3:05

Қайноналарга маслаҳат

MP3

Ассалому алайкум. Биринчи марта келин кўраётган қайноналар шошиб қолишади. Келинга қандай муносабат қилиш кераклигини билмай қийналадилар. Ўзларидан аввал келин кўрган бошқа ёши катта онахонларнинг маслаҳатини олмоқчи бўладилар. Лекин ҳаммадан ҳам яхши маслаҳат чиқавермайди. Бугун келин туширганингиздан сўнг унинг уйига бориб келиш мавзуси ҳақида суҳбатлашамиз. Хўш, келин қачон уйига бориб келиши керак? Келин туширганингизга ҳам 15 кун… бир ой бўлди. Оилада оилавий танишувлар ҳам ўтди. Лекин ҳали келиннинг ўзи ота-онасини кўриб келгани йўқ. Сезиб турибсиз, у ота уйини соғинган. Ўзи айтолмаса-да, рухсат бердингиз. Албатта, келин гарчи ўз ота-онасиникига кетаётган бўлса ҳам, ҳурмати билан бориб келиши керак. Чунки у энди сизнинг қизингиз, хонадонингизнинг бир аъзоси сифатида меҳмонга бораяпти, бирортангиз ёнига ҳамроҳ бўлинг. Келин уйига бориб келди. Шу келишида бирор иши сизга ёқмай қолди, дейлик. Зинҳор-базинҳор кўнглингиздан кечган арзимас хираликни унга сездирманг. Ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, айрим қайноналар келиннинг ота-онасиникидан олиб келган нарсасига қаттиқ эътибор беради. Шундай келинни билардим. Рўзғордаги ҳамма юмушларни тиндириб-тинчитарди. Ўзи қўли гул чевар, каттаю кичикнинг кийимларини тикарди. Пазандачилиги, чаққонлиги, зийраклигига гап йўқ. Лекин ота-онасининг қўли юпқа, камбағалроқ эди. Келин қачон уйига бориб келса, қайнонаси у олиб келган нарсаларни менсимасди. Аксинча, кичкина келин уй ишларига уқувсиз, эрка бўлса ҳам, ота-онасиникидан яхшироқ нарсалар кўтариб келгани учун ҳар доим тили узун, айтгани айтган эди. Маслаҳатим, шундай қайноналар тоифасига кириб қолманг. Ота-она ўз фарзандидан ҳеч нарсани аямайди. Биласиз, келинингиз уйидан нимадир кўтариб келган. Нарса, буюм инсоннинг кўнглидан азиз эмас. Шунинг учун ҳақингиз кетмайди, қудангиз бериб юборган нарсаларни озгина мақтаб қўйсангиз. Шундагина келиннинг сизга меҳри ортади. Бир келинга жуда ҳавас қилардим. У қаерга бормасин, худди ишхонада белгилангандек мажлисга келгандек, соатига қараб шошиб турарди: «Хўжайиним фалон соатда уйда бўлгин деганлар». Ҳатто қўни – қўшниникига ҳам вақтни белгилаб чиқарди. Ота – онасиникига ҳам мавриди, фурсати билан борарди. Шу келиннинг уйи ҳамиша ярақлаган, болалари озода, тарбияли… Ўзи ҳам қушдек енгил эди. Сиз ҳам келинингизни шунга ўргатсангиз, икки томонгаям яхши. Ўз-ўзидан билиб, қизи келиши билан тезда бирон иссиқ таом тайёрлаб, сўнг «қизим энди уйингга борақол», дейдиган, қизнинг кўнглида қайнонасига, янги хонадонда куёвига нисбатан меҳр-муҳаббатни кучайтириб кузатадиган мулоҳазали ота-оналар жуда кўп. Баъмани, мулоҳазакор оналар ўзларининг ҳам, қизларининг ҳам шаънини ўйлаб, қудаларининг ҳурматини жойига қўйиб, шундай йўл тутадилар. Аммо: «Бир келиб қолибсан, яна озгина ўтирсанг, осмон узилиб ерга тушармиди?» — деган фикр билан қизини олиб қоладиганлар ҳам афсуски йўқ эмас. Бундай оналар ва келиннинг уйига бориб келиши ҳақидаги суҳбатимизни кейинги сафар давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top