Интерьер. Бу аёлларга ёқадиган мавзу. Қайси аёл ўз уйини ўз дидига мос келадиган қилиб безатишни истамайди дейсиз. Шунинг учун аёлларга бу борада бироз ёрдам бериш учун суҳбатимизга интерьер мавзусини танладик.
Ассалому алайкум. Бугун мен иложи борича сизга уйингизни безатишингиз учун асқоатадиган баъзи маълумотларни беришга ҳаракат қиламан. Баъзи дизайнерларнинг фикрича киши ўз уйини безатаётганда баъзи бир қонун қоидалардан четлашишига тўғри келади. Уйингизни ўзингиз истагандек қилиб, орзуларингизга таянган ҳолда қайта таъмирланг ва безатинг.
Айтишларича уй кишининг қандайлигини кўрсатиб беради. Уйингизни қандай кўринишда безатиш ҳақида бош қотириб ўтирманг. Сизга қайси стилдаги мебеллар ва уй жиҳозлари ёқишини ўзингиз яхши биласиз. Шунга қараб уйингизни безатишингиз мумкин. Баъзиларга замонавий интерьер ёқади баъзиларга эса эски классик усул маъқул. Шунга кўра кишининг характери ва маънавияти намоён бўлади. Уйингиздаги интерьер бутунлай тугатилмаган бўлиши керак. Қайси бир детали ёки нимасидир тугалланмаган бўлиши ҳам табиийлик ва қизиқишни уйғотади.
Агар янги уй қураётган бўлсангиз, хона потолокларини баландроқ қилиб қуринг. Албатта қурувчилар ва турмуш ўртоғингиз потолокка ёғочлар қўйишади. Бу ёғочлар шундай тартиб, ва текислик билан қўйилсинки потолокка бошқа нарса қўйиш ёки ёпиштиришнинг кераги бўлмай қолсин. Классик услубни ёқтирадиганлар учун мана шу кўриниш жуда маъқул келади. Потолок учун ишлатилган ёғочлар силлиқ, ва моҳирлик билан қўйилган бўлиши керак. Кейин уни ўзингиз ёқтирган ранг билан бўянг.
Қачонлардир мен чет эллик аёлнинг ўз уйи ҳақидаги суҳбатини эшитгандим. Унинг айтишича уйи икки қаватли эмас экан. Бироқ ўғли жуда ҳам икки қаватлик уйда яшашни орзу қилган. Шунинг учун ҳам томни ўғли учун уй қилиб беришган. У ўз уйининг суратини ҳам кўрсатганди. Бугунги кунда кўпгина архитекторлар ва дизайнерлар мана шундай уйни маъқул кўришмоқда. Том баландроқ ва мустаҳкам қилиб қурилса, томга ҳам хоналар жойлаштириш мумкин. Бунда томни тутиб турадиган балкалар ўз ўрнида қолади. Фақат уй эгаси уларни моҳирлик билан безатса бас. Биринчи этаждан томга чиқадиган зиналар тепада яшайдиган кишининг тушиб чиқишини осонлаштиради.
Бундай стилдаги уйларда яшовчилар ғайри оддийлик ва табиийликни ёқтирадиганлар сирасига киришади. Томнинг учбурчаклиги асло уларга ҳалал бермайди. Классик услубни ёқтирадиганлар эски буюмлардан ҳам оқилона фойдалана биладилар. Ҳеч бир эски буюмни улоқтирмай, уларга янги безак ва кўриниш бериб, уйнинг асосий қисмига айлантирадилар. Агар замонавий стиль тарафдори бўлсангиз, бугунги кунда меҳмонхоналарни ажойиб расмлар билан безаш урфга кирган. Бу суратлар ўз шахсий ҳаётингиздан бир парча бўлиши ёки машҳур рассомларнинг иши бўлиши мумкин. Қандай сурат танласангиз ҳам у уйингизнинг умумий интерьерига мос тушишига ҳаракат қилинг. Уйингиз – сизнинг қанчалик дид соҳибаси эканлигингиздан сўзлайди.