Ассалому алайкум. Азизлар бугун мен Лола сизларнинг эътиборингизга болалар ҳақида баъзи бир маълумотларни ҳавола қиламан. Болалар бизнинг борлиғимиз, қайси ота-она уларнинг мукаммал ва етук шахс бўлиб вояга етишини истамайди. Ҳар биримиз қўлимиздан келганича, болаларимизга яхши ва фойдали нарсаларни ўргатишга ҳаракат қиламиз. Бугунги кунда болалар нималарга қизиқади: телевизор, копютер ўйинлари ва бошқаларга. «Мен ёшлигимда китоб ўқишга қизиқардим, нега менинг болам шундай эмас», дегувчи оналар ҳам топилади. Болангизда бу қизиқишни шакллантириш мумкин, фақат бунинг учун сиздан вақт ва меҳнат талаб этилади. Энг аввало болангиз 1 ёшга тўлганидан бошлаб, унга қизиқ-қизиқ, суратли ҳикоялар ўқиб беринг.
Бошида болангиз бунга қизиқмаслиги мумкин, аммо китоб ўқиб беришни ўзингизга одат қилиб олинг. Китоб ўқиш учун эса маълум бир вақтни танланг. Эрталаб, тушда ёки кечқурун ётишдан олдин. Бир неча марта ўқиб берганингиздан сўнг, болангиз бунга ўрганади. Каттароқ бўлгач эса, унинг ёшига қараб китоблар танлайсиз. Ўқишни ўрганаётганида болангиз билан бирга ўқинг. Унинг ўзи ўқишини рағбатлантиринг. Тез-тез мақтаб туринг. Ҳар сафар болангиз китоб ўқиётганида унинг ёнида туриб, тушунган – тушунмаганини сўранг. Тушунмаган бўлса, оддийроқ сўзлар билан тушунтиринг. Шундай қилиб фарзандингизда китоб ўқишга бўлган меҳрни уйғота оласиз.
Фарзандингиз 7-8 боринг-ки 12 ёшда, аммо бу ёшда ҳам китобга қизиқишини уйғотишингиз мумкин. Бир оз қийинроқ бўлади, аммо ҳаракатни сусайтирманг. Унинг қизиқишига қараб, китоблар танланг, биргаликда китоб ўқинг. Нимани тушунганларини сўранг. Китобни мажбурлаб ўқитманг, бу ёрдам бермайди. Турли йўллар билан уни қизиқтиришга ҳаракат қилинг. Болаларнинг компютер ўйнашига салбий муносабатда бўлманг. Агар компютер ўйнашга қизиқса, ўйнасин, фақат мияни ишлатадиган, унинг билимларини оширадиган ўйинларни танлаб олиб беринг. Ҳар қандай ўйинларни ўйнайвермасин. Вақт кетказганига яраша бирор нарсани ўрганиши керак. Энг муҳими компютер олдида 30 дақиқадан ортиқ ўтиришига рухсат берманг.
Болангиз тарихий сана ва воқеаларни эслаб қолишини истасангиз, шу воқеаларга мос бўлган расмларни кўрсатиб тушунтирнг.
Гербарий ясаш боланинг умумий ривожланишига ёрдам беради. Болангизнинг ақлий қобилиятини чиниқтиради. Фарзандингизнинг дарс тайёрлайдиган столи тепасига математик формула ва қоидалардан иборат бўлган жадвални жойлаштирсангиз, уларни ёдлаб олиши осон бўлади.
Болангизга бирор бир тилни ўргатмоқчи бўлсангиз, унга шу тилни ўрганишига ёрдам беринг. Қоғоздан баргча, юракча ва юлдузчалар ясаб, уларнинг бир томонига инглизча, иккинчи томонига таржимасини ёзиб, уй жиҳозларига ёпиштириб чиқинг. Бу тарзда ёдланган сўзлар хотирада яхши сақланади. Болалар ўрганганларини тезда унутиб қўядилар, шунинг учун ҳам ўрганганларини тез-тез такрорлаб туришларига ёрдам беринг.