3:10

Кучли бўл

MP3

Ассалому алайкум қадрдон. Аёл киши жуда яхши биладиган икки ҳис бор, булардан бири ожизлик, иккинчиси қўрқув. Мени қўрқитадиган ҳар қандай нарсага тескари ўгирилиб қочгим келади. Аммо Худога шукрки, бу иккиси бизга Худо томонидан берилган нарса эмас. Агар қўрқув ҳақида ўйлайдиган бўлсак, бу фақат Муқаддас Каломда ёзилганидек, Худодан қўрқиш бўлиши керак. Бироқ бу қўрқув даҳшатли ва қийноққа соладиган қўрқув эмас. Бу қўрқув бизни Худога ёқадиган ишлар қилишга ундайди. Чунки У бизнинг мустаҳкам қалъамиз ва бизнинг ҳимоямиз. У биз учун курашади. У ҳамма нарсани яратган, биз қандай вазиятга тушмайлик, фақат бизнинг томонимизда бўлади. У Каломи орқали шундай дейди, “Амр қиламан, дадил ва ботир бўл, ваҳимага тушма, қўрқма, қаерга борсанг ҳам, Мен, Эганг Худо, сен билан бирга бўламан.”

Худованд биз каби қўрққан Ёшуага шундай деб амр берган. Ёшуа ўзидан ҳам кучли бўлган душмани қаршисида қўрққанида, Худованд унга “Қўрқма, Мен сен биланман”, деган эди. Агар Худонинг шу ваъдаси ва далдаси бўлмаганида, эҳтимол Ёшуа душманларини енголмаган бўларди. Исроил халқи Иордан дарёсини кечиб ўтишидан олдин Худованд Ёшуага дадил бўлишни амр қилган. Аслида фақатгина шу биринчи бобнинг ўзида Худованд бир неча марта Ёшуага дадил бўлиш кераклигини эслатган. Биз аёллар ҳам худди у каби рўпарамизда турган кўринмас душманимиз олдида титраймиз, қалбимиз қўрқувдан парча-парча бўлади. Ҳаётмиз изидан чиқиб кетаётганидан, фарзандларимиз тарбиясига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмаётганимиздан қўрқамиз. Ҳаётимизда бўлаётган воқеаларнинг қурбонига айланиб қолгандек бўламиз.

Биз аёллар ишламай, фақат эрларимиз ишлаганида, баъзан унинг бир ўзи оиладаги ҳамма муҳтожликларни тўлдира олмаётгандек туюлади. Баъзан фарзандлар, оила ва уй ташвишлари ва барча моддий таъминот биргина эрингизнинг бўйнига оғирлик қилади. Моддий етишмовчиликлар бўлади. Шундай пайтда, худди бу етишмовчилик сизни еб битираётган аждарга ўхшайди. Шунда, “Худойим, мен жуда ожизман. Бу ҳолатда мен ҳам ҳозир ишга чиқа олмайман. Аммо эримнинг бир ўзига ҳам бу қийинчиликни енгиш қийин”, деймиз. Аммо Худо, “Ўз кучингга эмас, менинг кучимга ишон”, дейди. Билсангиз баъзан Худо бизнинг қўлимиздан келмайдиган ишларни қилишга ундайди. Унинг ёрдамисиз албатта бу ишни қилолмаймиз. У биздан имон билан қадам ташлашимизни, бошлашимизни ва кейин Унинг қудрати қандай ишлашини кўришимизни истайди.

Ҳазрати Довуд ҳам худди шундай қийинчиликларни бошидан кечирган бўлса керак, Забур китобида шундай деб ёзиб қолдирган, “Мени балчиқ чуқурдан, Ботқоқликдан чиқариб олди. Эсон–омон мени қаттиқ ерга ўтқазди, Қадамларимни дадил қилди.” Худо бизнинг имон билан қадам ташлашимизни истайди. Биз эса қўрқамиз. Чунки бу йўл бизнинг назаримизда имконсиздек туюлади. Аммо фақат бошида шундай кўринади. Қўрқмай, имон билан қадам ташлаганингизда Худонинг таъминотини кўрасиз. Қўрқув сизни қамраб, ҳар томондан боғлаб ташлаганида, Худованд сиз томонда эканини унутманг. У сиз билан бирга. Бунга ваъда берган. Биз ожиз бўлганимизда Унинг қудрати намоён бўлади. 2 Коринфликларга 12 боб 9 оят шундай дейди, “Лекин У менга шундай деди: “Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади, чунки Менинг қудратим сенинг ожизлигингда тўлиқ намоён бўлади.”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top