3:14

Кактус ҳақида 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Ўтган сафар кактуслар ҳақида бошланғич маълумотга эга бўлдик. Бугун эса улар ҳақида батафсилроқ маълумот беришни истайман. Кактуслар менинг севимли ўсимлигим. Чунки улар ўзларини ҳимоя қила оладилар. Касалликларга ҳам чидамли. Агар сизлар ҳам кактуслар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишни истасангиз суҳбатимизни диққат билан эшитинг. Ўтган сафар кактусларнинг қайси турларини тик қуёш тушадиган жойга, қайсиларини сояга қўйиш мумкинлиги ҳақида айтган эдик. Бугун эса кактусларни кўпайтириш ва уларни пайвандлаш ҳақида суҳбатлашамиз. Кактуслар уруғи ва қаламчасидан, шунингдек пайвандлаш йўли билан ҳам кўпайтирилади. Уруғи баҳорда экилгани маъқул. У кўмир кукуни аралаштирилган қумлоқ ёки барг чириндили тупроққа экилади. Уруғ кўкартириладиган идиш салгина силкитилиб, тупроқ текисланади, аммо зичланмайди. Уруғ экишдан олдин тупроқни элаш керак. Экилган уруғларнинг устига озгина эланган қум сепилади. Сўнгра уруғ экилган идишнинг усти ойна билан бекитилиб, у сувли идишга ўрнатилади.

Иккинчи марта суғоришда тўр тутилган гул челак ёки пульверизатор ишлатилади. Уруғлар кўкаргандан кейин идиш устидаги ойна олиб қўйилади. Уруғ бир ойда унади. Бу даврда ҳарорат 25-30 даражада бўлиши керак. Кактусларни вегетатив йўл билан кўпайтириш осон. Бунинг устига бу усул қўлланганда ўсимликлар уруғидан ўстирилганига қараганда тез гуллайди. Вегетатив усулда кўпайтириш учун керакли қаламчалар баҳор ва ёзда соғлом ўсимликлардан олинади. Кактусларнинг ёш новдалари, поя бўлаклари ёки танасидан кесиб олинган парчалар қаламчаланади. Қаламчалар қуруқ ва илиқ жойда икки уч кун, кесилган жойида оқиш парда ҳосил бўлгунча сақланади. Қаламча ва қаламча кесиб олинган она ўсимликнинг кесигига кўмир кукуни сепилади, шундан кейин у тоза қумга ўтқазилади. Тувакча соя жойга чиқариб қўйилади ва икки уч кун суғорилмайди. Филлокактус, рипсалис ва эпифиллюм кактуси қаламчалари бир қисм торф аралаштирилган қумда жуда яхши илдиз отади.

Кактуснинг сийрак учрайдиган турларини сақлаб қолиш, шох-шаббали кактуслар етиштириш ва кактусларни кўпайтиришда бу усул қўлланилади. Пайвандтаг сифатида трихоцерус, эхинопсис навларидан фойдаланилади. Пайвандтаг пайвандустга қараганда йўғонроқ бўлиши керак. Баҳор ва ёз бошлари пайвандлаш учун энг қулай муддат ҳисобланади. Шар ва цилиндр шаклидаги кактуслар бир хил йўғонликдаги пайвандтаг билан пайвандуст қаламчанинг думалоқ юзалари бир-бирига тақаб пайвандланади. Пайвандлаш ишлари жуда тез амалга оширилиши керак. Тозаликка амал қилиш талаб этилади. Ундан ташқари пайвандлашда ишлатиладиган пичоқ ҳам ўткир бўлиши керак. Азизлар кейинги сафар соғлиқ учун фойдали бўлган ўсимликлардан бири ҳақида сухбатлашамиз. Айтганча сизларга бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўришни маслаҳат бераман. Чунки у ердан сиз ўзингизни қизиқтирган болалар соғлиғи, тарбияси, оила муаммоларига ечимлар ҳақидаги мавзуларни топасиз. Мен Лола сизларга гўзаллик ва ҳотиржамлик тилаб хайрлашаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top