Ассалому алайкум мунис бекалар. Эътибор берганмисиз, турли хил хонадонларнинг ҳидлари ҳам турли-туман бўлади. Кимнидир уйига кирсангиз, димоғингизга хушбўй ҳид урилади ва енгил, ёқимли нафас оласиз. Кимларникидадир эса остонадаёқ оғир ҳид келади. Уйимизнинг барча бурчакларидан ёмон ҳидларни кетказамиз ва кайфиятимиз ва саломатлигимизни хушбўй ҳидлар билан яхшилаймиз! Ҳар бир аёл уйидан мусаффо ва хушбўй ҳид келишини таъминлашни истайди. Бунинг бир сири бор. Уйни чангютгич билан тозалашни бошлашдан аввал бир бўлак пахтани лаванда томчиларига ботириб олинг ва чангютгич билан уни тортиб олинг. Чангютгич билан тозалаш давомида уйингизга ажойиб хушбўй ҳид тарқалиб боради. Лавандани истаган бошқа ўзингиз ёқтирган хушбўй ҳид (апелсин ёғи, игнабаргли дарахт экстракти) билан алмаштиришингиз мумкин.
Қаҳва ҳидини ёқтирадиганлар эса чангюткич қопчасини яхшилаб тозалаб, сўнг уйни тозалашдан олдин қопча ичига майдаланган қаҳвадан бир икки чой қошиқда солинг. Сўнг уйни тозалашни бошланг. Ишни тугатгач уйингиздан қаҳванинг нафис, қитиқловчи ифори таралаётганига гувоҳ бўласиз. Совутгич ичидаги турли ёқимсиз ҳидларни кетказиш учун кўпчилик кўмир бўлагидан ёки оддий кўмир таблеткаларидан фойдаланади. Албатта бу самарали усул лекин музлаткичингиздан ёқимли ифор таралишини истасангиз, оддий дока бўлагини бир томчи лавандали эфир мойи ва бир томчи лимон ёғи аралашмасига ботириб, совутгич эшигига қўйиб қўйинг ва вақти-вақти билан янгилаб туринг. Эътиборли ва покиза бекалар чиқинди челагини тез-тез тозалаб туришади. Аммо уни ҳам хушбўй қилиш мумкин. Аввал чиқинди челакни ювиб қуритинг, унинг энг тубига бир томчи лаванда мойи ва бир томчи чой дарахти мойини дока бўлаги ёки пахтага томизиб қўйиб қўйинг.
Микротўлқинли печимиз ҳам қўйган таомимизга қараб турли ҳидларни таратади. Ишлатилмаган пайтда ошхона ҳидини ёқимли қилиш учун, 3 томчи лимон ёки ялпизли эфир мойини сув солинган идишга томизиб, 3 дақиқага микротўлқинли печга қўйинг.
Хонадон бекасининг саришталигини уйнинг ҳожатхонаси тозалигидан билиш мумкин. Хожатхонангизни ҳам хушбўй қилишни истасангиз, ҳожатхона токчасига 2-3 та кичиқроқ ўлчамдаги хушбўй тошлардан қўйинг. Уларга қарағай ёки лаванда мойидан томизиб қўйинг ва ҳар ҳафта янгилаб туринг. Бу ҳожатхонага нафис ҳид беради ва атмосферани соғломлаштиради. Аёлнинг тез-тез бажарадиган юмушларидан бири бу кир ювишдир. Ювилган кирларингиздан ҳам ёқимли ифор таралишини истасангиз, бунинг икки усули бор. Биринчиси, кир қуритгичингизга 7 томчи лаванда, ялпиз, атиргул ёки эвкалипт мойи томизилган матолардан илиб чиқинг ёки ўша мойдан 3 томчисини дазмол учун олган сувингизга қўшинг. Эфир мойлари ёғли бўлмайди ва кирларларингизни доғ қилмайди!
Уйдаги ҳар қандай юза ва текисликларни ҳушбўйлаштириш мумкин. 1 литр сиркага 30 томчи лаванда ва лимон мойи томизинг. Яхшилаб аралаштиринг. Бу оддий ва тежамкор таркиб ҳар қандай юзани аъло даражада тозалайди ва дезинфексия қилади. Раковина, ванна, каструля, чойнаклардаги қасмоқлар ва нохуш ҳидларни бартараф қиламиз.
Юқорида келтирилган таркибдан фойдаланинг: синтетик уксус қасмоқни кетказиш учун энг яхши восита. Қиздирилганда яна ҳам кўпроқ самара беради, шунинг учун ичида сув қайнаб турган чойнакка суюқликни хотиржам қуйиб, бир неча дақиқага қолдиришингиз мумкин. Чойнагингиз топ-тоза ва микроблардан холи бўлади. Раковина ёки ванна трубаларига суюқликдан бир неча томчи қуйиб, бир неча дақиқага қолдиринг. Ортидан қайноқ сув қуйиб юборсангиз, улардаги нохуш ҳидлардан халос бўласиз.