Асосан оналар фарзандлари билан кўпроқ вақтини бирга ўтказишади. Шунинг учун ҳам фарзандларининг жахли чиққанининг биринчи шоҳидлари бўлиши табиий. Одатда фарзандларнинг жахли чиққанда жахлини чиқарган одамдан аламини олиши, уриши ёки бақириши кузатилади. Бу нормал ҳолат. Бу ҳолатга ота-оналар ҳам тўғри қарашни ўрганишлари лозим. Жахлини яшириш ва кўрсатмасликдан кўра шу усул яхшироқ. Албатта фарзандингиз сизга овозини баландлатиб бақиришини яхши деб бўлмайди. Аммо бу усул жахлни яширишдан кўра яхшироқ деяпмиз ҳолос. Чунки аввалги суҳбатларимизда айтиб ўтганимиздай агар оилада фарзандингизнинг жахли чиққанда уни жазоласангиз, жахлини ичида сақлашга мажбур қилсангиз бу болангизнинг ҳарактерига келажагига ёмон таъсир қилади. Ундан кўра жахлини ошкора намоён қилгани маъқул. Аммо шунда ҳам болангиз сизни ҳурмат қиладими? Ҳар доим ҳурмат қилсаю, фақат жахли чиққанда ёмон гаплар айтиб юборган бўлса, ёмон эмас. Аммо доимо ҳурмат қилмаса, демак фарзандингиз билан сизнинг орангизда катта муаммо бор. Зудлик билан бу муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишингиз лозим. Агар доимо ҳурмат қилса-ю, фақат жахли чиққани учун ёмон гаплар айтиб юборган бўлса, у билан ўтириб гаплашинг. Фақат ўзингизни босиб олган бўлишингиз лозим. Бундай пайтда фарзандингизга жахлини намоён қилиш ёмон бўлмаганини, фақат сизга ёмон сўз ишлатганини ёмон бўлганини тушунтиринг. Ёмон сўз ўрнига бошқа яхшироқ сўз ишлатишни ўргатинг. Болага жахлини тийишни ўргатиш давомида жуда сабрли бўлишингизга тўғри келади. Бу сиздан жуда кўп сабр тоқатни ва вақтни талаб қилади. Бу йўлда асло шошманг. Бола бирданига ўз жахлга қандай муносабатда бўлишни ўрганиб ололмайди. Унга сизнинг ёрдамингиз ва йўл-йўриқларингиз керак бўлади. биринчи ўринда болага жахл чиққанда бирор фойдали машғулот билан шуғулланиш кераклигини ўргатинг. Энг асосийси, жахли чиққанда энг аввало ўйлаб кўришни ўргатинг. Жахл чиққанда алоҳида хонага бориб, нима учун жахли чиққанини, ва бунга қандай муносабатда бўлишни ўргатинг. Жахли чиққанда жахлини бошқалардан, яъни жахлини чиқарган одамдан аламини олмасдан ўтириб, нима учун жахли чиққанини ўша одам билан гаплашиб олиши кераклигини ўргатинг. Жахл билан уриш, жанжалашиш ҳеч қачон яхши эмаслигини ва ҳеч кимга фойда келтирмаслигини ўргатинг. Бу йўлда сабр-тоқат ва донолик билан иш кўришингизга тўғри келади. Агар жахлини жиловлашни ва уни донолик билан тийишни ўргатмасангиз, фарзандингиздаги жахл борган сари кучайиб, тийиб бўлмас даражага етади, бунинг оқибатлари ёмон ва ҳатто дахшатли бўлишини ўзингиз ҳам англаётган бўлсангиз керак. Шунинг учун ҳам болангизга жахлини донолик билан тийишни ва жахли чиққанда жахл билан ҳаракат қилмай, тезда ўтириб ўйлашни маслаҳат беринг ва ўргатинг. Бу йўлда сизга осон бўлмаслиги тайин, аммо астойдил ҳаракат қилсангиз, натижасини албатта кўрасиз. Бу ҳолат худди уч қадам олдинга, икки қадам орқага юришга ўхшайди. Натижасини кўрганингизда ҳамма қийинчиликларингиз ортда қолади.