Ассалому алайкум. Болаларимизнинг бахтли ўсишлари ва керакли сифатларга эга бўлишлари биз ота-оналарнинг қўлида. Вақтида тўғри тарбияланган фарзанд келажакда ҳам омадли ва бахтли бўлади. Бу борада сизга озгина ёрдам бериш мақсадида суҳбатимиз давомида Япониялик мутахассис Масаку Ибуканинг баъзи маслаҳатлари билан бўлишга қарор қилдик. Унинг фикрича, болада бирор нарсага қизиқиш уйғотиш керак. Бунинг учун эса ота-оналар барча шароитларни яратиб беришлари керак. Демак, бизни диққат билан тинглашда давом этинг. У шундай дейди: Ўтилганларни такрорланг. Бу бола миясида тўғри чизмаларни шакллантиради. Такрорлаш олинган билимни мустаҳкамлайди. Болага нафақат она, ота ҳам керак. Ота ва фарзанд ўртасидаги мулоқотда ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги даркор. Болалар ҳаёлоти (фантазия) сини аҳмоқона деб ҳисобламанг.
Орзу ва ҳаёл қилиш қобилияти боланинг ижодий салоҳиятини шакллантиради. Уни чекламанг аммо ҳаддан ташқари рағбатлантириб ҳам юборманг, акс ҳолдa бола реал дунёда эмас, ҳаёлотида яшайдиган бўлиб қолади. Болага ўзингизнинг шахсий буюмингиз сифатида қараманг. Бундай эмас. Бундан ташқари, бу боланинг ўз кучига ишонмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Болада қўл орқали ҳис қилиш қобилиятини ривожлантиринг. Болага турли материаллар – юмшоқ ва қаттиқ, оғир ва енгил, текис ва ғадир-будир предметларни беринг. Болага у сўраган барча ўйинчоқларини сотиб олиб берманг. Ўйинчоқларнинг кўплиги диққатни олади, бунинг оқибатида илм олиш мураккаблашади. Болага деталлардан иборат ўйинчоқларни тақдим этинг. Бола ўйинчоқни ўзи йиға олганида қувончга тўлади. Тайёр ўйинчоқлар даврида бу жуда ноёб.
Боланинг кичик моторикасини — ясаш, аппликациялар, шаклларни кесиш ва йиғиш орқали ривожлантиринг. Маълумки, “боланинг ақли – унинг бармоқларининг учида”. Ёшликда бармоқлар қанча кўп ишласа мия шунча яхши ривожланади. Бундан ташқари бола билан пиёда сайр қилинг. Пиёда юриш жуда фойдали, ахир юриш вақтида тананинг 639 та мушакларидан 400 таси ҳаракатда бўлади. Бу вақтда у билан суҳбатлашиш катта қониқиш ва хурсандчиликни келтиради. Бола бирор нарса билан шуғулланишни бошлаганида натижага катта аҳамият кўрсатманг. Ахир унинг учун натижа эмас, жараён муҳим ҳисобланади. Унга қанчалик қизиқ бўлса, шунча меҳнат қилишига қўйиб беринг. Бола иродасига қарши чиқманг. Унинг иродасига қарши иш қилишга мажбурлаш орқали унинг ўзига бўлган ишончини синдирасиз. Болангиз бу сиз эмас. Шунинг учун унинг ҳам ўз қизиқишлари борлигини инобатга олинг.
Болада ностандарт фикрлаш кўникмасини шакллантиринг. Стандартлар стандарт одам қилиб тарбиялайди. Бундай одам эса бошқалардан ажралиб бирор муваффақиятга эришиши амри маҳол. Болаларни тарбиялашдан олдин уларнинг ота-оналарини, яъни ўзимизни тарбиялашимиз лозим. Ёш ота она фарзанд кўргунга қадар бу ҳақида етарлича билимга эга бўлишлари ва ёши катталар билан малсаҳатлашишлари лозим. Фарзанд кўришга тайёр бўлгандагина фарзандли бўлиб, унинг ҳар қандай қийинчиликларини матонат, сабр ва меҳр билан енгиб ўтишлари лозим. Суҳбатимизни Масару Ибуканинг аъло даражали иқтибоси билан якунламоқчимиз: “Фарзанд учун энг яхши тарбия – бу онанинг меҳридир. Меҳр ва етарлича донолик билан тарбияланган бола бахтли ва муваффақиятли бўлади. Ота-оналарнинг энг асосий машғулоти – фарзандларни тарбиялаш. Агар улар бунга рози бўлмасалар, унда нима учун фарзандли бўлишди?”