3:42

Фойдали пархезлар

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугун ҳам саломатлигимиз учун фойдали бўлган таомлар ҳақида суҳбатлашамиз. Ҳар ким ҳам пархез тутишни ёқтиравермайди, аммо қуйида биз келтирадиган таомлар ҳаммага бирдек ёқиши шубҳасиз. Сут ва сут махсулотларини кўпчилик хуш кўради. Баъзилар ёқтирмаслиги мумкин аммо, сутнинг соғлиқ учун фойдали эканини ҳамма билади. Сутнинг таркибида организм учун керакли бўлган кўпгина фойдали моддалар мавжуд бўлиб, ундан тайёрланадиган таомлар халқ табобатида ҳам кенг қўлланилади.

Масалан сутли мошхўрда. Бу тансиқ таом халқ табобатида қонни ва сафрони тозалаш, асабларни мустаҳкамлаш ва кўзни равшан қилиш сифати билан машҳур. Бундан ташқари у жуда тўйимли ва чанқоқбосди хусусиятга ҳам эга. Бу таомни тайёрлаш учун 2 л сут, 200 гр мош, 250 гр гуруч, 50 гр сариёғ ва таъбга кўра туз керак бўлади. Мошни ювиб, совуқ сувли идишга солиб, паст оловда қайнатинг. Мошнинг пўстлоғи очилганда сутни қуйиб, ювилган гуручни ҳам солинг. Мош ва гуруч юмшагунча ковлаб пиширинг. Овқатнинг тузи мош пишгандан кейин ростланади. Пишгач оловдан олиб 5-7 дақиқа дам едиринг, косаларга солиб, устига бир чой қошиқ сариёғ солинг. Аммо бу таомни ўт қопи ҳасталанган кишилар емасликлари керак. Чунки мош уларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Кейинги пархез таомнинг номи «Мунчоқ атала». Тиш оғриб ютиш қийинлашганда тайёрланадиган тансиқ таом. Бунинг учун 2 л сут, 200 гр ун, 0,5 ст гуруч, 50гр сариёғ ва туз керак бўлади. Унни сариёғ билан жазлаб олиб, унга қайнаётган сутни қўшинг. Гуручни алоҳида идишда қайнатиб олиб, аталага қўшиб юборинг. Косаларга солиб, юзига икки чой қошиқ сариёғ солинг ва дастурхонга тортинг. Ширхўрдани билмайдиган одам бўлмаса керак. Бу тансиқ таомнинг номи форсча «шир» — сут ва «хўрдан»- емоқ сўзларидан олинган бўлиб, эрталабки нонушта учун тўйимли ва мазали таом ҳисобланади. Ширхўрдани тайёрлаш учун 2 л сут, 1,5 ст гуруч, бир озгина туз ва 50 гр сариёғ керак бўлади. Гуручни ювиб туз солинган қайноқ сувда чала пишириб оласиз, чунки тўғридан тўғри сутга солинган гуручнинг пишиши қийин. Шундан сўнг гуручни сутга солиб, эзилгунча пиширинг. Таъбга кўра туз ва шакар солинг. Тайёр таомни дастурхонга тортишдан олдин оловдан олиб, дам едиринг. Сўнг идишларга қуйиб юзига сариёғ бўлакларини қўйинг.

Сутдан ташқари яна таркибида калъций моддаси бўлган балиқ ҳам бор. Балиқли таомларни кўпчилик севиб истеъмол қилади. Шу сабабли балиқли салат рецептини эътиборингизга ҳавола қиламан. Балиқли туркча салат. Балиқнинг шифобахш эканини ҳамма билади. Унда кальций, фосфор, бир нечта витаминлар ва бошқа кўпгина моддалар бор. Шунинг учун тез-тез балиқли таомларни истеъмол қилиб туриш лозим. Ҳозирги балиқли салатимиз учун эса 200 гр скумбрия балиғи, 150 гр яшил нўхат, 200 гр майонез, 3 та пиёз, 3 та тухум, 1 боғ петрушга ва укроп керак бўлади. Салат учун майонез ўрнига салат ёғини ишлатишингиз мумкин. Тухум сувда қайнатилади. Тайёр тухум тўғралади. Унга тўғралган пиёз ва яшил нўхат қўшилади. Скумбрия соусисиз салатга қўшилади ва майонез билан бирга аралаштирилади. Салат кўкатлар билан бойитилади. Бу салат мазали бўлиши билан бирга дармодориларга бой ҳисобланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top