3:12

Дунёга муносабат

MP3

Ассалому алайкум. Яқинда 1 Шоҳликлар китобини ўқий туриб Шоулнинг хатоси нақадар бизнинг ҳаётимизга ўхшаш бўлиши мумкинлигини англадим. Худованд Шоулга Омолоқийларни бутунлай қириб ташлашни буюрган эди, аммо уларнинг мол-қўйлари Шоул ва унинг одамларининг ҳаёлини ўғирлади. Шоул Худонинг буйруғини жиддий эканини англамади. Худо айтдими, демак бу жиддий. Худо Шоулга шундай деган эди: “Омолоқийларни ўлдир, акс ҳолда улар сени ўлдиришади.” Бу дунё билан ҳам шундай. Сиз бу дунёдаги нарсаларни руҳий ҳаётингизга аралашишига йўл қўйсангиз, муаммоларингизни унутиш учун интернет, фильмлар, турли интернет ўйинларга муккангиздан кетасиз. Бу нарсалар сизни Худодан узоқлаштириб, охири сизни ўлдиради. Бу ҳам шундай нарса. Бу дунёнинг кўнгилхушликларини ўзингиз учун йўқ қилинг, уларнинг ҳеч бири сиз билан Худонинг йўлига тўсиқ бўлмасин.

Акс ҳолда улар сизни барбод қилади. Улар ҳаётингиздаги Худонинг ўрнини эгалламоқчи. Бу дунё сизга худбинликни, зўравонликни, роҳатни ва кўнгилхушликни таклиф қилади. Одамзод улар билан овора, жамиятда Худодан эмас шу нарсалардан завқ олишни исташади. Бу дунёнинг ўз худоси бор. Агар шу худони рад этмасанг, у сени бир кун келиб ўлдиради. Нега баъзи масиҳийлар дунё уларни қабул қилишини исташади. Ахир бу дунё бизни ёмон кўради-ку! Биздан нафратланадиган дунёнинг бизни тан олиши бизга нимага керак? Агар бу дунёнинг чилдирмасига ўйнайдиган бўлсангиз, сизда Муқаддас Руҳ ҳеч қачон бўлмайди. Шомуил пайғамбар, Шоулнинг ёнида маслаҳатгўйи эди, аммо Худога итоатсизлик қилгач, Худо ҳам, Шомуил ҳам уни ташлаб кетди. Ундан узоқлашди. Каломда шундай ёзилган: “Шундан сўнг Шомуил Рамага, Шоул эса Гивога — уйига кетди.

Шомуил умрининг охиригача Шоулни бошқа кўрмади, лекин у Шоулни деб ғамгин бўлиб юрди. Эгамиз эса Шоулни Исроил шоҳи қилганидан пушаймон эди.” Биз ҳам кейин пушаймон бўлмаслик учун бу дунёдан, ундаги гуноҳлардан узоқлашишимиз керак. Шомуил пайғамбар Шоулни ўз ўғлидай яхши кўрган бўлса керак, чунки Худо уни рад этгани учун у ҳам ғам чекди. Худо Шомуилга яна гапиришда давом этди: “Эгамиз Шомуилга айтди: — Сен қачонгача Шоулни деб ғамгин бўлиб юрасан?! Шоул Исроил шоҳи бўлмасин деб, уни Мен рад этдим. Қани, энди қўчқор шохини мой билан
тўлдириб, йўлга отлан. Сени Байтлаҳмлик Эссайнинг уйига жўнатаман. Мен унинг ўғилларидан биттасини шоҳ қилиб танладим.” Худонинг йўлидан юрмайдиган бу дунё учун ғам чекишнинг ҳожати бормикан?! Худога қулоқ солмайдиган одамлар учун қайғуришнинг нима кераги бор?!

У бизга ҳам худди Шомуилга айтгандек шундай дейди: “Қўчқор шоҳини зайтун мойи билан тўлдир ва бор!” Қолган ишни Худонинг Ўзи яна айтади. Сиз бу дунё билан келишувга борманг. Агар Худо Муқаддас Руҳни олиб қўйса, ўз кучимиз билан яшашимизга тўғри келади. Сиз ёки дунёнинг ё Муқаддас Руҳнинг хизматида бўлишингиз мумкин. Бирваракайига икки томонга хизмат қилолмайсиз. Агар бу дунёнинг хизматига киришсангиз, Худованд сиздан узоқлашади. Шунинг учун ҳаётингизга ва қилаётган ишларингизга диққат қилиб қаранг. Сиз кимга хизмат қиляпсиз? Худонинг амрларига тўлиқ, ҳеч ҳам оғишмай амал қиляпсизми? Худога итоат қилиш ҳар қандай қурбонликдан устундир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top