Ассалому алайкум қадрдонлар, дугонажонлар. Мен Лола яна ҳузурингиздаман. Биласизми баъзан менга шайтон гуноҳни ер юзига тарқатиш учун, инсон зотини Худованд билан алоқасини узиш учун айнан хотин кишидан фойдалангани алам қилади. Нега энди айнан хотин кишидан. У чиройли ва ёқимли нарсаларни хуш кўргани учунми? Ëки бўлмаса табиатан заиф бўлгани учунми? Шайтон бугунги кунда ҳам ёлғонлари билан кўпчиликни ўз тўрига илинтириб юрибди. Унинг тўрига илиниб қолмаслик учун нима қилиш лозим. Биз кундалик ҳаётимиз давомида телевизор кўрамиз. Телевизорда турли хил рекламаларни беришади. Газета ёки журнал ўқиймиз, у ерда ҳам турли хил ёлғонлар тиқилиб ётибди. Дўстимиз келади ва ўзича чин дилдан маслаҳат бермоқчи бўлади.
Бироқ ўша олган маълумотларимизни ҳақиқат ёки ёлғонлигини билиб кўришга ҳаракат қилмаймиз. Олган маълумотимизни саволлар бериб рост ёки ёлғонлигини билиб олиш мумкин. Ҳар сафар қандайдир маълумот олганингизда шундай саволларни беринг: 1) Автор нима деяпти? Бу билан у нима демоқчи? 2) Айтаётганлари чиндан ҳам тўғримикан? 3) Ҳақиқатга зид эмасми? Шайтон Момо Ҳавога шундай деган эди: «Бу мевадан есангиз кўзларингиз очилади… худди Худодай яхши билан ёмонни биладиган бўласизлар.» Ким бундай қизиқарли таклифга йўқ дея олади? Таъқиқланган мева емоққа яхши ва кўринишидан чиройли эди. Агар мева бунчалик кўзга ёқимли бўлмаганида, Момо Ҳаво уни ейишга рози бўлармиди? Агар мева чириган ёки қуртлаган бўлганида Момо Ҳаво Худога қарши гуноҳ қилмаган бўларди. Айнан чиройли ва кўзга ёқимли бўлган нарса шайтон учун ёлғоннинг қуроли бўлиб хизмат қилади. Муаммо шунда эди-ки, Момо Ҳаво қиладиган ишининг оқибати ҳақида ўйлаб кўрмади. Ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмади.
Агар Момо Ҳаво ҳозир қиладиган гуноҳи, ўзи билан эрининг орасида муаммо туғдиришини, бу гуноҳ болаларининг ҳаётини барбод қилишини, дунёда кўпаядиган инсон зотининг ҳаётига қанчалик ёмон таъсир қилишини билганида, таъқиқланган мевани ермиди? Менимча, йўқ. Аммо бизнинг олдимизда ҳам ўша муаммо турибди. Кўпчилик аёллар қиладиган ишининг оқибатини ўйлаб кўрмасликларини билдим. Биз шунчаки ҳолатга қараб иш кўришга ва яшашга ўрганиб қолганмиз. Нима егимиз келса – еймиз, техника оламида янги чиққан нарсалардан сотиб оламиз, энг охирги модада кийинамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммаси табиий ва ёмонликдан ҳоли бўлиб кўринади. Аммо натижада биз одамлар билан муносабатимизни ёмонлаштирамиз, қулоқларимизгача қарзга ботамиз, жахл қиламиз, тушкунликка тушамиз.
Биз алданганимизни, ёлғонга ишониб қолганимизни англаб етамиз. Умуман олганда кўпчилик одамлар қулликка кутилмаганда тушиб қоладилар. Ҳеч ким ҳаддан ортиқ кўп ейишга ёки бўлмаса салга портлаб кетиш одатини бирданига ўзлаштириб олмайди. Бу нарсалар аста-секин ривожланади. Ëлғонга дарҳол ишониб қолмаймиз. Ëлғонга ишониб, гуноҳ қилгунимизгача бўлган йўлда бир нечта босқичлар бор. Бу босқичлар ҳақида кейинги суҳбатимизда давом эттирамиз. Айнан шу босқичларни билганингиздан сўнггина, кўраётган, эшитаётган нарсаларингизга диққат қиладиган бўласиз. Сизга омад тилаб хайрлашаман.