2:50

Худони исташ

MP3

«Кийик оқар анҳор сувларини тусаандай, кўнглим Сени шундай тусамоқда, эй Худо! Худога, кучли, барҳаёт Тангирга жоним ташна. Қачон келиб Худонинг ҳузурига кўринар эканман?» (Заб 41:2-3)

Ассалому алайкум қадрдон опа сингиллар. Биз кундалик ҳаётимиз, дунёвий ишларимиз билан баъзида Худо билан бирга юришни, Унинг олдига боришни унутиб қўямиз. Бироқ кўнглимиз бизга доимо Унга ташна эканини эслатади. Ичимизда Худога муҳтож бўлган, уни соғинадиган нимадир бор. Бу истак ҳаётнинг бешафқат оқимлари, воқеалари ва ташвишлари остида кўмилиб қолади. Аммо у йўқолиб кетмайди. У бизга доимо Худога муҳтож эканимизни эслатиб турамиз. Ҳаёт ташвишларига ўралашиб қолиб, Худодан узоқлашганимизни, Худонинг фиркларига қарши фикрлаётганимизни, шунга кўра ҳаракат қилаётганимизни сезиб қоламиз. Бу фикрлар, бу Худонинг йўлига қарши бўлган ҳатти ҳаракат бизни, асабий, жиззаки, бағритош ва ҳиссиз қилиб қўяди. Аммо юқорида айтганимдай, қалбимизнинг энг чуқур жойида нимадир, Худони бизга эслатиб туради. Ҳаётнинг, атрофдагиларнинг ва ўзимизнинг совуқлигимиздан чарчаганимизда, ўша кўнглимиз тубида яшириниб ётган туйғу юзага чиқади. Ўтириб, чиндан ҳам Худога муҳтожлигимизни ҳис қиламиз. Исо Масиҳ Эфес шаҳридаги жамоатга қарата шундай деган эди: «Бироқ сенга бир эътирозим борки, сен илк муҳаббатингдан айнидинг. Энди қанчалик таназзулга тушганингни эсла!» (Ваҳ 2:4)

Ичимизда Худога бўлган кучли истак бўлмас экан, ибодат қилишимиз ҳам, яхши ишларимиз ҳам, Калом ўқишимиз ҳам пуч ёнғоқдай гап. Худога муҳтожлигингизни ҳис қилганингизда, юрагингизга қаранг. Унга нисбатан юрагингиз нималарни ҳис қилаяпти. «Худованддан бир тилагим бор, фақат ўшани излайман. Худованд уйида умрбод турайин. Худованд жамолини тамошо қилайин. Унинг маъбадини зиёрат қилиб…«Ҳузуримни қидиринг» деган сўзингни мен дилимга тугиб қўйдим. Сенинг ҳузурингни қидираман, эй Худованд!» (Заб 26:4,8). Ҳазрати Довуд сиз билан биз каби ҳолатга тушганида дилидан худди шу сўзларни ўтказиб, қоғозга туширган. Қалби Худовандга чанқоқ бўлганида, Унинг олдига боришни кечиктирмаган. Худонинг олдига келгач, унинг қалби қандай бўлганини қуйидаги оятдан билиб олиш мумкин. «Худованд олдида менинг қалбим тинч. Фақат Ундан келар менга нажот. Нажотим ва иззатим Худодан келур, Худодир қудратли қоям, паноҳим менинг.» (Заб 61:2,8).

Қалбимизда Худовандга ва Унинг ҳузурига бўлган кучли ташналик бўлганида, Худованд бизни гуноҳларимизга қараб муомала қилмайди. У бизни ҳузурига қабул қилади. Худованд ҳузурида турганимизда, У бизнинг ҳақиқий суянадиган қоямиз, мустаҳкам қалъамиз эканини ҳис қиламиз. Бу қоя устида ёки мустаҳкам қалъа ичида ҳеч қачон тебранмаймиз. Худованд билан бирга эканмиз, у бизни турли хил бало-қазолардан ҳимоя қилади.

Қадрдонлар, Худованднинг ҳузури, ҳаётда У билан бирга ўзимизни қандай тутишимиз ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатларимизни ўтказиб юборманг. Бу ҳақида ўз фикрларингиз ёки саволларингиз бўлса, бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимиз орқали биз билан боғланинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top