Гохида шундай гапларни эшитасиз: — Аёл кишига ўхшама! – Хотин кишидай майдалашма! Мана шу гапни айтган одамнинг ўзи ушоқ. Аёл хақида бундай демоққа тийилмоқ жоиз. Огох бўлайликки, дунёдаги жами яхлитлик ва бутунлик аёл биландир. Ўрмалаган жоннинг бари аёлга юзланажак, онам деб, жуфтим деб, синглим, опам деб. Ундан жон олажак, нур, мадам олажакдир! Аёлсиз хаёт дарвозаси берк бўлса, хамма ишмиз унга тушиб турса халоватга хам, халокатга хам аёл сабабчи бўлса, нега аёл аталган илмни ўрганмаймиз?! Аёл ўзи ким? Аёлсиз уй –тун. Ранглар йўқолади.
Атрофингиз бешакл. Гулларнинг хидини туясиз-у ўзини кўрмайсиз. Феруза осмон йўқ. Кўксингизни яйратган қушчалар беркинган. Кўзингизни яшнатган чечаклар юмилган. Бу камликдан, бу яримликдан, бу хувиллашдан жунжиккан юрагингиз хам қовирғаларингиз остига чўкиб мунғайиб қолади. ― Онанг қаёққа кетди?! – зарда билан сўрайди эркак. ― Мен эртага борадирман, онам уйда бўлиб турсинлар! – тайинлайди узатилган қиз. – Аяжон қанисиз? – онасини излайди болакай. Аёл – сехр. Бармоқларини шундай югуртирса кераксиз қийқимлар чаман шакли тушган ёстиққа, кўрпачага айланади. Уйга бир кириб чиқса, пардаларга-ю, деворларга, жовонларгаю, мехробларга бахор юққандай изларида ифор уфургандай бўлади.
Аёли бор уйнинг дастурхони камбағал бўлса хам, мазаси тотли. Димоғингни онангнинг кўксига босган захотинг бутун эмасми – жонинг тўяди. У бир жилмайса уканг юпанади, отанг шаштидан тушади. Унинг бир имоси шикастагина далдаси билан ундаган хамма ишлар юришиб кетади. Аёлни майда деганлар сўзларини қайтиб олсинлар. Кўп йиллар олдин бир шеър ўқигандим: она бемор, холати тобора орқага кетмоқда, сўнаётган шам каби жони липиллаб турибди. Биттагина фарзанди бошида мўлтираб ўтирибди. Мизғигани қўрқади, кўзини юмса онаси узиладигандай. Аммо ғафлат устун кечди ўғил онанинг кўксига бошини қўйганича бир зум пинакка кетди. “Шунда, — дейди шоир, — боласининг уйқусини бузиб юбормаслик учун она ўз юрак уришини тўхтатади!”
Шоир бу гапни тўқиб айтди, аммо шундай ташбех билан айтдики. Бир жойда ўқигандим, адабиёт ёлғон гапиради, лекин у хақиқатнинг ўзидан кўра ростроқдир. У ёлғонмас, у фарзанди учун аёлнинг жисмида кўпчиб турадиган минг имконнинг биттаси холос. Бундай имконининг борлигини аёлнинг ўзи хам билмайди. Бу қудрат керагида пайдо бўлади. Юрий Андреевнинг «Бахтли бўл, ўғлим” китобида боласини халокатдан қутқариш учун жон-жахди билан урилиб елиб бораётган юк машинасини ағдариб юборга аёл хақида гап боради…
Аёл ўзи ким дея ёқангни ушлайсан. У бамисоли тўғонга қамалган сув – очилиб кетгудай бўлса, хўлу қуруқни баравар ювиб кетади! Бу ирода, бу орият, бундай шижоатни унга Оллох берган! Унинг оилада, жамиятда ўрни беқиёс ва такрорланмасдир. Унинг ўрнини босадиган зот топилмас. Она бамисоли мехр оқиб тургувчи булоқ. Бу булоқнинг қошида фарзандлар улғаяди, эр рохат топади. Шунинг учун аёлларга нисбатан паст назар билан қараганлар адашадилар.