Ассалому алайкум. Табиий гўзалликни яна ҳам ошириб кўрсатишни истамайдиган аёл бўлмаса керак. Қиз-жувонлар юзларининг жозибадор бўлиши учун гоҳо қимматбаҳо пардоз воситаларидан фойдаланишади, баъзида эса косметологлар қабулида соатлаб навбат кутишади. Ваҳоланки, юз териси тўғри парвариш қилинса бундай оворагарчиликларга ҳеч хожат йўқ. Парвариш учун эса уй шароитидаги оддий муолажаларни қўлласа ҳам бўлади. Салқин ҳавода кўпинча ёноқлар қизариб, носоғлом тус олади, сабаби нимада? Териси таъсирчан аёлларда бундай қизиллик кўп учрайди. Улар қўллайдиган пардоз воситаларида спирт, алоэ, ялпиз мойи бўлмаслиги керак. Таъсирчан терини тозалаш учун гил тупроқдан ҳафтада бир марта фойдаланиш лозим. Мойчечак дамламасига 2 дона аскорутин таблеткаси қўшиб аралаштириб, у билан кунига бир неча марта юзни артса наф беради.
Юз териси таъсирчан аёлларга маслаҳатимиз шундай: совуқ кунда кўчага чиқишдан олдин юзга ниқоб суртинг. Ниқоб ўсимлик мойига крахмал қўшиб тайёрланади (2 ош қошиқ ёққа 1 чой қошиқ крахмал солинади). Ёноқлар ва бурун қизариши қолмаса, ҳафтада бир неча марта совунли кўпик тайёрлаб суртиш керак. Унинг учун болалар совунини қирғичдан ўтказиб, унга глицерин, сув қўшилади. 3 ош қошиқ сувунга 1 чой қошиқдан сув ва глицерин керак бўлади. Қон томирчалари кўриниб, юзи қизариб турадиганлар шоколад, қаҳва, аччиқ чой, зираворларни камроқ истеъмол қилишлари лозим. — Баъзан юз териси қуруқшаб, дағаллашади ва пўст ташлайди… Иқлимимиз деярли қуруқ бўлганлиги сабабли кўпчилик аёлларнинг юз териси тез қуруқшаб кетади. Қуруқ тери юз рангини хира кўрсатади. Бунга йўл қўймаслик учун совуқда терини яхши парвариш қилиш керак.
Аёлларга маслаҳатимиз шуки, бир ош қошиқ бодом пўчоғининг қипиғини озгина қайноқ сувга қориштириб, совугандан кейин юзга чапланг, 5-8 дақиқа турсин. Сўнгра қайнаб илитилган сувда ювиб ташланг. Кўчага чиқиш олдидан юзга юпқа қилиб, бирор хил юмшатувчи крем суриб, кейин упа қўйиш тавсия этилади. Юз терисининг совуққа чидамлилигини ошириш учун озиқлантирувчи ниқоблардан фойдаланиш керак. Ҳамма тери учун мос келадиган ниқоблардан бири шундай тайёрланади: битта тухум сариғига бир ош қошиқ асал ва бир ош қошиқ глицерин қўшиб яхшилаб аралаштирилади, юз терисига 15 дақиқа суриб қўйилади, кейин қайнаган илиқ сувда ювиб ташланади. Юз терисида угрилар пайдо бўлиши ички аъзолардаги касалликлар билан боғлиқми? Организмдаги ҳар бир ўзгариш аввало юз терисида акс этади.
Масалан, қолқонсимон без ишидаги ўзгаришлар, жигар, буйрак, ошқозон ҳазм қилиш фаолиятининг бузилиши натижасида юз терисида ўзига хос ўзгаришлар рўй беради. Агар ички касалликларни даволамай, фақат юз терисига аҳамият берсангиз, ҳеч қандай натижага эришмайсиз. Ички аъзолардаги муоммоларни секин-аста бартараф этсангиз, юз териси ҳам ўз ҳолига қайтади. Шунинг учун аввало терапевт шифокорга учраб соғлигингизни текширтирганингиз маъқул. Юзга ажин тушишининг олдини олиш учун нималарга аҳамият бериш керак? Иқлимга қараб юз парваришини ҳам ўзгартириб туриш керак. Салқин ҳавода юз терисига янада эътиборлироқ бўлиш тавсия этилади. Қуруқ шамол ва совуқ ҳаво теридаги намликни камайтириб, барвақт ажин пайдо бўлишига олиб келади.