3:31

Аёл жамоатни бошқара оладими?

MP3

Ассалому алайкум. Масиҳнинг жамоати Муқаддас Руҳнинг бошқаруви остида гуллаб яшнаши ва ҳар бир имонли Худованд ҳаётида тузган режа бўйича юриши керак. Шу жумладан аёллар ҳам Худога бўйсунишлари ва хизмат қилишлари керак. Хўш, аёл киши жамоатни бошқара оладими, деган савол туғилади. 1 Коринфликларга 11 боб 3-10 оятларда аёл кишининг жамоатдаги ўрни ва унга бошқарувчилик қилиш ёки қилмаслиги ҳақида аниқ маълумот берилган. “Лекин билингларки, аёл эркакдан яратилган, ҳар бир эркакнинг ҳаёт манбаи Масиҳдир, Масиҳнинг ҳаёт манбаи эса Худодир. Бошини ёпиб ибодат қилган ёки бошини ёпган ҳолда бошқаларга Худонинг сўзини етказган ҳар бир эркак Масиҳни шарманда қилган бўлади–ку! Аёл киши бошига ҳеч нарса ўрамай ибодат қилса ёки Худонинг сўзини гапирса, эркакларга иснод келтиради, ахир бошини ёпмаслик

сочини қириб ташлаш билан баробар–ку!

Агар аёл киши бошига бирор нарса ўрашни хоҳламаса, майли сочини кесиб ташлайверсин. Агар калта соч ва қирилган бош аёл кишининг шарманда эканлигини кўрсатса, аёллар бошларига рўмол ўрасинлар. Эркак киши бошини ёпмаслиги керак, чунки у Худонинг суратида яратилган ва Унинг улуғворлигини акс эттиради. Аёл киши эса эркак кишининг улуғворлигини акс эттиради. Ахир, эркак аёлдан эмас, балки аёл эркакдан яратилган. Эркак аёл киши учун эмас, балки аёл эркак учун яратилган. Сизларга шуни айтмоқчиман: аёл киши бошига бирор нарса ўрайдими ёки йўқми, бу ҳақда ўзи қарор қилишга ҳаққи бор. Фаришталар сабабли ҳам бу гап тўғри” Ота Худо қутқаришни режа қилди, Масиҳ бу режани амалга оширди. Муқаддас Руҳ эса бизга бу режани аён қилди. Уй Масиҳнинг жамоат билан муносабатини кўрсатадиган бир рамз. Ибтидо китобида ёзилганидек, эркак билан аёл бир хилда Худо суратида яратилган.

Уларнинг Масиҳдаги ўрни бир хил. Галатияликларга 3 боб 28 шундай дейди, “Энди на яҳудий, на юнон бор, на қул, на озод бор, на эркак, на аёл бор. Сизлар Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун, ҳаммангиз бирсизлар.” Уларнинг ҳар иккиси Масиҳ олдида бирдек жавобгар. Шу билан бирга Худованд аёл билан эркакка турли жавобгарликларни берган. Худонинг режасига кўра, эркакка аёлнинг боши бўлишни амр этган. Худованд аёл билан эркакка турли вазифаларни ҳам берган. Билсангиз аёл ҳали яратилмасидан олдин, Худованд эркакка энг муҳим амрни – яхшилик билан ёмонликни билиш дарахти мевасидан емасликни буюрган эди. 1 Коринфликларда 11 боб 9 оятда шундай ёзилган, “Эркак аёл киши учун эмас, балки аёл эркак учун яратилган.” Аёл киши эркакка мададкор бўлиши учун яратилган эди. Аёл киши ўзининг боши бўлган эркакка мададкор бўлиши учун, вақти келганда унга итоаткор бўлиши учун яратилган.

Аммо энг муҳими уларнинг ҳар иккиси ҳам яратувчининг Ўзига бўйсуниши керак. Аёл ва эркак Худога хизмат қилишда, ибодат қилишда, сажда қилишда Худонинг олдида тенгдирлар. Аёл жамоатда ибодат қилиши, пайғамбарлик иноъми берилган бўлса, башорат қилиши мумкин, бироқ буни ҳам эркак бошқарувига бўйсунган ҳолда қилиши керак. Бу нарса ўша пайтдаги Исроил халқи маданиятига ҳос бўлган, бошни ёпиш одати билан тасвирланган. 1 Тимўтий 2 боб 8-9 оятларда шундай ёзилган, “Хотинлар соддагина, дид билан кийинсинлар. Улар сочига ортиқча оро бермай, олтин ва марварид тақинчоқлар ёки қимматбаҳо кийимлар билан эмас, балки ор–номус билан безансинлар. Художўй хотинларга муносиб хайрли ишлар билан ўзларига зеб берсинлар. Таълим берилаётганда хотинлар сукут сақласин, муаллимнинг гапини икки қилмасин.” Каломда айтилганига амал қилсак, Худовандни мамнун қиламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top