Ассалому алайкум. Бугунги кунда биологик фаол қўшимчалар ҳақида жуда кўп гапирилмоқда. Бу ўзи нима? Аслида тўқима ва ҳужайралар умр давомида тўхтовсиз янгиланиб туради. Хўш, бу нима ҳисобига рўй беради? Маълумки, инсон овқат истеъмол қилганида организми зарур моддалар (яъни оқсил, углевод, ёғ сингарилар) билан таъминланади. Шу моддалардан айримлари, масалан оқсиллар бевосита янги ҳужайраларнинг хосил бўлиши ёки улар таркибидаги айрим қисмларнинг янгиланиши учун хизмат қилади. Одамнинг ўсиб улғайишида оқсиллар муҳим рол ўйнайди. Углеводлар инсон организмига тушгач, унинг ҳаракатлари учун керакли миқдорда энергия беради. Ёғлар эса бир йўла икки вазифани бажаради. Бир жиҳатдан анчагина энергия заҳирасига эга бўлганлиги боис организмга қувват берувчи манба сифатида хизмат қилса, иккинчи томондан бевосита ҳужайра ва тўқималар таркибига киради.
Хуллас, овқат билан организмга тушадиган озиқ моддалар кишининг ёши, меҳнат қобилияти, у яшайдиган ҳудуддаги об-ҳаво шароитларига қараб бир неча граммдан бир неча юз граммгача қабул қилинади. Улар макронутриентлар (йирик озиқ моддалар) деб аталади. Биз истеъмол қиладиган озиқ моддалар таркибида шундайлари ҳам борки, гарчи ҳужайрага тўғридан-тўғри кириб энергия бериб турмаса ҳам барибир қабул қилиб турилиши шарт. Чунки улар танадаги моддалар ва энергия алмашинувида фаол қатнашади, иммун тизими ишини фаоллаштириб касалликларнинг олдини олади, барча биологик суюқликлар таркибига кириб ҳаёт учун муҳим вазифаларни бажаради. Ушбу гуруҳга кирадиган озиқ моддаларга эҳтиёж жуда кам бўлганлиги, уларнинг миллиграммлар ва ҳатто миллиграммларнинг мингдан бир улушлари билан ўлчанганлиги боис микронутриентлар деб юритилади.
Чиндан ҳам уларга муҳтожмизми? Айтиш жоизки, витаминлар, минерал моддалар ҳамда кўпгина биологик фаол бирикмалар микронутриентлардир, Уларнинг озиқ моддаларда учрамаслиги ҳаётий жараёнлар бузилиши ва бир қанча хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлади. Кўп ҳолларда микронутриентларнинг фойдалилик хусусиятига эътибор берилмайди. Бунинг сабаби шундаки, кишиларимиз аксарият холларда истеъмолдаги маҳсулотлар еб турилса кифоя қилади деб ўйлашади. Ваҳоланки, организм учун полиз маҳсулотлари кўкатлар ҳамда мева-чевалар ҳам жуда-жуда зарур. Улар кундалик овқатларга қўшиб истеъмол қилинса организмда микронутриентларга нисбатан танқислик кузатилмаслиги мумкин. Микронутриентларга ҳам талаб турлича бўлади.Масалан, ҳомиладор ва эмизикли аёллар соғлом хотин-қизларга нисбатан микронутриентларга кўпроқ эҳтиёж сезадилар.
Шунингдек спортчилар, оғир қўл меҳнатини бажарувчилар, ўсиш ёшидаги болалар, касалликдан эндигина турган одамларда ҳам худди шундай ҳолат рўй беради. Агар ҳомиладор аёлда пуштнинг шаклланиши учун озиқ моддалар кўпроқ керак бўлса, оғир меҳнат билан банд бўлганларда, айниқса спортчиларда давомли жисмоний фаолият учун ушбу моддалар мўл-кўл талаб қилинади. Ёшларда ўсиш ва ривожланиш кучли бўлганлиги боис улар организми қўшимча озиқ моддаларни кўп талаб қилади. Боз устига шу нарса ҳам аниқки, ҳозирги экологик ноқулай об-ҳаво шароитида етиштирилаётган аксарият ўсимлик маҳсулотлари таркибида биз учун фойдали бўлган микронутриентлар сезиларли даражада камайиб кетган. Қайд қилинган омиллар танани табиий керакли моддалар билан таъминлашда анчагина қийинчиликлар туғдиради. Бу ҳол айниқса ўсиш ёшидаги болалар, ҳомиладор аёллар, тузалаётган беморлар, доимий машқлар билан банд бўлган спортчиларда яққол сезилади. Демак биз микронутриентларга муҳтожмиз аммо ҳамма ҳам эмас.