Ассалому алайкум меҳрибон ва жонкуяр аёллар. Ҳаётимизда фарзандларимиз пайдо бўлгач, ўрганишимиз керак бўлган нарса бирданига кўпаяди. Чунки ҳеч бир аёл она бўлиб туғилмайди-да. Бу босқичда фарзандга қандай қараш, уни қандай тарбиялаш, ғамхўрлик қилиш ҳақида ўрганамиз, аммо бу билан биз ўрганадиган нарсалар рўйхати тугамайди. Худованд бизга бу фарзандларни берар экан, улар орқали ҳам Ўзи ҳақида кўпроқ ўргатади. Фарзандларимиз ёш бўлганида, асосан уларга ғамхўрлик қиламиз, уларнинг муҳтожликларини қондирамиз. Улар кичкина, ожиз ва доим ёрдамимизга муҳтож. Жажжи болаларимизнинг бу ҳолати биз билан Худонинг муносабатига ўхшайди. Биз ҳам руҳда ҳали гўдак бўлганимизда, Худованд бизга ғамхўрлик қилган ва муҳтожликларимизни қондирган. Фарзандлар каттароқ бўлгач эса, уларга тўғри ҳаёт кечиришни, нотўғри ишлар қилмасликни ўргатамиз, хато қилса, айб иш қилса, уни тўғрилашда фарзандимиз билан баравар ҳаракат қиламиз.
Кун давомида уларнинг бирор нарсага ва бирор кимга бўлган нотўғри муносабатини Худонинг нуқтаи назаридан кўриб чиқиб, улар билан суҳбатлашамиз. Бу ишда уларни тўғри йўлга йўналтирамиз ва лозим топсак, жазолаймиз. Кун охирига келиб, толиқиб, ўз ётоғимизга кириб ўзимиз ҳам Худога мурожжат қиламиз. Шу пайтда нималар кўз олдингиздан ўтади? Кунингиз қанчалик оғир ва ташвишли ўтганими? Балки бу ҳам ўтар, аммо Худованд бизга Ота бўлиб ўз гуноҳларимизни кўрсатади. Қилган ҳатоларимизга муҳаббат ва сабр билан тоқат қилиб, уларни ўзгартиришимизни сўрайди. Қаранг, худди биз кундуз куни болаларимизнинг хатосини сабр билан тўғрилашларига ёрдам бергандек, кун охирида Худо учун вақт топганимизда, У ҳам сабр-тоқат ва муҳаббат билан бизга яхши она бўлишимизга ёрдам беради. Фарзандларимиз улғайгани сари, бизнинг ташвишларимиз ва уйқусиз тунларимиз ҳам ортади.
Улар инсон бўлиб шаклланаяпти, дунёда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилаяпти ва мустақил бўлишга ҳаракат қилаяпти. Демак, она билан бола муносабатларида ҳам қийинчиликлар, тушунмовчиликлар, стресслар бўлиши табиий. Табиийки, бундай пайтда ҳар қандай она ҳам нима қилишини билмай қолади. Улар она сифатида бутунлай Худога тобе эканини ҳис қилишади. Ўсмир тарбия қилишда донолик керак ва буни Худодан сўраймиз. Улар доим ҳам уйда бизнинг кўз олдимизда бўлмайди, бунинг учун ҳам Худонинг ҳимоясини сўраймиз. Биз доим улар билан бирга бўлмаймиз, аммо билингки, Худованд улар билан. Улар катта бўлиб, Худо билан муносабатни йўлга қўйишлари керак. Афсуски, бунга ҳам фарзандларимизни йўналтиришдан бошқа нарса қилолмаймиз. Уларнинг Масиҳ билан муносабат қилиши яна Худонинг қўлида. Бу масалада ҳам Худога таянамиз.
Биз уларга ёшлигидан Худованднинг ажойиб режаси ҳақида ўргатишимиз, уларнинг қалби ва руҳий ҳаёти учун ибодат қилишимиз мумкин, аммо Масиҳни мажбурлаб юрагига сингдира олмаймиз. Шу жойда ҳам Худованд бизга бутунлай ҳар нарсада Худога муҳтож эканлигимизни ўргатади. Фарзандларимиз ўсмир ёшга кирганида Худованд бизни нақадар севишини англаб етамиз. Биз фарзандларимизга сабр қилганимизда, уларнинг хатоларига ва гуноҳларига қарамай севганимизда, уларга тўғри йўл кўрсатишдан, меҳр беришдан ва тарбиялашдан воз кечмаганимизда, Худованд бизни ҳам нақадар севишини, бизга тоқат қилишини ва бошқаришини англаб етамиз. Фарзанд билан муносабатда қийин дамларни бошимиздан кечираётганимизда, У ҳар иккимиз учун ҳам керакли сабоқни беради.