Азиз опа-сингиллар, сизлар билан яна дилдан сухбатлашиш имкони туғилганидан хурсандмиз. Сиз хар тонг уйқудан кўзингизни очар экансиз, биринчи қиладиган ишингиз Худовандни улуғлаш бўлсин. Кўзингизни очибоқ, бугунги янги тонг, янги кун ва хатоларингизни тўғрилашга янги имконият бергани учун Унга шукроналар айтинг. Тонгни Худованд билан сўзлашишдан бошланг. Ундан сўранг У хар куни сизни Ўзининг Муқаддас Рухи билан тўлдирсин, Муқаддас Рух кун давомида сизни бошқарсин. Сиз хар тонг рухингиз учун қувват олишни одат қилинг. Мен сизни жуда яхши тушунаман. Биз аёллармиз, хар доим хам тонгда Худонинг Каломини ўқишга ва У билан мулоқотда бўлишга вақт тополмаймиз. Тонгда турибоқ, болаларимизни боғчага ва мактабга турмуш ўртоғимизни эса ишга жўнатишга тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Уларга нонушта тайёрлаймиз, кийимларини кийдириб жўнатамиз. Болаларни эса боғчага ва мактабга ўзимиз олиб боришимизга тўғри келади. Эрталабда вақтимиз доимо зиқ бўлади. Чунки уларга қараш ишга ва мактабга кузатиб қўйиш бизнинг рафиқалик ва оналик вазифамиз. Бу хилдаги харакатларимизнинг охири йўқ, боғчага ва мактабга борадиган болаларимиз, вақти келиб, институтга, ишга борадиган бўлишади. Ўшанда хам уларга нонушта тайёрлаймиз, уйланишмаган бўлса, кийимларини хам ўзимиз тайёрлаб берамиз. Эримизни хар доимгидай ишга кузатамиз. Ахир биз она ва рафиқамиз-да.
Кунлар шу заилда кетаверса, Худо Каломини ўқишга вақтимиз йўқ, у ёки бу ишларим бор, десак, яшаш учун кучни қаердан оламиз. Нафақат кучни рухимиз учун озуқани қаердан оламиз. Ахир бизнинг хаёт тарзимиз дунёдаги бошқа аёлларнинг хаёт тарзидан фарқ қилади-ку! Хар куни тонгда биринчи Худовандимизни эслашни одат қилиб олишимиз керак.бир неча хафталаб Калом ўқимай қўйсангиз, фикрларингиз алғов-далғов бўлиб, ичингиз хам бўм-бўш бўлиб қолгандай бўлганми? Менда бўлган. Болаларим ёки муаммолар билан овора бўлиб Худо Каломини ўқимай қўйганимда, худди туман ичида юргандек сезганман ўзимни. Бирор нарсага қарор қилиш хам қийин бўларди. Кейинроқ яна ўқишни давом эттирганимда, фикрларим тиниқлашиб, кўнглимда шодлик ва хотиржамликни хис қилганман. Хар куни шундай ибодат қилишга ўрганинг: «Худовандим мен хар куни Сенинг тирик Сўзингга мухтожман. Менинг қалбимни ва онгимни тиниқлаштиргин. Менинг Сен хақингдаги билимларимни кенгайтиргин. Сенинг каломингни хар доимгидан хам чуқурроқ ўрганишимга ёрдам Бер.” Сиз чин дилдан Худованд Каломини ейишни истасангиз, У сизнинг ибодатларингизга жавоб беради. ХАр сафар Калони очишдан олдин, У сизни хақиқатларини очиб беришини сўраб ибодат қилинг. Сиз Муқаддас КАломни қанча кўп ўргансангиз, хаётингизнинг оғир дамларида қандай харакат қилиш кераклигини биласиз. Худованднинг доимо сиз билан эканлигига ишончингиз комил бўлади. Шайтон сизни ўз ёлғонлари билан аврай олмайди. Худованднинг Каломи қалбимиз учун озуқа эканлигини жуда яхши биласиз. Биз Худованднинг фарзандлари сифатида Каломсиз яшай олмаймиз. Чунки Каломда: “ Инсон биргина нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан хар бир сўз билан яшайди”, деб ёзилган. Агар хар куни Худонинг сўзи билан озиқланмасак, қалбан очликка мубтало бўламиз. Сиз хар қанча Муқаддас Каломнинг билимдони бўлманг, узоқ вақт Калом ўқимасангиз, сиз ёддан билган оятлар хам хотирангизни тарк этади. Юрагингизга Худованд Каломини мухрламасангиз, душман сизни осонгина тузоққа туширади. Хазрати Довуд бу хақида нима деганини биласизми? “ Сенга қарши гунох қилмаслик учун, Каломингни юрагимда сақлайман”. Сиз хам биз хам Самовий Отамизнинг Каломини доимо юрагимизда сақлайлик. Энг катта гунох Худованд билан мулоқотда бўлмасликдир. ХАр куни ибодат қилар экансиз, Ундан Калом орқали сизга гапиришини ва эшитиш учун рухий қулоқларингизни очишини сўранг. Унинг иродасига кўра бир нима тиласак У бизга қулоқ солади. У бизга қулоқ солса демак, ибодатларимиз ижобат бўлишини хам биламиз.