2:56

Кибр ҳақида

MP3

Нафсиламбирини айтганда кибр ландавур, зеҳнсиз, заиф кишиларда бўлмайди. Аксинча, озми-кўпми салоҳиятли, қўлидан бирмунча иш келадиган одамларда туп қўяди. Улар зукко бўлмайди-ю, ақллари бисёр бўлишини жуда-жуда хоҳлайди ва билимдонларга ўхшаб кўриниш учун чиранаверади, чиранаверади. Ҳали у “улуғ” кишига, ҳали бу “зўр”га тақлид қилади. Бўйи паст бўлса ҳам димоғини томга қўйиб гапиради. Ҳатто кулишларию гап ташлашлари ҳам қайсидир “аллома”Ники. Мен бир ҳақиқатни англадимки, вагонлаб китоб ўқиб, уни ёдлагани билан киши олим бўлмас экан, маъни деган нарса унча-мунча кишида ватан қурмас экан ва қиссалардан ҳисса чиқаришни худо буюрганга буюраркан. Бир одамни биламан, ҳали унинг, ҳали бунинг этагидан тутиб, уларга ёқишга уриниб юради ва гоҳида уларнинг қаторида ўтиришга муяссар ҳам бўлади. у кўп китоб кўргани “фалоний”ларни танигани учун шу қадар ҳаволанадики, ўзи тўртта ғўрани ўрикка айлантирмай туриб, жаъми мевали боғларга тош отаверади – ҳар гапида ўнта китобдан кўчирма келтиради, билимларини шағалдай қаршингизга тўкиб, уюб ташлайди. Даврада кимдир биров ҳақида ижобий фикр айтса, у ё бу ҳусусида мулоҳаза билдирса, гапингиз оғзингиздан узилмай туриб, шартта қайчи солади-да, “э у олим эмас”, “э бунинг ихтироси омонат”, “унинг савияси паст” деб ўзининг “зукколигини” пеш қилаверади. Аввалига мен унга ихлос қўйиб, унинг олимликка интилиши, китоб севарлигини жуда ҳурмат қилардим. Айрим ўринсиз “бурроликлар”ини ҳам билими кўп одам дарвеш бўладида деб, кечирардим…Яхшироқ кузатсам, у бировнинг елкаси, бировнинг юзига оёқ қўйиб тепага ўрлайдиган, кўнгли тусаса ҳатто ўзининг яқинларини ҳам эзғилаб ўтадиган, китоб тутган қўлини ҳалолу ҳаромга бирдай ураверадиган баттол экан. Шайтонлик худди шу эмасми! Чексиз билим тўплаб, уни фақат ёмонлик учун ишлатиш шайтоннинг қўлидан келади, холос! Шу ўринда яна Инжилдан китобидан бир оят келтирсам: “Агарда юрагингизда рашк-хасад ва худбинлик бўлса ҳам, манманлик қилиб ҳақиқатни рад этманглар. Бундай донолик юқоридан тушмаган. Бундай донолик дунёдан, моддиятдан, жин-ажинадан туғилган. Чунки қаерда ҳасадгўйлик ва худбинлик ҳукм сурса, у ерда тартибсизлик ва ҳар хил ярамаслик пайдо бўлади.”

Ўзингни эр билсан ўзгани Шер бил, деган фалсафани ҳар бир ютуғимизнинг муқовасига ёзиб қўйишимиз керак экан. Доимо бошқаларни ўзимиздан кўпроқ ҳурматга лойиқ деб билишимиз керак. Атрофимизда мавжуд бўлган катта- кичик неъматнинг барига таъзимда турмоқ лозим экан. Манна шу ҳокисорлик йўлимизни очиб беради, элнинг дуосига сазовор этади. Кибр ҳеч кимни улуғликка кўтармаган. Кибр-ҳаволи инсон билан ҳали ҳеч ким маза қилиб суҳбатлашмаган. Бундай инсонларнинг суҳбати бошқаларга малол келади. Уларнинг гапларига қандай жавоб қайтаришни билолмай қолишади. Азиз тингловчи яхшилаб ўзингизни текшириб кўринг-чи, сизда шундай иллат йўқмикан. Агар заррадай топилса ҳам тезда ундан ҳалос бўлинг. Бу сизга яхшилик келтиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top