3:32

Сукунат

MP3

Ассалому алайкум. Қадрдонлар аёл бўлиш осон эмаслигини мен жуда яхши тушунаман. Ҳаётда бир вақтнинг ўзида биз аёллар бир нечта вазифани баравар олиб юришимиз керак. бу жуда қийин. Баъзида эплай олмаганимизда, йиғлаб-сиқтаймиз, турмуш ўртоқларимизга ёзғирамиз, дугоналаримизга дардимизни айтамиз.

Турмуш ўртоқларимиз бизни тушунса яхши, аммо тушунмаса ҳолимиз чатоқ. Аммо шундай ҳолатда ҳам бизни тушунадиган, бизга ёрдам берадиган, доимо бизни ҳимоя қиладиган Тангримиз бор. Шундай дея ўзимизни овутамиз. Худога бор дардимизни тўкиб соламиз. Ундан ёрдам сўраймиз. Бирор нарсада ёрдам беришини сўрар эканмиз, сўраётганларимиз Худонинг иродасига тўғри келади, Худо менга албатта жавоб беради, чунки унинг иродасига кўра сўраяпман, дея умид қиламиз. Аммо узоқ вақт ўтса ҳамки, Худо сизнинг илтижоингизга «ҳа», деб жавоб бермайди. Худди У сизни эшитмаётгандай, Худди сиздан юзини бургандай. Бундай пайтларда сиз ҳаддан ташқари тушкунликка тушиб кетасиз. Сизни тушунаман. Умидингизнинг охирги торлари узилиш арафасида туради. Бироқ шунда ҳам ҳаётингизда Худонинг қилган ажойиботлари хаққи умидингизни сақлаб қоласиз. Бу энг қийин ва мақтовга арзигулик иш. Сиз Худонинг сукунатига чидай олмай, қийналаётганингизда, Худо менинг ҳаётимда ишламаяпти деб ўйлаганингизда ҳам Худо ишлаётган бўлади. Сиз ҳис қилмаслигингиз мумкин, аммо бу ҳақиқат. Биз аёллар кўпроқ ҳис-туйғуларимизга таянамиз. Ҳис-туйғуларга ишониб, кўпинча хато қиламиз. Чунки бизнинг ҳис-туйғуларимиз организмимиздаги гормонлар ҳисобига ўзгарувчан бўлади. Шунинг учун Худонинг ҳақиқатларини ҳис-туйғулар билан эмас, онг билан тушуниб қабул қилиш керак. Ҳисларимиз Худони узоқда деб билса ҳам, Каломда ўқиганларимизга қараб, Худо доим биз билан бирга эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Худо ҳеч қачон кеч қолмайди. Ҳатто баъзида Худо бутунлай кеч қолди, энди ҳеч қачон ўтиб кетганларни ортга қайтариб бўлмайди, деб ўйлаганимизда ҳам, Худо нимаики қилса ўз вақтида қилади, ҳатто буни тушунишга ақлимиз ноқислик қилса ҳам. Бир киши бошқа бир шаҳарга бориб, жамоатда ваъз ўқибди. Ўша ваъздан кейин 12 ёшлар чамасидаги бола ўша кишининг олдига келиб, келажакда Худонинг хизматини қиладиган инсон бўлажагини айтибди. Улар узоқ вақт боланинг орзулари, Худонинг йўли ҳақида тушунишибди. Бола билан суҳбатдан маълум бўлишича, оиласида фақат ўша болагина имонли экан. Ваъз айтган киши у учун узоқ вақт астойдил ибодат қилиб юрибди. Бир-икки йилдан сўнг яна ўша шаҳарга, ўша жамоатга борибди. Йиғилиш охирида 16 ёшлардаги қиз келиб: «Сиз ўтган йили сиз билан гаплашган болачани эслайсизми?», — деб сўрабди. Болача ҳақида эшитиб, воизнинг чеҳраси ёришиб бола ҳақида сўрабди. «Укам ўтган йили автохалокатда вафот этди. Унинг ўлимидан ҳаммамиз азобландик»- дебди опаси. Бироқ маълум бўлишича, болакайнинг ўлимидан сўнг, бутун оила имонга келибди. Жуда қизиқ. Худо нега бундай қилди?

Биз ҳам Худо нега ҳаётимизда турли йўллар билан ишлашига тушунмаймиз. Нега унинг хоҳиши бўйича бирор нарса сўрасак, ҳам ҳаяллашига тушунмаймиз. Назаримизда Худо бизни эшитмаётгандай бўлаверади. Худодан хафа бўламиз. Бироқ сизга айтаман, асло тушкунликка тушманг. Худо сиздан узоқда туюлса ҳам, У аслида ёнингизда, сизнинг ибодатингизга жавоб бериш учун энг тўғри вақтни кутаяпти ва сизда ишлаяпти.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top