Ассалому алайкум оқила ва меҳрибонлар. Мен Лола сизлар билан бу мавзуларда суҳбатлашаётганимдан мамнунман. Агар суҳбатларимиз орқали ҳаётингизда ниманидир ўзгартира олсангиз Худога шукроналарим чексиз бўлади. Ўтган сафар шайтон гуноҳ ҳақида инсонлар онгида нотўғри тасаввур бериши ҳақида айтиб ўтгандим. «Истаганингча гуноҳ қилишинг мумкин, бунинг оқибатида ҳеч қандай тўлов тўламайсан». Бу ёлғон шайтоннинг ёлғонлари ичида энг муҳими бўлса керак. Худо Адан боғида Одам Атога: «Бу дарахтнинг мевасидан ема, есанг ўласан», деган эди. Шайтон эса Момо Ҳавонинг онгида Худонинг айтганларига шубҳа уйғота олди.
Худо: «Ема, есанг ўласан», деган бўлса, шайтон: «Йўқ, ўлмайсизлар», деди. Забур китоби 9 бобда нима учун инсонлар ҳар сафар Худога итоатсизлик қилишлари ҳақида уч марта айтилган. «Юрагида у айтадир: Мен ҳеч қачон панд емайман, фалокатга ҳам учрамайман, то абад.» «Бетавфиқ ўз дилида айтар: Тангри унутибди, юз-кўзини беркитибди, қилмишимни У абадий кўрмас!» «Нечун бетавфиқ Худони менсимай: Сен ўч олмайсан, деб ўз кўнглида айтар». Душманимиз шайтон
гуноҳимиз учун жавоб бермаймиз
нима эксак шуни ўрмаймиз
қиладиган қароримиз оқибати ёмон бўлмайди
олов билан ўйнашсак ҳам куйиб қолмаймиз
деб бизни ишонтиришни истайди. Худди кўп ёлғонлар каби бунга ҳам ўзимиз билмаган ҳолда ишониб қоламиз. Ҳозир юқоридаги ёлғонларни эшитиб, «йўқ мен бундай деб ўйламайман», десак ҳам гуноҳ билан тўқнаш келганимизда айнан шу ёлғонлар туфайли иш кўрамиз, яъни ҳеч иккиланмасдан гуноҳни танлаймиз. Нега гуноҳ қиламиз, чунки гуноҳнинг ҳеч қандай ёмон томонини олдиндан кўрмаймиз. Меҳмонга бордик. Турли хил ноз-неъматлардан кейин олдимизга торт қўйишди. Бироз татиган бўлдик. Ширин, яна ўзимизни тийиб туролмай, «қолиб кетмасин» дея қолганини ҳам еб қўямиз. Оқибатда эса:
бир неча соатдан кейин қорнимиз дам бўлади
эртасига оғирлигимизни ўлчагач, «нега ўшанда ўзимни тийиб туролмадим-а», деб ўзимизни койиймиз.
Бу бир мисол ҳолос. Гуноҳ билан ҳам худди шундай бўлади. Биз ҳар доим шайтоннинг ёлғончи эканини эслаб туришимиз керак. Худо гуноҳ деганини шайтон, гуноҳ эмас дейди. Ҳақиқат шундаки, гуноҳ жуда хавфли. Нима эксак шуни ўрамиз. Бугунги танловимизнинг келажакда оқибати бўлади. Яна ҳақиқат шундаки, олов билан ўйнашсак куйиб қолишимиз тайин. Бугунги қилган гуноҳимиз эртага ўлимни туғдиради. Аммо афсуски кўпчилигимиз танавий хоҳишларимизга кўра қилган танловимиз, турмушимизга, соғлиғимизга, Худо ва одамлар билан муносабатимизга салбий таъсир қилишини англамаймиз. Азизлар гуноҳ ҳақидаги мавзумиз ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Кейинги суҳбатларимизда гуноҳ ва шайтоннинг ёлғонлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўламиз.