Азиз аёллар, шириндан шакар шўх болаларнинг меҳрибон онажонлари. Бугунги суҳбатимиз айнан сизлар учун. Одатда болалар жуда шўх бўлишади. Уларнинг йиқилмаган, қоқилмаган вақтлари йўқ. Жуда кўп оналар ўғилларининг шўхлигидан ва доимо борор жойини ғурра қилиб, шилиб юришидан нолийдилар.
Дархақиқат, шўх болалар гоҳ у ерини, гоҳ бу ерини кўкартириб, қонталаш қиладиган ҳоллар бўлади. Тиб атамаси билан юритиладиган гемотома турфа кўринишдаги шикастланишлар туфайли қон томирларининг ёрилиб, тери тўқимаси орасига қон қуйилиши натижасида содир бўлади.
Биз, пўла бўлди, деб атайдиган ҳолат тери остида, суякнинг уст пардасида, мушакларда ҳосил бўлиши мумкин. Бундай пайтларда зудлик билан кўрсатиладиган тиббий ёрдам азиятнинг бенуқсон ўтишига ёрдам беради. Қуйида уй шароитида қўлланиладиган беозор амаллар ҳақида сўз юритамиз.
Авваламбор ғурра бўлган жойга унинг қай даражадалигига қараб 1-3 соат мобайнида матога ўралган муз босиб туринг. Шундан сўнг босиб турувчи боғлама ишлатилади. Агар кўкарган жой қаттиқлашиб қолса, уни яхшилаб уқалаб, силаш лозим.
Янги пиёз шарбати ёки пиёзнинг қирғичдан ўтказилган бўтқаси бозиллатма яъни компресс кўринишида қўйилса, тиззадаги лат ейишга яхши даволик қилади.
Петрушканинг сархил барглари қонталаш жойларга қўйилса, шунингдек, шарбати компресс сифатида ишлатилса, пўла бўлган жойларга даво ҳисобланади. Бундай амални ари чаққанда ҳам қўллаш мумкин.
Энг осон йўл: сувда хўжалик совуни эритилади, ҳосил бўлган совунли сувга бирорта мато шимдирилиб пўла бўлган, ғуррали жойга қўйилади.
Йод тиндирмасига пиликни ботириб ғурра ёки пўла бўлган жойга катакчалаб суртиб қўйилса, газаклаган, лат еган жойларда “жонланиш” пайдо бўлади. бундай тадбирни тузалгунга қадар канда қилмай такрорлаш зарур.
Тоза бирор тўқима ёки лаҳтакка каннакунжут мойи яъни касторовое масло шимдирилиб лат еган, азиятланган жойга боғланса, унинг сўриб олиш ҳусусияти бўлади.
Далачой гиёҳидан бир қисм олиб чой сифатида дам едирилиб, ярим пиёладан кунига 3 марта ичилади. Дамламани совутиб, компрес сифатида ғурра, пўла жойларга ишлатилса, азиятдан қутуласиз. Гиёҳни ўсма каби сиқиб озорланган жойга босиш ҳам мумкин.
Айримлар балчиқ, лой ёки нам тупроқни азиятли жойга босишга ҳаракат қилади. Бу баъзан хунук асоратларга олиб келиши мумкин. Чунки тупроқда турли касалликларини чақирувчи унсурлар бор.
Мана азиз аёллар сизга фойдали бўладиган маълумотлар билан танишиб олдингиз. Бугунги маълумотлар сизларга ёқди деган умиддамиз.