3:00

Келин ойимга

MP3

Келин ойим, сиз чиройли гапирасиз, жуфтингизга ёқадиган қилиб гапирасиз. Эркак зоти мақтовга бесуяк бўлади, бу сизга қўл келади. “Онам сизни ундоқ суядилар, опам сизни бундоқ мақтайди. Акам сизга мана бу кўйлакни бериб юборибди, ҳурматингизнинг баландлиги да бу!” деганингиз сари эркагингиз сариёғдай эрий кетади. Қарабсизки, ҳайит арафаларда аввал сизнинг онангизни йўқлаб, кейингина ўз онасиникига келади. Сизнинг опа укаларингизни тўрт беш йўқлагандан кейин, ўз эгачи синглисиникига бир бора кириб қўяди. Сизга бу ҳол хижолатлик туюлмайди, ҳатто ёқади. Туппа тузук йигит қўлингизда манқуртга айланди. “Мен камолга етгунча онам қанчалик қийналган, аввал ўша муштипаримни кўрай”, демайди эркагингиз. “Хотинимнинг уруғи уч тўрт марта кўнглимни олган бўлса, жигарларим мени улғайтирди, емай едириб, киймай кийдирди. Шу товусдай товланиб турган хотинни ҳам шулар олиб берди изларини, ўпиб аввал шуларнинг кўнглини олишга шошилай”, демайди.

Эркагингиз фақат сиз томонга юкиниб, ота она ва жигарларидан нари бўла бошладими, огоҳ бўлингки у эрта туриб индинга сиздан кечиб, сизга орқа ўгириб, хотинининг этагида намоз ўқийдиган, сизни зор қақшатадиган ўғил бўлиб тақдирингизга қайтади!

Манман деган эркак ҳам аёлининг гапига лаққа тушади. “Хотинидан қўрққан эркак эркакми”, дейди кўксига уриб айримлари. Ҳақиқатдан ҳам аёли ундан зириллайди. То кўчага чиқиб кетгунча атрофида бўз қўйиб югуради. Кўзлари ҳадик билан унга жавдираб туради. Эркакнинг кўнгли тўқ “гаҳ” десам аёлим қўлимга қўнади, уйда хўжайин менман, дейди! Аслида эса, асосий ишлар аёлнинг хоҳиши билан бошқарилади. Аёли кимни мақтаса, эркак ўшанга илжайиб қарайди, кимни ёмонласа, ўшани ёмон кўради. Икки оғизгина ҳезлаб қўйса, қўшни билан урушиб чиқади. Келин ойим, мен бу ўринда эркакдан ғазабга минмаяпман, уни лақмага ҳам чиқармайман. Балки Худо уларни бизнинг фойдамизга шундай самимий ишонувчан қилиб яратгандир. Бундай ўйлаб қарасангиз, кучга тўлган билаги, ихтирога қодир ақли, юрагида шердай шиддати билан эркак қуйма олтин. Аммо уни шу туришда на пул қилиб бўлади, ва на чакканга қистиргани гул! Аёл эса Заргар! Умр бўйи эркагидан оиласи учун керакли нарса ясаш билан уриниб ўтади. Келин ойим илоҳим инсофли заргар бўлинг!

Келин ойим, оилангизга узоқ яқин бўлган кишилардан озорлансангиз, ичингизга ютиб туринг. Обдан мулоҳаза қилгачгина эркагингизга сездиринг. Йўқса, сизнинг гапингиз билан бир совиган кишисига у қайта исимай қўяди. Кейин чандон ўт ёқсангиз ҳам ўрнига келмайди. Жуфтингизга у эгачи сингилдир, тоға жиян ёки онадир, ё сизнинг қавм қариндошингиздир, ҳар эҳтимолга қарши, улар ҳақида эркакка фақат яхши ахборотларни айтиш лозим. Азиз аёллар, жон озиғи келинлар бугунги тинглаган суҳбатингиз Турсуной Содиқованинг сўзлари эди. бу суҳбат ёққан бўлса бизнинг кейинги суҳбатларимизда ҳам шу мавзуни давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top