2:47

Исо Масиҳдай бўлиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Аёл зоти, ўзининг ва яқинларининг ҳаётини мазмунли қилиш учун жуда кўп нарсалардан воқиф бўлиши зарур. Мавзумизнинг номи «Исо Масиҳдай бўлиш». Буни эшитиб, Эҳ, Исо Масиҳдай бўлиш жуда қийин! Қандай у каби бўлишим мумкин, дея умидсизликка тушманг. Сизларга бу борада йўл кўрсатишдан олдин Муқаддас Каломдан бир оятни ўқиб бермоқчиман: «Шундай қилиб, Исо заковатда ҳам, ёшда ҳам улғайиб бориб, Худо ва бандаларининг меҳрини қозонар эди.» (Лука 2:52).

Энди эса худди шу оятга кўра суҳбатимизни давом эттирамиз. Мақсадимиз нима эди? Исо Масиҳдай бўлиш. Биринчидан Исо Масиҳ каби заковатда улғайишимиз керак.

Исо Масиҳ бизнинг намунамиз. Худо Исо Масиҳга эргашиб У каби заковатда ўсишимизни истайди. «Токи сизлар Раббингизга муносиб яшаб, уни ҳар жиҳатдан мамнун қилинглар», — дейди Муқаддас Калом. Ундан ташқари бизлар Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳнинг иноятига таяниб, Уни таниб-билиб борган сайин ривож топишимиз лозим. Худди ҳаворий Павлус Филлипи шаҳридаги жамоат учун ибодат қилгандек биз ҳам ўз-ўзимизга шундай ибодат қилишимиз керак. Павлус Филлипи шаҳридаги жамоатга шундай деб ёзган эди: «Сизларнинг муҳаббатингиз ҳам ҳар қандай билим ва сезгида такомиллашиб, яна кўпдан-кўп ортиб боришини Худодан сўрайман.» (Фил 1:9). Демак бизлар Худо ҳақида кўпроқ нарсани билиб олиб, фақат тингловчигина эмас, бажарувчилар бўлишимиз керак экан. Бу Исо Масиҳга ўхшаш бўлишнинг биринчи босқичи.

Бу худди кечки овқатни дастурхонга тортишга ўхшайди. Кечки овқатни тайёрлашдан олдин, шу овқат учун аввалдан режа қиласиз. Оила аъзоларингиз дастурхон атрофига соат нечада тўпланишига қараб, кечки овқатингизга тайёргарлик кўрасиз. Худди шу каби Исо Масиҳга ўхшаш бўлиш учун ҳам режангиз бўлиши керак. Худо ҳақидаги билимингизни орттириш учун ҳам аниқ режага асосан иш кўришингиз керак. Бунинг учун маълум бир жойга, маълум бир вақтда керакли нарсалар билан бирга ўтиришингиз керак бўлади. Агар шундай қилсангиз, Худо билан бирга ўтган вақтингиздан роҳатланасиз. Бу эса Исо Масиҳга ўхшаш бўлишнинг иккинчи босқичи.

Нимадир қилиш керак – Ҳеч нарса қилмагандан кўра нимадир қилган яхшироқ. Бу нарса доимо ёдингизда бўлсин. Худо билан бирга ўтказган вақтингиз ҳақида кундалик дафтарингизга ёзиб қўйишни одат қилинг. Бу ўзингиз учун далда ва руҳлантириш вазифасини ўтайди. Шундагина Худонинг биз учун қилган ишларини унутмаймиз. Нима учун Исроил халқи Худонинг шунча мўъжизасини кўрганидан кейин ҳам Унга садоқатсизлик қилганини биласизми? Улар Худонинг уларга қилганларини унутиб қўйганлар. Менимча улар кундалик тутмаган бўлсалар керак. Аммо сиз уларга ўхшаманг. Ҳар сафар Худо билан бирга ўтказган вақтингиз, Унинг ибодатингизга берган жавоблари ҳақида қисқача кундалигингизга ёзиб қўйинг. Инсон табиатан ўзига қилинган яхшиликни унутувчан бўлади. Унутмаслик учун эса кундаликка ёзиб қўйиш энг яхши одат. Бу бир кун келиб сизга асқотишига ишончим комил.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top