Ассалому алайкум. Кўпчиликнинг фикрича ҳомиладорлик даврида танани зўриқтирмаслик учун спорт билан шуғулланмаслик керак. Аммо туғруқ жисмоний жараён ва аёл организмидан кўп куч талаб қилади. Туғруқ жараёни бошлангач эса дам олишга вақт йўқ. Аввалига – дард тутади, ўзингизга қулай бўлган ҳолатда туриб тўғри нафас олишга бел боғлаб унинг тинишини кутасиз, сўнгра бироз дам олишга улгурар улгурмас дард яна такрорланади. Ундан кейин эса бор кучингизни йиғиб болани ўзингиздан итариб чиқаришингиз лозим. Бунинг барчаси эса аёлдан куч талаб қилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 9 ой давомида аёл ўзини жисмоний чиниқтириб бориш билан туғруқ жараёнини осонлаштириши мумкин. Бу борада ҳомиладор келинларини узоқ вақт ўтириб қолишини ёқтирмаган қайноналарнинг асл мақсадларини тушуниш мумкин.
Ҳомиладор аёлни спорт билан шуғулланишини тасаввурга сиғдириш мушкул. Аммо, ҳомиладорларга мўлжалланган махсус машқлар ёрдамида туғруқ жараёнига тайёргарлик кўриш мумкин. Тўғри бажарилган жисмоний машқлар эса ҳам она учун ҳам бола учун фойдали. Ҳомиладор аёл спорт машғулотларини бошлашидан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашиши зарур! Жисмоний машқларнинг қай бири бўлажак она ва бола учун фойдали эканлигини билиб олиш керак. Аёл жисмонан фаол бўлмаса, унинг чидамлилиги анчайин пасаяди ва ҳомиладорлик давридаги ўзгаришларга кўникиши қийинлашади. Бу ҳолат туғруқ жараёнига ҳам тегишли. Дард организмимиз учун янги ҳиссиёт бўлиб, дард тутганда чиниқмаган тана саросимага тушиб қолади. Натижада аёл дард оғриқларини кучли шаклда ҳис қилади. Жисмоний машқлар билан шуғулланган аёлнинг организми юкламаларга кўниккани боис дард оғриққа ҳам тезда кўникади.
Ҳомиладор аёл жисмоний машқлар билан шуғулланса: Чиниққанлиги сабабли ҳомиладорлиги енгил кечади; Кайфияти ва руҳияти кўтарилади; Чарчоқ ҳисси камаяди – энергия кўпаяди; Қон айланиши яхшиланади, болага бораётган кислород миқдори ошади; Ортиқча вазн қийнамайди; Бел ва оёқларда оғриқ камаяди; Дард ва тўлғоқ жараёнида куч ва энергия пайдо бўлади. Жисмоний машқларнинг ҳомиладор аёл учун фойдали томонлари билан танишиб чиқдик. Энди қайси машқлар ҳомиладор аёл учун керакли эканлигига тўхталиб ўтсак. Албатта бу аёлнинг жисмоний тайёргарлигига боғлиқ. Аёл доимий ва фаол равишда жисмоний машқлар билан шуғулланган бўлса, ҳомиладорлик даврида бу машғулотларни давом эттириш осон кечади. Аммо аввалги ҳолатда ўз қоматингизни сақлаб қолиш учун спорт билан шуғулланган бўлсангиз, энди танани формада сақлашга эътибор қаратиши лозим.
Бундай ҳолатда тренировкаларни қай шаклда режалаштирилади? Жароҳат етказиши мумкин бўлган ва сакраш каби спорт турлари билан шуғулланиш мумкин эмас. Бу ҳомиладорликнинг ҳар қандай даврида бола учун хавфли. Тренировкалар жадаллиги ва кучини камайтириш лозим. Аввалари фаол равишда югуриш билан шуғулланган бўлсангиз, уни юришга ўзгартиринг. Ҳомиладор аёлнинг юрак уриши тезлашади, югуриш эса юрак қон томир тизимига қўшимча оғирлик тушишига сабаб бўлади. Ҳомиладорлар учун махсус машқларни бажаринг. Аввалига бу машқлар сизга жуда осон ва кераксиз бўлиб кўриниши мумкин. Аммо, ҳомиладорликнинг сўнгги ойларига келиб, фақатгина шу машқлар билан шуғулланишингизга тўғри келиб қолиши мумкин. Чунки қорин катталашади ва бўлажак она тезроқ чарчай бошлайди. Тўғри нафас олиш машқларини ҳам такрорлашни унутманг.