Азиз тингловчилар, биз аёллар хақида қанча кўп гапирсак хам мавзуларимизнинг сони асло камаймайди. Аёл бу она, рафиқа, опа, сингил, амма, холла, буви, ва қайнона хамдир. Уларнинг хар бири ва вазифаси хақида соатлаб гаплашиш мумкин. Аммо биз бугун айнан қайноналар мавзусини танладик. Атрофингизга қарасангиз, жуда кўп оилаларнинг бузилиб кетишига, оилада қайнона келин муносабатларнинг ёмонлиги сабаб бўлаётганини кўрасиз. Агар хар бир томон худбинлик қилмай, ўз вазифасига виждонан ёндашса оилаларнинг бузилиш холатлари камайган бўларди. Шунинг учун хам азиз қайноналар, бизнинг сухбатимиз ва маслахатларимиздан асло ранжиманг. Бу фақат сизнинг фойдангиз ва ўғлингизнинг келажаги учундир. Агар бизни тинглашга рози бўлган бўлсангиз эътиборингизга қуйидаги маслахатларни хавола қиламиз. Келинингизни ўз болангиздан устун кўриб, “қизим-қизим»лаб мехр кўрсатинг. Уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатинг, айбу-хатоларини яширинг. Муқаддас Каломлардан бирида шундай ёзилган: «Бошқаларнинг сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, сиз хам уларга шундай муносабатда бўлинг.” Шундай экан агар сиз келинингиз билан яхши муносабатда бўлишни истасангиз, аввало ўзингиз унга ўрнак бўлинг. Келин билан ўғлингиз муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига харакат қилинг. Келинга ўғилни, ўғилга эса келинни мақтанг. Асло шикоят қила кўрманг. Фарзандларингиз олдида келиннинг шаънини ва обрўсини кўтаришга харакат қилинг, чунки оилада бошқаларнинг келинга муомаласи сизга қараб бўлади. Эр-хотин ғижиллашиб ёки урушиб қолса, сиз келиннинг тарафини олинг. Чунки ўғил ўзингизники гапингиз оғир ботмайди, аксинча ўша пайтда келинга айтган бир оғиз қаттиқ гапингиз можарони кучайтиради. Мумкин қадар уларнинг муносабатларини яхшилашга харакат қилинг. Ёш келинг ота-онасини соғиниб қолса, даров рухсат беринг. Чунки янги келинликда унинг бошқа хонадонга кўникиши, яқинларидан узилиб қолиши анча қийин кечади. Кейинчалик ўзидан ортиб кунда боравермайди.
Келинингиз олдида бошқа келинларнинг хуснини, кийим ва тақинчоқларини, эпчиллиги ва эплилигини, ўзга қудаларнинг сарф-харажатларини асло мақтаманг, чунки уни камситган, озор берган бўласиз. Фақат бошқаларнинг одоби, муомаласини ибрат қилиб кўрсатишингиз мумкин. Келиннинг хизматидан, овқатидан, юриш-туришидан айб топаверманг. Айби бўлса ўзига малол келмайдиган қилиб айтинг. Агар ўғлингиз хотинига совға олиб келса: «Нега менга ёки синглингга қўшиб олиб келмадинг?”, деб жанжал чиқаришга шошилманг. Аксинча хотини билан муносабатлари яхшилигидан қувонинг. Қайноталар келин олиш харажатларини қилган, шунинг учун кўпинча келиннинг ёнини олиб мақтаб туришади. Бундан сиз ғайирлик қилманг. Хеч қачон келиним ёмон чиқиб қолди, ўғлимни қайта уйлантираман, деб ўйламаслик керак. “Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан қилич қинидан чиқади”.
Қолаверса, яна тўй қилиш учун қанча харакат ва харажат керак бўлади. Ха, мухтарам онажон ва опахон, қайноналикнинг иши мушкул. Ўзга бир хонадонда, бегона бир мухитда ўсган қизни ўз оилангиз аъзоси, ўз болангизга айланиши учун, ўғлингиз билан бахтли хаёт кечириши учун сиздан анча-мунча бағрикенглик, кечиримлилик, мехр-мухаббат талаб қилинади. Шундай қилсангиз оилангизга тинчлик, тотувлик, файзу барака, фароғат ошён қуради.