Ассалому алайкум. Кунлар шунчалик тез ўтиб кетадики, баъзида қилмоқчи бўлган ишларимизни қилишга ҳам улгурмай қоламиз. Бу фикрга деярли ҳамма қўшилса керак. Биз аёллар меҳнатдан қочмаймиз. Бироқ шундай пайтлар бўладики, дангасалигимиз бош кўтариб қолади. Эрта тонгдан ўрнимиздан туришни истамаймиз, доимий қилинадиган ишлар биз учун оғир бўлиб туюлади. Фарзандларимиз билан шуғулланиш малол келади. Телевизор қаршисида ўтираверсак. Аммо бундай ҳолат бизнинг ишларимизни барбод қилади. Бу дангасалик бизга қимматга тушиши мумкин.
Қадимги аждодларимиз дангасаликни жуда катта талофат деб билганлар. Чунки деҳқон дангасаликка берилса, тамом, шу йили оч қолди дегани эди. Замонавий кишилар учун ҳам бу нарса катта зиён келтиради. Дангасалик оқибатида ҳаёт мазмуни йўқолади, обрусига путур етади, бир қанча имкониятлардан қуруқ қолади, кишилар билан муносабатлар бузилади. Руҳшуносларнинг фикрича, дангасалик ҳам турли хил бўларкан. Масалан пассив дангасалик. Бунда аёл киши ҳатто қимирлашни ҳам истамайди. Ëки актив дангасалик. Бу дангасалик жуда қизиқ экан, нима бўлса ҳам қилаверасиз-у, фақат қилиниши керак бўлган ишларни эмас. Баъзида эса дангасалигимиз ҳолатга қараб бош кўтараркан. Муҳим ишларни битиришга кетаяпсиз-у, боргингиз келмайди. Об-ҳавони ва бошқа нарсаларни баҳона қилаверасиз.
Ва ниҳоят сурункали дангасалик. Бу дангасалик қандай пайдо бўлади. Дастлабки дангасалик ироданинг сустлашишига олиб келади, агар бунинг олдини олмасангиз, бу дангасалик одатга айланиб қолади. Мана шу одат сурункали дангасалик дейилади. Дангасалик оқибатида кўпгина аёллар тушкунликка тушиб қоладилар. Нега шундай бўлади? Тасаввур қилинг, дангасалигингиз оқибатида ҳар куни қилиниши керак бўлган ишлар қилинмай, йиғилиб қолади. Ҳафта охирига бориб эса барибир шу ишларни қилишингиз керак. Холбуки кўпчилик аёллар ҳафта охирида турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан кун ўтказишни ёки у ёқ бу ёққа боришни ёқтирадилар.
Ишлар тўпланиб қолгач, оила билан маза қилиб дам олиш ҳам бўлмайди. Шанба ва Якшанба кунларига фақат ҳафта давомида йиғилиб қолган кирлар ва дазмолланмаган кийимлар билан шуғулланишга тўғри келади. Бу эса аёлга салбий таъсир қилиб, тушкунликка тушишига олиб келади. Шундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак дейсизми? Биринчидан дангасалик келган заҳоти уни ҳайдашга ҳаракат қилинг. Ҳеч қачон дангасалик танангизни эгаллаб олишига йўл қўйманг. Иккинчидан эса қилиниши керак бўлган ишларга ижобий томондан қаранг. Бу ишингиз билан оилангизга қандай ёрдам беришингиз мумкин?!
Бирор бир ишни қилгингиз келмаяптими, шу ишни севимли машғулотингиз билан аралаштириб бажаринг. Ëш қизлик пайтимизда мусиқа тинглашни ёқтирардик. Уззу кун хонамиздан мусиқа овози тинмасди. Оилали бўлиб, фарзандли бўлгач, кўпчилигимиз мусиқа тинглашни ҳам унутиб қўямиз. Бироқ нимадир қилишни истамаган пайтингизда ўзингизга ёқадиган мусиқани қўйиб, шу ишни мусиқа садоси остида қилишга ҳаракат қилиб кўринг. Ëки бўлмаса, енгилгина рақс тушиб ҳам ўша ишни бажариш мумкин бўлар. Масалан ойна артишни ёки уй супуришни. Азизлар сизни ҳаётда қандай муаммолар қийнайди, бу ҳақида бизга ёзиб юборинг.