2:49

Мафтункор бўлиш учун

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугунги суҳбатимиз бироз насиҳат тарзида бўлса айбга буюрмайсиз. Мен Лола бу ҳақида ҳам суҳбатлашишни маъқул кўрдим. Суҳбатимизни бошлашдан аввал сизга бир ривоят айтиб берай.

Ривоят қилишларича, қадимда бир ҳукмдор атторлик билан шуғулланувчиларни ёмон кўрар, «аёлларга Худо берган хуснни инкор этувчилар», деб уларни таъқиб қилар экан. Иттифоқо кунларнинг бирида ўзга юртдан келган бир аттор шоҳ қахридан бехабар:

«Атторману, атторман, Мушку анбар ортарман, Қиз хуснини тарошлаб, Тилло нархда сотарман»- деб кўчадан ўтиб қолибди. Шоҳ, мулозимлари зумда уни ушлаб, фармонга биноан юз дарра уриб ҳайдашибди. Аттор шоҳни қарғабди-да, қайтиб бу ўлкада қорасини кўрсатмабди.

Орадан йиллар ўтиб, шоҳ қиз кўрибди. Аммо малика улғайган сари бадбашара бўла борибди. У роппа-роса ўн еттига тўлганда ўзга юртнинг шаҳзодаси совчи устига совчи юборибди. Шоҳнинг боши қотибди. Ахир, қизи билан шаҳзода ҳуснда тенг эмасди. Йигитга «йўқ», деса, ўз оёғи билан келиб, эшик қоқиб турган давлатдан юз ўгирган бўлади. Шунда у бирдан юртига келган ва омон қолган сўнгги атторни эслаб қолибди. Уни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб келишга фармон берибди. Лекин аттор ҳам анойи эмас экан.

Аввало, ҳамма жойда атторлик расталарини очишга рухсат бер, сўнг мендан кўмак сўра,-дебди. Шоҳ розилик берибди. Яна қизларнинг қошида ўсма, кўзида сурма пайдо бўлибди. Мушки анбарлар бўйидан кўнгиллар хуш бўла бошлабди.

Юқоридаги афсонада озгина бўлса-да ҳақиқат бор. Аёл киши қанчалик келишган, гўзал бўлмасин, бирозгина пардоз қилмоғи керак. Лекин ана шу пардознинг ҳам ўз вақти-соати, меъёри бўлади. Меъёрдан ортиқча бўяниш, упа-элик чаплаш билан бор гўзалликка ҳам путур етказиш мумкин. Бу ҳақиқат. Агар ҳали балоғатга етмаган қизлар лабларига лаб бўёқ сурсалар лабларининг асл ранги йўқолиб, хиралашади. Балоғатга етмаган қизларимиз бу ҳақида билишмайди, ёки билишса ҳам буни унутишади. Мактаб партасида эканлиги ҳам ҳаёлларидан кўтарилади. Оилада муҳит қандай бўлса қиз бола худди шу муҳитга кўра фикрлайди ва улғаяди. Ҳар бир она қизларидаги ҳар бир ҳатти-ҳаракатни сезиб боришлари, керак пайтда уларнинг ўзларига ортиқча оро беришларига йўл қўймасликлари лозим.

Оналар ўз қизларига пардозни 25 ёшдан кейин бошлаш яхшироқлигини уқтириши керак. Юқорида айтганимиздек, пардоз андоз махсулотлари қизларнинг табиий ҳуснига, юз терисининг соғломлигига путур етказади. Қовоқларга суртилган тенлар қовоқнинг асл рангини ўзгартириб, қуритади. Лаб бўёқлар эса лабнинг табиий қизиллигини йўқотади. Юзга сурилган турли крем ва упалар, юзнинг хиралашишига сабаб бўлади. Лаклардан ҳам кўп фойдаланиш маъқул эмас. Чунки лаклар тирноқларнинг тоза ҳаводан баҳраманд бўлишига тўсқинлик қилади. Доимо лак қўйилган тирноқлар соғлом бўлмайди. Мана шу маълумотларни ҳар бир она қизига меҳр билан тушунтирса, қизлар албатта буни тўғри қабул қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top