3:39

20/80 тамойилини ҳаётда қандай қўллаш мумкин?

MP3

Ассалому алайкум. Биз аёллар табиатан эркакларга қараганда кўпроқ ва самаралироқ ишлашга мойил қилиб яратилганмиз. Шундай экан, бугун қандай қилиб, бугун ҳар бир ишда қандай қилиб самарага эришишнинг қоидасини кўриб чиқамиз. Бу бизга оиламизда турмуш ўртоқларимизга энг самарали ёрдамчи бўлишимизга ёрдам беради. Италиялик иқтисодчи Вильфредо Парето бир куни унинг боғида экилган 20 фоиз нўхат 80 фоиз ҳосил бераётганига эътибор қаратди. Бу унга 80 фоизли натижа берувчи 20 фоизли уриниш ҳақидаги қоидани шакллантиришга туртки берди. 20/80 тамойилини нафақат ишда, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам қўллаш мумкин. «Лайфхакер» шу ҳақида хабар берди. Бу саноат ва бизнеснинг турли соҳаларидаги фаолиятнинг оптималлашуви ва самарадорлигини баҳолашнинг машҳур усули. Компаниялар кўпинча ўз даромадларининг 80 фоизи 20 фоиз мижозлардан тушишини, 20 фоиз савдо вакиллари 80 фоиз сотувларни ёпишларини таъкидлашади.

Вақт билан ҳам худди шундай: 80 фоиз унумдорлик 20 фоиз вақтни эгаллайди, даромаднинг 80 фоизини 20 фоиз ходим келтиради. Бунга мисоллар кўп. Албатта, рақамлар ҳар доим ҳам айнан 20/80 бўлавермайди. Балки 76/24 ёки 83/17 бўлар, лекин 1/4 нисбат сақланиб қолади.   20/80 тамойили бизнесда кенг қўлланилади, лекин уни кундалик ҳаётда ҳам қўллаш мумкин. Биринчи ўринда — ишда. Сиз 80 фоиз вақтингизни қандай вазифаларга сарфлайсиз? Электрон почтагами ёки мессенжерларга? Ёдингизда бўлсин, булар бор-йўғи 20 фоиз фойда беради, шу боис ҳақиқатда муҳим ишларга эътибор қаратганингиз маъқул. Меҳнат фаолиятингизнинг қайси қисми сизга 80 фоиз даромад келтиради, раҳбарият томондан талабгорликми ёки ҳамкасблар ҳурмати?Кейинги саволларга ҳам жавоб топишга уриниб кўринг. Улар дастлаб мураккабдек туюлади, бу аввал ҳеч қачон ҳисоблашга уриниб кўрмаганингиз учун шундай.

Қайси 20 фоиз нарса сиз учун максимал қадр-қимматга эга? Нимага 20 фоиз вақт сарфлаб, 80 фоиз завқ оласиз? Ён-атрофингиздаги одамлардан қайси бири сизга энг кўп бахт улашади? Қайси 20 фоиз кийимларингизни 80 фоиз вақт давомида кийиб юрасиз? Рационингизнинг 80 фоизини ташкил қилувчи 20 фоиз озиқ-овқат маҳсулоти ва таомларга нималар киради? Жавоб бердингизми? Энди эса ўйлаб кўринг, сиз ҳаётнинг бу жабҳаларини қандай яхшилай оласиз? Масалан, агар 80 фоиз вақтингизни сизга атиги 20 фоиз завқ улашадиган кишилар билан ўтказадиган бўлиб чиқсангиз, демак, мулоқот доирангизни ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришингиз керак. Агар 80 фоиз вақтингизни интернетга сарфлаб, бор-йўғи 20 фоиз завқ оладиган бўлсангиз, тармоқда нима билан шуғулланаётганингиз борасида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, фаолият доирангизни ўзгартирарсиз ёки компьютер қаршисида ўтказадиган вақтингизни қисқартирарсиз.

Агар 80 фоиз буюмларингиздан фақат 20 фоиз фойдалансангиз, уларни кимгадир бериб юборинг ёки сотинг. Кийимларингиз билан ҳам худди шундай. Ўз рационингизни 20/80 тамойили бўйича таҳлил қилиб, қанчалик соғлом овқатланишингизни билиб оласиз. Агар 80 фоиз вақтда ёғли таом истеъмол қилсангиз, ўйлаб кўринг, парҳез қилиш вақти келмадимикан? Пропорцияларни қайта кўриб чиқинг, токи фойдасиз егуликлар фақат 20 фоиз ҳоллардагина дастурхонни банд қилсин. Паретонинг рационал қонунини ҳатто севгига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Қайси 20 фоиз хатти-ҳаракатлар сизнинг муносабатларингиздаги 80 фоиз муаммоларни келтириб чиқаради? Сизни жуфтингизга 80 фоиз яқинлаштирган 20 фоиз суҳбатлар нима ҳақида эди? 20/80 тамойили ёрдамида нафақат ҳаёт самарадорлигини баҳолаш, балки уни назоратга олиш ҳам мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top