3:25

Ўзгани ўзинг каби сев

MP3

Ассалому алайкум қадрдон бекалар. Биз аёллар истасак, истамасак қўшниларимиз билан мулоқот қилишимизга тўғри келади. Яхши қўшни бўлса яхши-я, аммо ҳамма ишингга аралашадиган, тинмай ғийбат қилиб, сени бошқаларга ёмон кўрсатадиган, доим ёмонлик қиладиган қўшнинг бўлса унга қандай чидайсан? Аммо афсуски, Худованд “Яқинингни (қўшнингни ) ўзинг каби сев”, деб буйруқ берганида, “Агар улар севишга лойиқ бўлсагина сев”, демаган-да. Демак, қўшниларимиз ёки яқинларимиз ким ва қандай бўлишидан қатъий назар уларни Худо айтганидек севишимиз керак. Луқо китоби 10 бобда бир одам Исо Масиҳдан абадий ҳаётга эга бўлиши учун нима қилиши лозимлигини сўраган. Исо Масиҳ эса унинг саволига жавобан “Самариялик одам”, деган ҳикояни сўзлаб берди. Ўша пайтларда ва ундан олдинроқ Яқин шарқда Яҳудийлар билан Самарияликлар ўртасида диний номтаносиблик сабаб душманлик руҳи ҳукм сурарди.

Яҳудийлар Худованднинг Эски Ахдда берилган, “Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун онгинг ва кучинг билан севгин. Қўшнингни эса ўзингни севгандек сев”, деган амрини яхши биларди. Аммо улар бу амрда берилган “қўшнинг” деган сўзини ўзига ўхшаш яхудий ҳақида айтилган деб тушунарди. Абадий ҳаётга эришиш саволини берган одам яна сўради, “Менинг яқиним ким?” Исо Масиҳнинг “Самариялик одам” ҳикоясини эшитиб, у аввал ҳеч қачон англамаган ҳақиқатни англаб етди. Йўлда қароқчилар талаган ва калтакланган ҳолда ётган яҳудийга икки яҳудий дин пешволари ёрдам бермади, аммо Самариялик одам унинг яҳудий экани, орасидаги фарқ ва душманлик кайфиятига қарамай, бечорага ёрдам берди. Биз ҳам яқинимизни ва қўшниларимизни ўзимизни севгандек севишни ўрганамиз. Энг аввало Худо айтган севги қандай бўлиши кераклигига эътибор қилинг.

Севги ҳолатларни ва вазиятларни ўз назорати остига ола олади. Ёмон ҳис туйғуларга берилмайди. Ҳикоядаги Самариялик бу ёрдамга муҳтож одамни кўриб, унинг олдига яқинлашди. Биз ҳам ундан ўрнак олсак арзийди. Шунчалик бандмизки, баъзи пайтларда қўшниларимизнинг муҳтожлигини кўриб ҳам кўрмаганликка оламиз. Худога диққатингизни қаратинг, У кимга севги кўрсатишингизни истаяпти? Севги зийрак бўлиши лозим. Яхши Самарияликка ўхшаб севиш учун энг аввало ёрдамга ва севгига муҳтож бўлганлани пайқаш керак бўлади. Самариялик эса ёрдамга муҳтож одамни кўрди. “Аммо ўша ердан ўтиб кетаётган бир Самариялик ярадор одамни кўриб, унга ачиниб кетибди.” Бундай одамни кўрмасликнинг иложи йўқ. Аммо Исо Масиҳ бу ҳикоя билан бизга одамлардаги муҳтожликни кўриш қанчалик муҳим эканини уқтираяпти. Унинг Ўзи ҳам ўша раҳмдил Самарияликка ўхшарди, “Исо оломонни кўриб, уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган эдилар.”

Қаранг, атрофингиздаги одамлар учун қандай ибодат қилишингиз мумкин? Севги меҳрибон ва шафқатли. Яраланган ва таланган одамни кўриб, Самарияликнинг раҳми келди. Атрофингиздаги қўшниларнинг қай бирига раҳм кўрсатгансиз ёки кўрсатишингиз керак, деб ўйлайсиз? Севги кўнгилчан ва сезгир. Раҳмдил Самариялик бу одамни кўриб, раҳми келиб, тезда ишга киришганидек, биз ҳам шундай меҳр билан ёрдамга шай бўлишимиз лозим.  Баъзида меҳр ва севги кўрсатиш бизга қимматга тушиши мумкин. Албатта, бунинг учун пулдан қиммат бўлган вақтимизни, қанчадир маблағимизни ёки кучимизни сарфлашимизга тўғри келади. Биз Худо бизни баракалаган нарсаларни бошқаларга севги кўрсатиш учун ишлатишимиз керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top