Ассалому алайкум қадрдон опа – сингиллар. Сиз ўзингизни художўй аёл деб биласизми? Ё бўлмаса атрофингизда сиз танийдиган бирорта художўй аёл борми? Художўй аёл мукаммал эмас, аммо Нажоткорига ишонишга ва Ундан ўрганишга иштиёқманд бўлган аёлдир. Сизнинг художўйлигингиз бошқалар билан солиштирганда кўринадими? Йўқ. Бу сизнинг Масиҳга ўзингизни қанчалик ишониб топширганингизда кўринади. Сизнинг руҳан ўсишингиз Худонинг Каломини қанчалик яхши билишингизда кўринади. Чунки Каломда “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.”, деб ёзилган. Сиз ўйларингиз, сўзларингиз ва кимгадир бераётган маслаҳатларингиз билан қанчалик художўй эканлигингизни кўрсатасиз. Чунки улар сизнинг шахсий фикрларингизга эмас, Худонинг Муқаддас Каломига асосланган бўлади. Шунчки Каломдан иқтибос келтириш билан художўй бўлиб қолинмаслигини яхши биласиз.
Чиндан художўй бўлган аёл ўзи Каломга итоат қилади ва имон билан яшашда давом этади. Сизнинг қанчалик Худога яқин эканлигингизни кўрсатадиган яна бир сифат бу ичингиздани сокин ва ювош руҳдир. Ҳаворий Бутрус шундай деган эди, “Аммо қалбингиздаги ювош ва сокин руҳ сизларнинг сўлмайдиган ички гўзаллигингиз бўлсин. Худонинг назарида бундай гўзалликнинг қадри юксакдир.” Сиз қанчалик художўй эканлигингизни кўча-кўйда ошкора билдиришингиз шарт эмас, ичингиздаги сокин ва ювош руҳнинг ўзи бундан дарак беради. Атрофингизда қанчалик ташвишли ҳолат ҳукм сураётган бўлмасин, сизнинг Худога бўлган ишончингиз ва ҳотиржамлигингиз ҳамма нарса Худонинг бошқаруви остида эканлигини кўрсатади. Бир пайтлар Худованднинг Мусонинг шогирди Ёшуага айтган сўзлари биз аёлларга ҳам тегишли, “Амр қиламан, дадил ва ботир бўл, ваҳимага тушма, қўрқма, қаерга борсанг ҳам, Мен, Эганг
Худо, сен билан бирга бўламан.”
Бунга ишониш учун аёлдан кучли имон талаб этилади. Чунки биз аёлларнинг ҳаётида анчагина паст-баландликлар бор. Ундан ташқари Худонинг бошқа бир ваъдаси бизга ҳамма нарса Худонинг иродасига кўра яхшилигимиз учун хизмат қилишини билишимиз керак. “Биз биламизки, Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра даъват этди.” Қийинчилик дамларида Худонинг ваъдалари ичингизга қўрқув ва ташвиш киришига йўл қўймайди. Чунки биламизки, Худо бизни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Худонинг Каломига итоат қиладиган аёл доим ибодатда бўлади. Чунки Калом шундай дейди, “Тинмай ибодат қилинглар”. Художўй аёл ҳеч қачон Худога бўлган умидини сўндирмайди. Худди Каломда ёзилган аёлдек, тинмай тилагини баён қилади. “Исо у ердан кетиб, Тир ва Сидон ҳудудларига борди. Шу ерда яшайдиган бир канъонлик аёл Исонинг олдига келиб, фарёд қилди:
— Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, менга раҳм қилинг! Қизимни жин чалган, аҳволи ёмон! Исо эса шундай деди: — Худо Мени фақат Исроил халқининг адашган қўйлари олдига юборди. Аёл эса келиб, Исонинг олдига тиз чўкди–да: — Ёрдам беринг, Ҳазрат! — деб ёлворди. Исо эса: — Болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди. — Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку. Шунда Исо: — Эй аёл, сенинг ишончинг буюк! — деди.”
Шундай қилиб, биз Каломдаги буюк ишончли аёллардан намуна олиб, художўйликда ўсиб боришимиз биз қилишимиз мумкин бўлган энг тўғри ишлардан бири ҳисобланади.