2:59

Бола нега мактабга боришни истамайди?

MP3

Ассалому алайкум оналар. Ҳар куни болаларимизни мактабга кузатиб қўяр эканмиз, уларнинг яхши билим олиб, келажакда яхши касб эгаси бўлишини истаймиз. Афсуски, ҳар доим ҳам биз ўйлаганчалик бўлавермайди. Баъзида болаларимизни мактабга жўнатиш катта муаммо бўлади. Оналарнинг бир-бирига: «Болам негадир мактабга боришни истамайди. Уни мактабга минг азоблар билан жўнатаман.», — деган сўзларини эшитамиз. Бола нега мактабга боришни истамаслигининг жиддий сабабларини ўйлаб кўрганмисиз? Бу ҳақида ўйлашимиз билан дарҳол ўқитувчиларга диққатимизни қаратамиз. Балки улар болаларимизга ёмон муносабатда бўлаётгандир? Балки, дарсларни яхши ва қизиқарли қилиб ўтмаётгандир?

Бу саволларда ҳам жон бор, аммо билишимча болаларнинг мактабга бормасликларининг сабаби уларнинг бирор бир фандан оқсоқланаётгани ва буни ўзида кўришни истамаслигидадир. Бола математикани ўзлаштиролмаётган бўлса, математика дарсида ўзининг камчилигини, ақлсизлигини яққол кўриб қолади, бу нарса эса унинг ички «мен»ига ёмон таъсир қилади. Бола ўз уқувсизлигини енга олмас экан, унинг учун энг яхши йўл, мактабга бормасликдир. Мана шу йўл билан муаммосини ечмоқчи бўлади. Бола бошқаларнинг математика ва бошқа фанлардан яхши ўзлаштираётганларини кўриб, «Нега мен шунақаман?», — дея ўксинади. Бунинг сабабини тополмаса, асабий, жиззаки бўлиб қолади.

Ростдан ҳам, болаларнинг бирор бир нарсада уқувсизлигига сабаб нима? Бунга сабаблар кўп. Улардан энг оддийси оилавий генетикадир. Оилада ота ёки она математикага уқувсиз бўлган бўлса, болалардан бири ҳам шу нарсада уқувсиз бўлиши мумкин. Отасида ёки онасида бўлган уқувсизлик болага ҳам ўтади. Уқувсизлик бу ақлсизлик дегани эмас, ёшлигида математикага уқувсиз бўлган ота ёки она, бошқа фанлардан аъло баҳоларга ўқиган бўлади. Масалан, адабиёт, она тили ёки тарих унинг энг севимли фанларидан бўлган. Чунки бу фанларда у ўзининг бор билимини кўрсата олган ва бошқалардан кам эмаслигини исботлаган.

Миянинг маълум бир соҳага яхши ўтмаслиги ҳасталик оқибатида бўлиши ҳам мумкин. Ҳасталик оқибатида болаларда тил дудуқлиги, яхши ўқий олмаслик ёки хотиранинг заифлашиши кузатилади. Бу нарса боланинг айби билан эмаслигини ота-оналар болаларига тушунтиришлари ва болага дарсликни тушунтираётганида оналар ҳам сабр-тоқатли бўлишлари керак.

Боланинг ёки катталарнинг ҳам бирор бир соҳага уқувсизлигини миянинг ўша соҳага жавоб берадиган қисми яхши ишламаслиги билан тушунтириш мумкин. Агар сизда ёки фарзандингизда ҳам шундай муаммолар бўлса, бундан асло тушкунликка тушманг. Фарзандингизга ҳеч кимнинг мияси мукаммал тарзда ишламаслигини тушунтиринг. Дарҳақиқат, ҳеч кимнинг мияси мукаммал тарзда ишламайди. Сиз ҳавас қилаётган математик болалар, адабиётдан ёки мусиқадан яхши ўзлаштиролмаслиги мумкин. аксинча, ўғлингизнинг математикадан яхши эмаслиги унинг бутунлай иккичи эканлигидан далолат эмас. Агар диққат қилиб қарасангиз, ўғлингизнинг бошқа фанлардан ютуқларини ва қобилиятларини кўрасиз. Ҳаётда яхши она бўлиш осон эмас, бироқ ҳаракат қилишингизга ишонаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top