MP3

Ассалому алайкум. Ҳасад – бу баъзиларимизнинг эски ҳаётдан янги ҳаётга олиб ўтган ва ҳалигача ундан қутулолмай қийналаётган табиатимиздан биридир. Ҳар бир одамда қанчадир миқдорда ҳасад яширин бўлади. Аммо биз аёллар бу гуноҳ тўрига тез-тез илиниб турамиз. Аммо аслида бу гуноҳли табиат бизни барбод қилишини сезмаймиз. Бугун Ёқубнинг хотинлари Леа билан Роҳиланинг ҳаёти мисолида ҳасаднинг нақадар ёқимсиз ва барбод қилувчи кучга эга эканини билиб оламиз. Ҳасад бизга ўзимизда бўлмаган нарсани олиб бермайди, аксинча у бизни чидаб бўлмайдиган даражада ёқимсиз инсонга айлантиради. Эсингизда бўлса, Ёқуб акасининг таҳдидидан қочиб, тоғаси Лобонникига келган эди. У ерда уни Лобоннинг катта қизи Леага уйлантиришди. Ўзи истагани учун эмас, уни ҳам алдашди. Унинг танлагани Роҳила эди, Леа эмас. Леа ҳам ўзи танлаб турмушга чиқмаган эди.

Аммо энг ёмони Леадан кейин Ёқуб ўзининг севгани Леанинг синглиси Роҳилага уйланди. Эри уни севмаслиги, уни танламагани ва уни истамагани Леага жуда ёмон таъсир қиларди. Ҳар куни эри уни эмас синглисини севиши Леанинг юрагини оғритарди. Роҳилада ҳамма нарса бордек эди, фақат Худо уни туғмас қилган эди. Леанинг эса бундан муаммоси бўлмаган. Ҳар куни Роҳила опасининг ва эрининг болалари унинг чодири ташқарисида ўйнаб юргани уни азобларди. Ҳар куни Худога фарзанд бер деб илтижо қиларди. Бу иккала опа сингил ўртасида ҳасад ва душманлик пайдо бўлди. Чунки ҳар иккаласи ҳам ўзида йўқ, аммо бошқасида бор нарсани истарди. Леа эрининг севгисига муҳтож эди. Унинг бу истагини ўғилларига қўйган исмларидан ҳам билиб олиш мумкин. “Эгам менинг бахтсизлигимни кўрди, энди эрим менга албатта кўнгил қўяди”, деб ўғлининг исмини Рубен қўйди.”

Агар уларнинг ҳикоясини ўқисангиз, ҳар сафар Леанинг ўғилларига қўйган исмидан, эрининг меҳрини қозонишга бўлган умидини кўришингиз мумкин. Ҳасад бизнинг муаммоларимизни ҳал қилмайди. У бизни ўзимизда бор нарсамизни кўрмаслик учун кўр қилиб қўяди. Роҳила Худо уни туғадиган қилганидан кейингина, ўғил кўрди. Унинг аввалроқ қилган ҳар қандай ҳаракати беҳуда кетди. Ҳатто опасидан ўғлининг меҳригиёҳларини эри билан бир кечага ухлаш учун алиштиргани ҳам кор қилмади. Фақат Худо буни истаганидан кейингина туғадиган бўлди. Унинг опасига бўлган ҳасади ўзгармади. Леа эса ўғиллари кўплигидан хурсанд бўлиши ва шу билан қаноатланиши керак эди, аммо у ҳам эрининг севгисига эриша олмади. Ёқуб Роҳилани умрининг охиригача севди. Буни унинг қилган ишларидан ҳам кўриш мумкин. У акаси Эсов билан учрашиш олдидан фарзандларини шундай жойлаштирди.

Ёқуб акаси Эсов билан кўришиш учун кетаётганида чўрилари ва уларнинг болаларини биринчи қаторга, иккичи қаторга эса Леа билан унинг болаларини энг орқага ва хавфсиз жойга Роҳила билан Юсуфни жойлаштирди. Афсуски, Леа бир умр эридан истаган севгисига эриша олмади. Файласуф Гораций ҳасадни шундай таърифлаган эди, “у энг дахшатли азобларнинг энг ёмони”. Афсуски, Леа ҳам Роҳила ҳам бу ҳасаддан умриларининг охиригача ҳам қутулолмай, шу қийноқ ва азоблар ичида дунёдан кўз юмдилар. Аммо уларнинг ҳикоясидан биз аёллар яхшигина сабоқ олсак бўлади. Энг аввало Худонинг ишини қўлимизга олмаслик, Унга ҳаётимизни ва яқинларимиз ҳаётини тўлиқ ишониб топшириш ва энг муҳими ўзимизда бор нарсаларнинг қадрига етиб, бошқаларда бор нарсалар учун ҳасад қилмасликдир. Чунки ҳасад бизни ичимиздан емириб, бизни чидаб бўлмас даражада ёмон характерли инсонга айлантиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top