3:35

Леадан сабоқлар

MP3

Ассалому алайкум гўзал ва бетакрор дугонажонлар. Бугун Муқаддас Калом қаҳрамонларидан бири Леанинг ҳаётидан ўзимиз учун энг зарур бўлган сабоқларни ўрганиб оламиз. Қизиқ, мен унинг ҳаёти ҳақидаги ҳикояни ўқибман-у, ҳеч ҳам унинг ҳаёти орқали Худо бераётган сабоқни кўрмаган эканман. Бугун эса сизлар билан бирга мен ҳам бу сабоқларни ўзлаштириб олишга ҳаракат қиламан. Демак, ҳаммамиз биргаликда ўрганамиз. Қани бошладик. Унинг ҳаётидан бугун гўзаллик ва танамиз ҳақида учта сабоқни кўриб чиқамиз. Ибтидо 29 боб 17 оятда шундай ёзилган, “Леанинг кўзлари чиройли , Роҳила эса ҳар жиҳатдан гўзал — юзлари чиройли, қадди–қомати келишган эди.” Ибронийча матндаги “чиройли” сўзи ўрнида ишлатилган сўз жуда баҳсли. Бу сўз икки хил маънода, “сўниқ/хира” ёки “чиройли” маъносида ҳам ишлатилган.

Шунинг учун жуда кўп Муқаддас Каломни ўрганадиган кишилар Леанинг кўзлари яхши кўрмаган, дейишади. Нима бўлганда ҳам Леа Рохиладан кўра кўримсизроқ эди. Рохилани эса Муқаддас Калом ҳар жиҳатдан гўзал, деб таърифлайди. Шундай экан, Леа унча чиройли бўлмаган бир қиз бўлган. Худонинг бундай муносабати нохақлик эмасми? Баъзиларга шундай кўринади. Чиндан ҳам атрофимизда биздан кўра гўзалроқ ва хушрўй қиз ва аёллар кўп. Уларга қараганда биз анча кўримсиз ва одми кўринамиз. Биз ҳам аёлмизда, улардек чиройли кўрингимиз келади, аммо Худо бизни шундай оддийроқ қилиб яратган. Нега? Бу саволга суҳбатимиз давомида жавоб топамиз. Агар Леа ҳақида ўйласак, унинг отаси томондан ҳам турмуш ўртоғи томондан ҳам таҳқирланганини кўрамиз. Отаси уни турмушга бераётганида тахминан шундай деган, “Сен унчалик чиройли эмассан. Роҳиладек талабгорларинг ҳам кўп эмас.

Агар шу йигитни алдаб сени унга турмушга бермасам, сени ҳеч ким сўраб келмаслиги мумкин.” Қандай қаттиқ сўзлар. Бу ҳар қандай қизнинг қалбини яралайди. Сен бу кеча ўзингни Роҳиладек тут, шундай қилиб турмушга чиқиб олишинг мумкин. Биринчи кечадан кейин, эри Ёқубнинг ҳатти-ҳаракатидан ўзини янада таҳқирланганини ҳис қилган бўлса керак. Чунки Ёқуб ўзининг алданганини билиб, жаҳли чиққан. Тонгда Ёқуб ўзини алданганини билгунча Леа умид қилган “Балки эрим мени севиб қолар. Роҳила бўлмасам ҳам мени борлигимча севиб қолар”. Аммо ундай бўлмади. Умиди пучга чиқди. Эри томонидан севилмаслик аёл учун энг катта бахтсизлик. Тасаввур қилинг, неча марта Леа осмонга қараб, “Худойим, нега мени ҳам Рохиладек гўзал қилиб яратмадинг?”, деб савол бергандир. Аммо ўша пайтда Худо қандай жавоб берган бўлиши мумкинлигини биласизми? У шундай деган бўлиши керак, “Леа қизим, гўзаллик сени қутқара олмайди.”

Чунки бу ҳикоянинг давомини қарасангиз, Роҳиланинг гўзаллиги ҳам унга ёрдам бера олмади. Биринчи ҳақиқат шундаки, Худованд ер юзидаги ҳар бир аёлни бир хилда жисмонан гўзал қилиб яратмаган. Биз атрофимиздаги аёллардан кўра гўзалроқ бўлишни истаймиз, аммо Муқаддас Калом биздан истаган нарса бу эмас. Каломдаги бу икки опа сингилнинг ҳикоясига қарасангиз, оддийгина қилиб “Роҳила гўзал эди Леа эса йўқ”, дейилган. “Леа гўзал бўлмасада, ажойиб сифатли аёл эди”, деб ҳам ёзилмаган. Чунки Худонинг режаларига аёлнинг ташқи гўзаллиги таъсир ўтказа олмайди. Леа отасининг ёлғони туфайли Ёқубга турмушга чиққан ва эри уни унчалик севмасада, Ёқубга жуда кўп ўғиллар туғиб берди. Қадимдан фарзанд мустаҳкам оиланинг гарови ҳисобланган, бу қонун бугун ҳам ўзгармаган. Афсуски, вақтимиз чегараланган. Суҳбатимизни кейинги сафар давом эттирамиз. Унгача бизнинг www.dilkashradio.com сайтимиздан Леанинг ҳаётида Худонинг қандай мақсади борлигини билиб олинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top