2:38

Юлғич болалар

MP3

Ассалому алайкум меҳрибон опа-сингиллар ва оналар. Доимо фарзандларимиз кўз олдимизда бўлиши, уларнинг табассуми ва шодлигини кўриш биз оналар учун бахт. Улар билан меҳмонга борамиз, дўконларни айланамиз… Мана шу ҳолат кўпинча оналар учун жуда муаммоли бўлади. Дўкон айланиш жуда ҳам яхши, аммо юлғич болалар билан дўкон айланиш азоб. Боласи билан бозор айланган оналарни, «Нарса олиб беринг», — дея хархаша қилаётган болакайларни ҳам жуда кўп кўрганмиз. Бу деярли ҳамма оналарнинг оғриқли нуқтаси. Севимли фарзандингизнинг доимий «Олиб беринг!» деган гапига нима деб жавоб бериш мумкин ва молиявий ижозат нимаси билан ёмон? Келинг, болангизда пулларга нисбатан тўғри муносабатни қандай тарбиялаш мумкинлигини кўриб чиқамиз. «Эсимда, бир неча йил олдин кичкинагина жиянимнинг туғилган куни эди. Мен ва онаси ўйинчоқни ўзи танласин дея, уни ўйинчоқ дўконига олиб бордик.

Жияним ўйинчоқ дўконига кирганидан кейин жуда ҳам яйради. Кўзига чиройли кўринган, ёққан ўйинчоқларнинг ҳаммасини ушлаб, ўйнаб кўрди. Мусиқа асбобларини чалиб кўрди. Хуллас, роса бир соат магазин ичида ўйинчоқ танлади. Кейин эса бизга қараб: «Энди кетдик, торт еймиз», — деб қолди. Ҳаммамиз роса кулдик. Аслида жиянимга ўшанда бирор бир ўйинчоқ эмас, онаси билан бирга бозор айланиш, ўзини аҳамиятли ҳис қилиш керак бўлган. Биз эса қизчага онаси билан бирга ўзимиз билмаган ҳолда шу нарсани берганмиз. Кўп ҳолларда болалар сиз ҳарид қила олмайдиган кўп нарсаларни сўрайди. Боланинг ҳамма айтганларини бажариш билан болаларга кичик ёшиданоқ ўз маблағларидан нотўғри фойдаланишга ўргатиб қўясиз. Агар ҳамма нарсани таъқиқлайверсангиз, пулингиз йўқлигини пеш қилаверсангиз, болакай пули кўпроқ бошқа қўшниларнинг болаларига нисбатан хасад ҳисси ривожланади.

Доимий «Олиб бер» деган хархашадан қутулишнинг акси бу ҳамма нарсани олиб беришдир. Бунга ҳаддан ташқари таъсирчан ота-оналар мойил бўлади. Улар фарзандини ҳар қандай камчиликдан, ўзларини эса боланинг одамлар олдидаги хархашаларидан асраш мақсадида исталган сарф-харажатга тайёр бўладилар. Бундай ёндашув эса болада ўз молиявий аҳволини назорат қила олмасликка олиб келади. Бундан ташқари, болакай ота-онасининг молиявий муаммоларига бефарқ бўлиб қолади ва сизга ҳар доим истеъмолчилик муносабатида бўлади. Шунинг учун болага етарлича эътибор бериш, олиб бериладиган нарсаларнинг меъёрини билишнинг ўзи етарли. Бунинг учун ота-оналарнинг ўзлари зукко бўлишлари керак.

Қачон болага ҳамма нарсага ижозат бериш керак, қайси пайтда эса унинг иштаҳасини пасайтириш лозимлиги ҳақида ота-оналарнинг ўзларида тушунча етишмайди. Европада ва бошқа ривожланган давлатларда икки нарсада мутлақо тежамкорлик зарур эмаслигини яхши билишади – бу соғлиқ ва таълим. Яъни шифокорлар, спорт, ривожлантирувчи ўйинлар, китоб ва дарсликлар, репетиторлар ва курслар – буларнинг барчаси иложи борича оила бюджети имкон берадиган даражада сифатли бўлиши керак. Сиз асосан мана шу нарсаларга кўпроқ эътибор қаратинг. Бозордаги «Олиб бер» хархашасини эса мумкин қадар мана шундай таълим томонга йўналтиринг. Оддий бир нечта ширинлик ўрнига чиройли расмли китоб олишга кўндиринг. Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top