MP3

Ассалому алайкум қадрдон мунисалар. Она сифатида фарзандларнинг ўсиб-улғаяётганини кўриш қандай завқли! Она фарзандларига чексиз меҳрни ҳадя қилади. У ўз меҳри билан фарзандини ҳам шундай меҳрли инсон қилиб тарбиялайди. Аммо меҳр меъёрида ва тўғри берилиши керак. Буниси нимаси дейсизми? Унда суҳбатимизнинг қолганини тингланг. Она шундай меҳрибонки, беғараз ва чексиз севгиси туфайли фарзанди учун ҳар нарса қилади. Уни дунёга келтиради, жажжилигидан унинг ҳимоячиси, ҳамшираси, онаси ва устози бўлади. Бироқ шундай ҳолатлар бўладики, фарзандини севган она ҳаддан ташқари унинг райига қараб, уни баркамол инсон бўлиб етишишига тўсқинлик қилади. Масалан, қўлидан иш келадиган фарзанди учун ҳам бандлигига, ҳасталигига қарамай нонушта тайёрлайди, бу пайтда ўғил ёки қиз ухлаётган бўлади. Аслида тўғри меҳр бериш фарзанлини тўғри тарбиялаш дегани ҳамдир.

Фарзанд каттароқ бўла боргани сари унга ўзи эплай оладиган ишларни ёшига ва қурби етишига қараб топшириб қўйинг. 5-6 ёшида оёқ кийими ипини боғлай оладими, ўзи боғлашига йўл қўйиб беринг. 7-8 ёшида уй ишларига қарашадиган, кичик-арзимас бўлиб туюлган ишларни зиммасига юкланг. “Қўй? пиёлаларни сен олиб борма, ўзим олиб бораман!”, ёки “Столдагиларни йиғиштирма, ўзим йиғиштираман”, деманг. Аксинча, уни бу ёшда шу ишларга рағбатлантириб, ота-онасига ёрдам беришга шу билан уларнинг ишларини енгил қилаётганини айтиб, руҳлантиринг. Фақат ёдингизда бўлсин, меҳр бериш, яхши кўриш фақатгина уларга ёққан нарсаларини бажариб, олиб бериш эмас, вақти келганда тўғри йўлга солиш учун койиб, жазолаб туриш керак. Тарбияланмаган бола худбин ва меҳрсиз бўлиб ўсади. Ҳатто ота-онасига меҳри бўлса ҳам уни қандай кўрсатишни билмайди.

Бунга онанинг ёки отанинг вақтида меҳр беролмагани, фарзандни севиш унинг эҳтиёжларини қондириш деб билгани сабаб бўлиши мумкин. Фарзандни беозор фариштадек дейишга ўрганиб қолганмиз, аммо бу ёлғон. Чақалоқлар онасининг қорнидаёқ, Одам Атодан мерос бўлиб келаётган гуноҳ билан туғилади. Бу гуноҳ ҳаёти давомида уни етаклайди. Баъзида бамаъни ва тарбияли ота-онанинг фарзанди қулоқсиз ва бемаза бир бола бўлиб чиқиши мумкин. Бунга икки нарсани сабаб қилиб кўрсатамиз. Биринчиси, иш ва рўзғор ташвишлари билан бўлиб, болага тўғри меҳр ва тарбия беролмагани бўлса, иккинчи энг асосий сабаб бу уларнинг гуноҳ ичида туғилганликлари. Қанчалик уларга тўғри тарбия, тўғри йўналиш берманг, улар ўзлари, таналари истаган ишларни қилишади. Бир хил фарзандлар табиатан босиқ ва итоатли бўлиб ўссалар (албатта бошқалар билар солиштирганда шундай), бошқалари ҳаддан ташқари қайсар, ўз истаганини қилишни хоҳлайдиган бўлиб ўсишади.

Иккинчи турдаги фарзандлар саркаш қалби билан ҳаётда жуда кўп қоқиладилар. Бу ҳам бўлса уларнинг итоатсизлиги оқибати. Уларга қанчалик панд-насиҳат қилманг улар панд насиҳатингизни олмайди. Бундай фарзандлар албатта ота-онага жуда кўп ташвиш келтиради. Бундайларни Худованд ўз итоатсизликлари, ўзбошимчаликлари оқибатида келадиган қийинчиликлар билан тарбиялайди. Аммо бунинг учун она фарзанди Худонинг сабоқларини ўрганиши, хатоларидан хулоса чиқариши учун ибодат қилиши керак. Онанинг ва отанинг фарзандлар учун қилган дуоси жуда катта таъсирга эга. Худонинг Каломида ёзилишича, Худо инсоннинг юрагига эккан уруғ кўкармасдан, ҳосил бермасдан қолмайди. Бунинг учун ота-она тинмай ибодат қилишлари ва уларни Худо истаганидек одам бўлиб етишишлари учун ҳаракат қилишлари керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top