3:07

Пигмент доғлар

MP3

Ассалому алайкум, қадрли опа-сингиллар. Совуқ ва қаҳратон қишдан кейин илиқ ва муаззам баҳорнинг келиши қандай роҳатбахш… Секин аста қуёш ҳам бизни ўзининг қайноқ меҳридан баҳраманд қила бошлайди. Баҳор гўзал ва ёқимли фасл бироқ бу фаслда ҳам биз аёлларни ташвишга соладиган баъзи муаммолар бор. Нима дейсизми? Доғлар. Айниқса мен Лола баҳор қуёшидан кўпроқ ташвишга тушаман. Кўпчилик аёлларда баҳор келиши билан юзларидаги пигмент доғлар янада аниқроқ кўрина бошлайди. Бу муаммодан қутулиш, яъни уни ҳал қилиш учун ҳозирги суҳбатимизни диққат билан тингланг.

Одатда пигмент доғлар 1-10 см ҳажмдаги катталикда бўлиб, улар эгри-бугри, сарғиш, тўқ жигарранг ва қорамтир кўринишга эга. Улар тананинг очиқ жойларида, қўл, елка ва юзда учрайди.

Терининг қариши, 50 ёшдан кейин пайдо бўлган доғларни «ёш ўтиши белгиси» деб аташади. Қуёш нурида ҳаддан ташқари кўп тобланиш ҳам доғ тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун қуёшда тобланишдан олдин юз, қўл ва кўкрак куйишидан сақлайдиган кремлардан суриб олиш лозим.

Ҳомиладорликнинг учинчи ойидан сўнг баъзи аёлларнинг пешона ва ёноқларига «ҳомиладорлик ниқоби» тушади. Одатда улар бола туғилганидан кейин ярим йил ўтгач йўқолиб кетади. Лекин айрим оналарнинг юзидаги доғлар узоқ вақтгача кетмаслиги мумкин.

Фотосенбилизация доғи терининг қуёш нурида куйишидан пайдо бўлади. Терининг қуёш нурига, баъзи дори-дармонлар, таркибида косметик моддалар бўлган турли ёғларга нисбатан таъсирчанлиги ошиши бунга сабаб бўлади.

Шу боис, очиқ қуёшга чиқаётган пайтда атир, одеколон, пудра ва шунга ўхшаш косметик воситалардан фойдаланмаган маъқул. Шунингдек, антибиотик дорилар қабул қилган кишиларга қуёшда тобланиш мумкин эмас.

Баъзи бир гиперпигмент доғлар танадаги бирор касалликдан ҳам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, қалқонсимон безлар фаолияти ва модда алмашинуви бузилиши, жигар хасталиги сурункали интоксикация ва микроблар ҳам доғлар тушишига сабаб бўлади. Пигмент доғларнинг деярли барча тури қишнинг совуқ кунларида анча оқариб, ёзнинг илк кунларидан бошлаб яна қорая бошлайди. Ҳозирги пайтда пигмент доғларни йўқотиш учун кўплаб воситалар бор.

Бу маълумот пигмент доғлардан азоб чекаётган аёлларга энг яхши хушхабар бўлиши аниқ. Пигмент доғларни бир нечта усуллар билан даволаш мумкин. Пигмент доғлардан қутулиш учун аввало шифокор билан маслаҳатлашиш лозим. Энг тўғри ташхисни дерматолог-шифокор қўяди. Касаллик туфайли тушган доғлар косметик воситалар билан даволанганда ҳам кетмайди. Доғларни олдини олиш ва кетказиш учун С витаминидан кунига 100-150 мгдан 1-1,5 ой давомида, никотин кислотасидан (ВРР витамини) кунига 2-3 маҳал, 50 граммдан ичилади. С витамини лимон, апельсин, наъматак ва қора смородина, кўкпиёз, қалампир, карам, петрушка таркибида бўлса, РР витамини эса картошка, бақлажон, ловия, банан ва анжирда мавжуддир.

Бундан ташқари уй шароитида бир қанча оқартирувчи ниқоблар ҳам яхши ёрдам беради. Бу маълумотларимиз сизга фойдали бўлди деган умиддамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top