2:53

Озғинлик бахт келтирадими?

MP3

Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз қанчалик ноодатий бўлса, бугунги кундаги қизлар ва аёллар учун шунчалик фойдали. Агар бугунги қизларнинг қоматига қарайдиган бўлсангиз ҳаммаси озғин ва хипчабел. Ҳаммаси нозик кўринишни истайди. Бунинг албатта ёмон томони йўқ. Бироқ доимо хипчабел бўлишга уриниш, озишга бўлган иштиёқнинг кучлилиги ёмон. Бу аёллар ва қизларда «анорексия»ни шакллантиради. «Анорексия » сўзи грекчадан олинган бўлиб, иштаҳа бўла туриб овқатдан тийилишни билдиради. Бўйи 180, вазни эса 55 килограммни ташкил этадиган қиз ўзини семиз, хунук ва замондан орқада қолган, деб дилхира бўлиб юрганини кўрганмисиз? Ишонаверинг, анорексияга чалинган барча беморларнинг танаси ҳақидаги фикри реалликдан узоқ. Ҳайратланарли даражада озишга эришган бечоралар аксинча, кўнгли тинчимай, нуқул семизлигидан ваҳимага тушади.

Бу касаллик ойда ёки ҳафтада бир безовта қилиб азоб берадиган ҳасталиклар турига кирмайди. Вазн, овқат, ортиқча калориялар ҳақидаги ташвиш ва хавотирлар бундай беморлар онгида қаттиқ ўрнашиб, туну кун тинчлик бермайди. Руҳиятшуносликдан маълумки, очлик ва қувват етишмаслиги инсонни нафақат хушёрлик пайти, балки уйқуга кетганда ҳам тинчлик бермайди. Бу ҳол анорексияга ҳам тааллуқли: беморлар тушида озиқ-овқат, ширин таомларни кўриб, тушда ейилган овқатнинг қувватини ўлчаб даҳшатга тушаётганидан азобланади. Бора-бора турмуш тарзига айланган хасталик инсонни ёлғизликка маҳкум қилади ва уни даволаш баъзида бир неча йилга чўзилади. Энг ёмони, вақтида шифокорга мурожаат қилинмаса, анорексия ўлимга олиб келиши мумкин. Айтиш жоизки, руҳий хасталиклар орасида ўлим кўрсаткичи энг юқори бўлган касаллик ҳам айнан анорексиядир. Шу сабаб таниш – билишларингиз, яқин қариндошларингиз орасида овқатни бора-бора кам ейишга одатланаётган инсонни кўрсангиз унга бефарқ бўлманг.

Бемор бўйи ва ёшига муносиб вазнга эга бўлишни истамайди. Яна бир энг муҳим белги – бу озиб бораётганига қарамай беморнинг семиришдан қаттиқ қўрқишидир. Бу қўрқув шунчалик кучлики, бемор ўта оғир аҳволда, яъни ўлим арафасида бўлса ҳам семириб кетишдан ҳавотирланаверади. Муттасил озишга ундовчи энг муҳим омил – бу беморнинг ўзига паст баҳо беришидир. Анорексияга чалинганлар озғин бўлиш инсонни бахтли қилади, унга қувонч ва қониқиш беради, деб хато ўйлашади. Ўз саломатликларига холис баҳо бера олишмайди. Аёллар ўртасида эса анорексиянинг яна бир белгиси – ҳайз циклининг бузилиши ҳисобланади. Анорексия билан оғрийдиган аёллар суяги нозиклашиб, дарз кетиш ҳоллари кўп учрайди. Шу вақтгача анорексияни бутунлай тузатадиган дори воситаси топилмади. Шифокорлар тавсия қиладиган дори-дармонлар эса умумий аҳволни яхшилашга хизмат қилади. Беморлардаги тажангликни йўқотиш учун антидепрессантлар буюрилади. Анорексияга чалинганлар орасида моделликни орзу қилаган ёшгина қизлар талайгина…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top