни сизлардан илтимос қиламиз.” (2 Коринфликларга 6:1)
Азизлар, бордию, ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.